Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдуқаюм МАҲКАМОВ

05.12.2018


КОНСТИТУЦИЯ - АДОЛАТ МЕЗОНИ

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, "Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда".

Миллий давлатчилигимизнинг чуқур тарихий илдизи, миллатимизнинг бой маънавий негизи ва дунё мамлакатларининг конституционализм амалиётини жорий этишдаги илғор тажрибасига асосланган Асосий қонунимиз мана йигирма олти йилдирки, барқарор тараққиётимизнинг ҳуқуқий асоси, таянчи бўлиб келаётир.

Унинг аҳамияти шундаки, мустабид тузумнинг мафкуравий ақидаларидан қандай халос бўлиш, инсонпарвар жамиятни барпо этиш ва халқимизнинг муносиб фаровон турмушини яратиш, бунинг учун эса нафақат Ўзбекистонда ёки минтақамизда, балки бутун дунёда тинчликни сақлаб қолиш, барқарор тараққиётимиз, ҳудудий ва этник яхлитлигимизни асраш, дахлсизлигимизни таъминлаш йўлларини кўрсатиб берди.     

Конституциямизда инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари энг устувор қоидалар сифатида берилганининг ўзи давлатимиз умуминсоний қадриятларга нақадар содиқ эканлигидан далолатдир. Хозирги кунга келиб, мамлакатимиз инсон ҳуқуқларига доир 60 дан зиёд халқаро ҳужжатларга қўшилгани, БМТ томонидан мазкур соҳада қабул қилинган асосий халқаро шартномалар қатнашчиси эканлиги фикримизни яна бир бор тасдиқлайди. Бу йил 70 йиллиги нишонланаётган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳужжатларда баён қилинган ҳуқуқ нормалари миллий қонунчилигимизга, аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва шу соҳага дахлдор 200 дан ортиқ миллий қонунларимиз орқали имплементация қилиб келинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Бош қомусимиз жаҳондаги ҳар қандай илғор давлат конституцияси билан бемалол беллаша оладиган, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир.

Маълумки, давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбурияти демократик давлатнинг ўзига хос белгиси ҳисобланади. Конституциявий нормаларда нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, балки уларни таъминлаш бўйича давлат идораларининг мажбуриятлари ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, 7-моддада Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб, Конституция ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Асосий Қонунимизнинг 11-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими умумэътироф этилган, тажрибада синовдан ўтган демократик усулга, яъни ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципига асосланади. Мазкур ҳокимият шаклларининг тамомила ажратилганлиги, мустақиллиги, бир-бирига босим ўтказиш эҳтимолига қатъий чек қўювчи ҳоллар ҳам Конституцияда белгилаб қўйилган.

Шу жумладан, суд ҳокимияти қуйидаги конституциявий меъёрларга асосан мустақил ва дахлсиздир: "Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади"; "Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар, судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади"; "Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади".

Ҳокимиятнинг мазкур уч шакли Конституция ва қонунлар устуворлигини сўзсиз эътироф этиш асосида фаолият кўрсатади ва демократиянинг қуйидаги асосий принципига риоя этиш шарт: "Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас".

 Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳуқуқий давлат, фуқаровий жамиятга олиб борувчи яна бир жиҳати ОАВнинг жамият ҳаёти, ижтимоий-сиёсий тараққиётидаги фавқулодда муҳим роли ва аҳамияти билан боғлиқ. Демократик, фуқаровий жамиятнинг муҳим тамойилларидан бири оммавий ахборот воситалари амалда "тўртинчи ҳокимият" вазифасини бажариши, давлат ва жамият тараққиётининг ижобий томонлари, ютуқларини объектив баҳолаб ва қадрлаб тарғиб этиши, салбий ҳодисаларни, тўсиқларни очиб ташлаб, уларни бартараф этишга эътиборини қарата олиши лозим.

Биз интилаётган демократик жамиятнинг истиқболи, биринчи навбатда, демократик қадриятлар ҳар биримизнинг қалбимиз ва онгимиздан қай   даражада чуқур ўрин олишига, бу қадриятларнинг нечоғлик асраб-авайланиши ва келажак авлодларга етказилишига бевосита боғлиқдир.  Бу борада Президентнинг "Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида"ги фармойиши муҳим аҳамият касб этиб, унинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган тадбирлар фуқароларнинг ҳуқуқий онги, маданияти ва тарбиясини оширишга, фуқароларнинг Конституция ва қонунларни ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Конституциямиз - адолат мезони, бироқ ундаги ҳар бир модда талабининг бажаралиши аввало барчамизнинг фаоллигимизга, ҳуқуқий онгимиз ва маданиятимиз даражасига боғлиқ. Шу боис, мамлакатимиз тараққиётининг муҳим кафолати сифатида Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш, унинг нормаларига қатъий риоя қилиш ҳар биримиз учун муҳим вазифа эканлигини ҳис этмоғимиз даркор.

Абдуқаюм МАҲКАМОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси

Report typo