ИШ СУДГАЧА БОРДИ
Ғузор тумани Янгикент қишлоғилик Р.Чоршанбиев 2008 йилнинг январь ойида ўз хонадонини газ тармоғига улаб, абонент сифатида туман газ идорасида рўйхатга олинган. Шундан сўнг у 2015 йилнинг декабрь ойига қадар табиий газ таъминотидан фойдаланиб келган.
Бироқ ўша йилнинг 18 декабрь санасида унинг хонадони газ тармоғидан узиб қўйилган. Аҳамиятли томони, у бу ишни туман газ идораси назоратчиларини чақириб, уларнинг иштирокида амалга оширган. Фуқаронинг газ таъминотидан ажратилгани ҳақида хизмат кўрсатувчи корхона мутахассислари иштирокида далолатнома ҳам тузилган. Ўша вақтда фуқаронинг истеъмол қилинган табиий газ учун 1 миллион 721 минг 301 сўм тўланмаган қарзи мавжуд бўлган. У бу қарзни 2016 йилнинг январь ойидан сентябрь ойига қадар бўлиб-бўлиб тўлаган. Қўлида тўловни амалга оширганлиги ҳақида квитанциялар ҳам мавжуд. Қарангки, фуқаро барча қарзларни тўлаб, бу ишидан мамнун бўлиб юрган бир пайтда яна газ идорасидан бир ярим миллион сўмга яқин қарзи мавжудлиги, тўловни амалга ошириши кераклиги ҳақида унга хабарнома келган.
Фуқаро бу ҳақда туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди ва мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар истеъмолчи манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судига даъво аризаси сифатида киритилди.
Ҳужжатларга кўра, фуқаро газ таъминотидан ажратилиб, бу ҳақда тегишли далолатнома расмийлаштирилган. Бироқ далолатномани тузган мутахассислар уни белгиланган тартибда қайд этиб, ушбу фуқарони абонентлар сафидан чиқаришни “унутиб” қўйишган экан.
Суд Р.Чоршанбиевнинг аризасини қаноатлантириб, “Ғузортумангаз” идорасига ушбу истеъмолчига ноқонуний равишда қўлланилган жами 1 миллион 456 минг 590 сўм нореал қарздорликни “Биллинггаз” дастуридан чиқариш мажбуриятини юклади.
КИМСАСИЗ УЙДА ГАЗНИ КИМ ИШЛАТГАН?
Мубораклик Э.Жўраев оиласи билан туман марказида истиқомат қилади. Туманнинг Хитой қишлоғида жойлашган яна бир уйида эса 2009 йилдан буён ҳеч ким яшамайди.
Айни шу сабабга кўра, у 2009 йилнинг май ойида туман газ идорасига ариза билан мурожаат этиб, мазкур хонадоннинг табиий газ таъминотини тўхтатиб қўйдирган. Ўтган йиллар мобайнида ушбу хонадонда ҳеч ким яшамаганини қўни-қўшнилар, маҳалла фаоллари ҳам таъкидлашади, бироқ “Муборактумангаз” корхонаси назоратчилари эмас. Хонадон газ тармоғидан узилган бўлса-да, уни тегишли базадан чиқариш идора назоратчиларининг хаёлига келмаган ёки бунга атай эътиборсизлик билан қарашган. Уларнинг бу хатоси истеъмолчига қимматга тушган. Чунки тўлов ойма-ой ҳисоблаб борилган.
Натижада Э.Жўраев зиммасига 2 миллион 199 минг сўм асоссиз қарздорлик ёзилган ва бу пуллар ойма-ой унинг иш ҳақидан ушлаб қолина бошланган.
Э.Жўраевнинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатидан сўнг муаммо ўрганилиб, бу борада тегишли ҳужжатлар тўпланди ва жамият томонидан истеъмолчи манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан истеъмолчининг иш ҳақи ҳисобидан нореал қарздорлик учун ундирилган 2 миллион 199 минг сўм тўловни истеъмолчига қайтариш мажбурияти “Муборактумангаз” идораси зиммасига юклатилди.
НОҚОНУНИЙ УШЛАБ ҚОЛИНГАН НАФАҚА ҚАЙТАРИЛДИ
Косон туманилик Қ.Ўринов эса туман электр тармоқлари корхонасининг ноқонуний ишларидан норози бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳудудий бўлимига ариза билан мурожаат этган.
Фуқаронинг ўз аризасида билдиришича, хизмат кўрсатувчи ташкилот унинг хонадонида фойдаланилган электр энергияси учун тўловни ойма-ой истеъмолчининг нафақасидан ушлаб қолган. Бироқ хонадонда электр энергиясидан кўп фойдаланилмагану, ушлаб қолинган пул миқдори ошиб кетган. У бу ҳақда туман электр таъминоти корхонаси ходимларига тушунтириб, нафақасидан бошқа ушлаб қолмасликни сўраган, бироқ улар бунга парво қилишмаган. Фуқаронинг ортиқча ушлаб қолинган пулларини қайтаришни сўраб қилган мурожаатлари ҳам эътиборсиз қолдирилган. Шундан сўнг фуқаро масалага қонуний ечим топишни истаб, ариза йўллаган.
