Тараддуд
8 декабрь - Конституция кунига бағишлаб юртимизнинг ҳар бир ҳудудида Конституция сайиллари уюштирилиб, туман ва шаҳар марказларида "Конституция кўчаси" ташкил этилади, мавзуга доир оммавий умумреспублика диктанти ва умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилади.
Жорий йил 16 ноябрда давлатимиз раҳбари "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги фармойишни имзолади. Мазкур ҳужжат Асосий қонунимиз қабул қилинган тарихий санани муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлашга қаратилган бўлиб, Конституцияда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида фуқароларни жипслаштириш, "Конституция - халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш каби мақсадларни кўзлайди.
- 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди, - дейилади фармойиш матнида. - Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
Ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури ҳамда тегишли ташкилий қўмитанинг таркиби тасдиқланди. Дастур доирасида, юқорида қайд этилганидек, туман ва шаҳар марказларида "Конституция кўчаси"ни ташкил этиб, унда 5-8 декабрь кунлари Асосий қонунимиз яратилиши, такомиллаштириш босқичларини ифода этадиган "Конституция тарихи" бурчаги ва фотокўргазмаси, Конституцияни ўргатиш бўйича замонавий методика асосида тайёрланган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва махсус адабиётлар кўргазмасини уюштириш назарда тутилган. Тарғибот ва кўргазмали баннерлар билан безатиладиган бундай кўчада конституциявий ҳуқуқлар бўйича суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бурчаклари ҳам ташкил этилиб, уларга кўргазмали материаллар жойлаштирилади.
Яна бир кўргазмали материаллар бурчагида болалар ва ёшларга Конституцияда белгиланган нормаларнинг мазмун-моҳияти очиб берилади. Бундан ташқари, "Конституция кўчаси"да мавзуга оид турли кўнгилочар тадбирлар, куиз (ўйин шаклидаги қисқа тест) ва челленжлар (одатда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан бошқаларни ҳам шунга ундаш учун бажариладиган мушкул вазифа ёки антиқа саъй-ҳаракатлар) ҳамда фуқароларнинг Конституцияга оид билимларини синовдан ўтказиш бўйича викториналарни уюштириш, ғолибларни Конституция китоби ва Конституция рамзи туширилган маҳсулотлар билан тақдирлаш ҳам мўлжал қилинган.
Дастурга кўра, Конституция куни муносабати билан 7 декабрда юртимиздаги маҳаллаларда ва мактаблар ҳовлиларида давлат байроғини кўтариш маросими бўлиб ўтади, унда Конституциядаги бирдамлик ғоялари ифодаланган саҳна кўринишлари, шеър ва ашулаларни ўз ичига олган тадбирлар ташкил этилади.
Конституция ҳафталиги доирасида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида концерт тадбирлари ва оммавий Конституция сайиллари ўтказилади. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Адвокатлар палатаси, шунингдек, "юриспруденция" таълим йўналиши мавжуд бўлган олий таълим муассасалари ходимлари иштирокида республика "Заковат" интеллектуал турнири, ҳарбий қисм ва бўлинмаларда тантанали сафланиш тадбирлари уюштирилади. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, маҳаллий ҳокимликларда, умумий ўрта ва ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида, маҳаллаларда, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат ташкилотларида "Менинг Конституциям 31 ёшда" шиори остида "Менинг Конституциям ва давлат тилим" мавзусида оммавий умумреспублика диктанти ташкил этилади. Адлия вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Тошкент давлат юридик университети масъуллигида ихтиёрий бўлган умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилади.
Ҳафталик доирасидаги яна бир қатор муҳим тадбирлар мамлакат парламенти ва сиёсий партиялар томонидан ташкил қилинади. Масалан, Олий Мажлис палаталарида сана муносабати билан ўтказиладиган "Очиқ эшиклар куни"да фуқаролар учун Қонунчилик палатаси ва Сенат биноси бўйлаб экскурсия, мажлислар зали ва музей, кутубхона, депутат ва сенаторларнинг фаолияти билан таништириш уюштирилади. Сиёсий партиялар эса ўз дастурларининг устувор йўналишларига мос бўлган Конституциянинг тегишли нормалари мазмун-моҳиятини очиб беришади. Ички ишлар органларида, ўз навбатида, Конституция куни 16 ёшга тўладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ID-карталар топширилади.
Ҳар доимгидек, "Конституция ҳафталиги" доирасидаги тадбирларнинг кўп қисми таълим ташкилотлари ва илмий жамоаларда бўлиб ўтади. Конституция дарслари, Асосий Қонунимиз қоидалари ва тамойилларини ўрганиш бўйича олимпиада, "Халқ Конституцияси", "Конституция - бахтимиз қомуси", "Конституция - келажагим машъали" мавзуларида расмлар ва иншолар танловлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирокидаги "Конституцияни ўрганамиз", "Конституция - адолат тантанаси" мавзуларида учрашувлар, очиқ мулоқотлар, ҳуқуқий-маърифий тадбирлар шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, сана арафасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Конституция кунига бағишланган ёшлар конференциясини ҳамда талабалар, магистрлар, тадқиқотчилар, таянч докторантлар ва докторантлар ўртасида "Янги Конституция - тараққиёт қомуси" мавзусида илмий мақолалар танловини ташкил этишни режалаштирган.
8 декабрь арафасида жойларда спорт марафонлари (югуриш, марш) ва мусобақаларини (волейбол, футбол, шахмат ва бошқа турлар бўйича) ҳам уюштириб, жаҳон, Осиё ва Олимпия ўйинлари ғолиблари, иштирокчилари билан учрашувларни ташкил этиш кўзда тутилган.
Шундан англаш мумкинки, умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинганидан сўнг илк бор ўтказиладиган Конституция кунини ҳар доимгидан-да кенг миқёсда ва юқори савияда нишонлашга ҳозирлик кўрилмоқда.
Ўз мухбиримиз