Миллиард сўмга замонавий аппаратлар
- Киши кўзи билан атроф-оламга фақат қарайди, мияси орқали эса уни кўради. Ахборотнинг тўқсон фоизи кўз орқали қабул қилинишининг ўзиёқ кўзнинг қанчалик аҳамиятли эканлигини англашимизга ёрдам беради. Юртимизда кўз касалликларини эрта аниқлаш ва самарали даволашда жаҳоннинг илғор тажрибалари кенг қўлланилмоқда. Вилоятимизда ҳам аҳолига офтальмология соҳасида кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдами сифатини яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жорий йилда шифохонамизга 1 миллиард 100 миллион сўмлик маблағ ҳисобидан компьютер томограф, факоэмульсификатор ва лазер аппаратлари олиб келингани жуда катта имконият бўлди. Ушбу аппаратлар ёрдамида энди ўзимизда жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
Қайси касалликлар кўп учрайди?
- Кўзнинг оптик қисми бор. У ташқаридан тушадиган нурни қабул қилувчи - гавҳар, шох парда ва шишасимон тана. Улар ташқаридан тушадиган нурни синдириб, кўз орқасидаги тўр пардага тушириб беради ва кўзимиз 100 фоиз кўра бошлайди. Агарда улардан биттасида зўриқиш ёки туғма нуқсон кузатилса, кўриш қобилияти паст бўлади.
30 фоиз ҳолатда одамларда туғма ёки наслий касалликлар, шунингдек, кейинги даврларда катаракта, томир тизими касалликлари, диабетик ретинопатия каби кўз нуқсонлари кўп учрамоқда. Шу билан бирга, кўз касалликлари яшариши кузатилмоқда.
Шифохонамизда айни пайтда кунига 120 қатновга мўлжалланган консультатив-диагностика поликлиникаси, 85 ўринли стационар, жарроҳлик, замонавий лаборатория ва марказлашган стерилизация бўлимлари фаолият юритмоқда.
Яна бир гап. Кейинги йилларда кўз қуриши синдроми кўпаймоқда. Бунга сабаб, телефон ёки компьютерда кўп ишлаймиз. Баъзида диққатимиз ошиб кетганидан кўзларимизни пирпиратиш ҳам эсимиздан чиқади. Аслида қовоқ бир дақиқада 100 марта очилиб, ёпилиш керак. Қаттиқ тикилганда бу вазифа 50 марта бажарилади. Кўз очиқ қолгандан кейин шиллиқ қаватни компьютер нури куйдиради. Бунинг олдини олиш учун киши ҳар 20 дақиқада кўз машқларини бажариши лозим.
Эътиборсизлик - оғир хасталикларга сабаб бўлади
- Глаукома (кўз ичида босим ошиши) ўз вақтида даволанмаса, кўриш қобилиятининг тикланмайдиган даражада пасайиши, ҳаттоки кўрликка олиб келади. Унга ҳеч қандай даво йўқ. Гемофтальм (кўзга қон қуйилиши) касаллигида ҳам беморларни даволаш орқали бир неча фоизгина кўришига эришиш мумкин, холос. Ретинобластома (кўз ичида ўсма) кам тарқалган бўлса-да, батамом хавф солмайди, деёлмаймиз. Баъзида хасталик чақалоқлик давридан бошланиб, 2-3 ёшга келибгина сезилади. У кўпроқ 6 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Асосий белгилари - кўз қорачиғининг ғайриоддий равишда ялтираб-ёниши, кўриш қобилияти пасайиши натижасида ғилайлик пайдо бўлишидир. Ретинобластоманинг бу тарздаги дастлабки симптомлари намоён бўлди дегунча, болани зудлик билан шифокор кўригидан ўтказиш лозим.
Рақобат - изланиш ва интилиш демакдир
- Бугун барча соҳалар қатори тиббиётда ҳам рақобат муҳити юзага келмоқда. Яъни соҳада хусусий сектор ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоятимизда ҳам кўз касалликларини даволашга мўлжалланган бир қатор хусусий муассасалар фаолият кўрсатаяпти. Бунинг аҳоли учун ҳам, шифокорлар учун ҳам афзал жиҳатлари кўп. Чунки рақобат муҳити доимий изланишга, интилишга ундайди. Зеро, ҳар биримизнинг саломатлигимиз ўз қўлимизда экан, бизни олам билан бирлаштираётган кўзларимизни асрайлик.
47 йиллик меҳнатнинг эътирофи
- Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан мукофотланганим 47 йиллик меҳнатимнинг эътирофи, қадрланиши, рағбати бўлди. Инсонларнинг кўз нурини асрашга қаратилган фаолиятимизни янада масъулият ва шижоат билан давом эттирамиз. Мукофот нафақат мени, балки бутун жамоамизни шунга ундади.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.
Муаллиф олган сурат.