Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

26.12.2016


КОНСТИТУЦИЯ – МИЛЛАТ ИШОНЧИ ВА ҲИМОЯСИ ТИМСОЛИДИР

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллиги муносабати билан Бош қомусимизнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти, маъно-мазмуни ва моҳиятини янада кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилаётган ҳуқуқий тарғибот ойлиги доирасидаги мазкур тадбирда вилоятимиздаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшлар билан бир қаторда диний экстремистик оқим таъсирига тушиб қолган оилалар фарзандлари иштирок этди.

Маълумки, ҳар қандай мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти қонунлар билан тартибга солинади. Барча қонунлар тизимини бир бутун иморат деб билсак, Конституция унинг пойдеворидир. Иморатнинг мустаҳкамлиги эса, биринчи навбатда, пойдеворга боғлиқ. Қайси мамлакатда қонун устувор бўлса, ўша мамлакатда тинчлик ҳукм суриб, тараққиётга, юксалишга эришилади.

Шу маънода мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йилларида эришган барча ютуқ ва марралари, иқтисодиётдаги улкан суръатлар билан ўсиш, тинч ва осойишта ҳаётимиз, аввало, Конституциямизнинг ҳаётбахш қудрати ва салоҳиятини, унда мужассам бўлган принциплар, қоида ва нормаларнинг нақадар чуқур ўйлангани, ҳар томонлама мустаҳкам асосга эга эканини яққол намоён этади.

Тадбирда ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилиб, Бош қомусимизнинг ҳаётимизда тутган ўрни ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтириб берилди. Қарши давлат университети ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабалари томонидан она Ватанни мадҳ этувчи, Конституциямиз аҳамияти ва моҳиятини очиб беришга қаратилган саҳна кўринишлари намойиш қилинди. Вилоятимизнинг таниқли хонандалари ва пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар чиқишлари, тақдим қилинган бадиий ва оммабоп китоблар иштирокчиларга янада кўтаринкилик улашди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Report typo