Ўрганишлар давомида ойдинлашдики, ушбу хонадонда электр энергиясидан қарздорлик мавжуд бўлмаса-да, асоссиз қарздорлик ҳисобланиб фуқаро нафақасидан 360 минг сўм маблағ ортиқча ундирилган. Якунда хизмат кўрсатувчи ташкилот бу пулларни истеъмолчига қайтариб берди.
БИЛСА ХАТО, БИЛМАСА ЧИН
Косонлик И.Ҳайитов истеъмолчи сифатида ўз бурчини тўлиқ бажаришга ҳаракат қилган. Унинг ҳатто тўловни олдиндан амалга ошириб келгани эътиборга молик. Бунинг учун хизмат кўрсатувчи ташкилот унга раҳмат айтиб қўйса арзирди. Бироқ уларнинг миннатдорчилиги бошқачароқ бўлди.
Одатий кунларнинг бирида И.Ҳайитовга фойдаланилган табиий газ тўловидан қарзи йўқлиги ҳақида маълумотнома керак бўлиб қолади. У бунгача 966 куб метр табиий газ учун тўловни олдиндан амалга оширган, хонадонидаги газ ҳисоблагичининг кўрсаткичлари эса истеъмол қилинган табиий газ ҳажми 761 куб метр эканлигини кўрсатиб турарди. Демак, ҳали 205 куб метр ортиқча газ учун олдиндан тўлови мавжуд. Шу боис кўнгли хотиржам тарзда “Косонтумангаз” филиалига мурожаат этиб, тегишли маълумотномани ёзиб беришларини сўрайди. Унинг абонент картасини кўрган ушбу идора мутахассислари эса И.Ҳайитовга 78 минг 639 сўм қарзи мавжудлиги, уни тўлаганидан сўнг маълумотнома беришини маълум қилишади.
Истеъмолчи ҳайрон эди, ахир газ ҳисоблагичининг муҳри бузилмаган, белгиланган нарх бўйича ҳисоблаб кўрилса, унинг олдиндан ортиқча тўлови мавжуд. Бироқ масъуллар буни тушунишни исташмайди. Охири у туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.
Фуқаро мурожаати туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва туман газ филиали мутахассислари иштирокида ўрганилди. Натижада ҳақиқатан ҳам истеъмолчининг ҳали олдиндан тўлови мавжудлиги, асоссиз қарздорлик эса ҳудудга тайинланган газ идораси назоратчиси томонидан йўл қўйилган хато натижаси эканлиги аён бўлди. Истеъмолчи томонидан ортиқча тўланган маблағ филиал базасига киритилди ва асоссиз қарздорлик истеъмолчи ҳисобидан чиқарилди.
КВИТАНЦИЯСИ БОР, ЎЗИ ЙЎҚ ТЎЛОВ
Қамашилик У.Мисиров ўз хонадонига янги электр ҳисоблагич ўрнаттирган. Бу вақтда унинг аввал фойдаланилган электр энергияси сарфи учун 978 минг сўм қарздорлиги мавжуд эди.
Фуқаро бу қарздорликни маоши ҳисобидан тўлаб беришни сўраб, ўзи ишлаётган фермер хўжалиги раҳбарига мурожаат қилган. Раҳбар бунга рози бўлиб, айтилган пулни таъминотчи корхона ҳисоб рақамига ўтказиб берган.
Мавжуд қарздорликдан қутулиб, руҳан енгил тортиб юрган истеъмолчи хонадонига яна назоратчилар келиб, электр энергиясидан бир миллион сўмга яқин қарзи мавжудлигини айтиб, уни тўлашини талаб қилади. У тўлов амалга оширилганини тасдиқловчи квитанцияни кўрсатганида эса бу маблағ компьютерда йўқлигини рўкач қилишган.
Хуллас, истеъмолчи ҳолатга аниқлик киритиш учун анча сарсону саргардон бўлган. Фермер хўжалиги ҳисоб рақамидан кўчирилгани аниқ, банк ҳам буни тасдиқлайди, фақат туман электр таъминоти корхонасига келганда, пуллар қаергадир йўқолиб қолаверади. Ушбу идорадаги ходимлар учун эса муаммонинг сабабини излашдан кўра, истеъмолчидан қарзни тўлашни талаб қилиш осонроқ.
Фуқаронинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатидан сўнг ўтказилган ўрганишлар давомида ҳолатга ойдинлик киритилди. Маълум бўлишича, фермер хўжалиги томонидан амалга оширилган тўлов корхонанинг ҳисоб рақамига келиб тушган, аммо истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилмасдан қолиб кетган. Ҳозирда ушбу сумма таъминот корхонаси компьютер базасига киритиб берилди ва истеъмолчи асоссиз қарздорликдан қутулди.
* * *
Ушбу ҳолатларнинг бугун ҳам учраётгани аввалги қилинган ноаниқ ҳисоб-китоблар, тизимда йўл қўйилган талон-торожу ўзибўларчиликларнинг асорати, десак тўғри бўлади. Бугун тўлов интизомини мустаҳкамлаш борасида қатор ижобий ишлар қилинаётган, зарур ҳолатларда қатъий чоралар қўлланаётган бир пайтда ана шу асоратнинг яшириниб, тўғрироғи кўринмай ётганлари ҳам юзага чиқаяпти. Ахир интизомли тўловчи шу пайтгача ўша таъминот корхоналарининг масъулларини ҳам интизомли санаб юрганда...
Ж.БОЙМУРОДОВ