- Тоға, виждон дегани Конституциями?
Дабдурустдан берилган бу саволга қандай жавоб қилишни билмай, аввал бироз ўйланиб қолдим. Кейин обдон мулоҳаза қилиб кўриб, юрагим ҳапқириб кетди ва жавоб қилдим:
- Ҳа, Конституция – виждон, халқнинг виждони. Анзират буви қишлоқнинг виждони бўлиб, унинг панду насиҳатлари, ўгитлари қишлоқдошларини яхшилик сари етаклаган бўлса, Конституция меъёрлари бутун халқни эзгулик, яхши амаллар томон, бунёдкорлик, тараққиёт, дориломон кунлар сари етаклайди...
Жияним балки менинг сўзларимни англамаган бўлиши мумкин. Лекин бу бор гап.
Мисол учун, бундан 25 йил илгари қабул қилинган Бош қонунимиз туфайли юртимизда Анзират буви каби эзгулик истовчиларнинг барча орзулари ушалмоқда. Буви, бобо, ота-оналар болаларини “профессор бўлади”, деб ният қилдими, албатта профессор бўлаяпти. Чунки Конституциямизда ёшларнинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етишларига катта аҳамият қаратилган. “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади”. Бу каби меъёрларнинг ижросини таъминлаш мақсадида юртимизда минглаб замонавий мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари барпо этилди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, мусиқа ва санъат мактаби каби кўркам ва муҳташам шу турдаги иморатларни юртимизнинг исталган жойида учратасиз.
Конституциямиздаги меъёрларнинг ҳаётдаги рўёби туфайли бугун Анзират буви орзу қилган минглаб кўприклар қурилмоқда, минглаб километр йўллар барпо этилаяпти. Амударё узра автомобиль ва темир йўл қатнови учун мўлжалланган замонавий кўприкни ўз ичига олган Навоий-Учқудуқ-Султон Увайстоғ-Нукус комплексини айтинг, “аср мўъжизаси” дея ном олган ноёб иншоот – Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линиясини, Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда узунлиги 19,2 километр бўлган Қамчиқ туннелини айтинг...
Юртимиз улкан бунёдкорлик майдонига айлангани Конституциямизда кўзланган мақсадларнинг амалдаги рўёби бўлмоқда. Қиймати ақлни шоширадиган лойиҳалар бунёдкорлик кўламидан дарак.
Энди бизнинг болаларимиз Анзират бувининг набираларига ўхшаб кунда-кун-ора Холматнинг ойнасини синдиришмайди. Чунки бизнинг болалар чанг кўчада, бировнинг дарвозаси тагида тўп тепишига ҳожат қолмаган. Конституциямизга асосланиб яратилган қонун ҳужжатлари билан болаларимизга жисмоний тарбия ва спорт соҳасида барча имкониятлар яратиб берилмоқда.
Биргина ўзим яшайдиган туманни олайлик. Ҳудудда мустақиллик йилларида болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, спорт мажмуаси, Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури асосида 7 та, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобидан 12 та спорт зали, Мирмиронда 2 та, Дашт, Қоратепа, Лаганди, Қорақуччи қишлоқларида 1 тадан мини-футбол майдончаси янгидан бунёд этилди. Равот маҳалласида катта спорт мажмуаси қад кўтарди. Бешкент марказий ва Талликўрон стадионлари қайта таъмирланиб, юзлаб ўйингоҳлар барпо қилинди. Мунтазам ва соғломлаштириш гуруҳларида 30 мингга яқин бола шуғулланмоқда. Энди бу рақамларни вилоят, республика миқёсида тасаввур қилиб кўринг. Аслида гап рақамларда эмас, лекин жуда илгарилаб кетганимиз рост.
“Уч ойдан буён касал бўлиб ётган отангни бориб кўрмабсан. Ҳатто чой ичишга пиёласи ҳам йўқ”. Энди Ҳожимуроднинг фарзандларига ўхшаганларга Анзират бувилар бундай дакки бериб юришларига ҳожат қолмаган. Чунки Конституциямиз билан инсонларнинг барча ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимояси кафолатланган. Унга кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. Ўз навбатида вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Конституциямизга кўра, магазинчи Ғайбулла каби кимсаларнинг ноинсофлик қилишига йўл қўйилмайди. Ундаги меъёрларга қатъий амал қилинаётгани боис, дарвозаларга қулф илишга эҳтиёж ҳам қолмаётгани, юртимизда тинчлик ва фаровонлик ҳукм сураётгани, жиноятчиликнинг пайи қирқилаётгани аҳамиятлидир. Бир сўз устасининг айтишича, у юртдан бу юртга юк машинасида буюмлар, маҳсулотлар ташувчи ҳайдовчилар Ўзбекистонни она қорни деб аташар экан. Чунки чақалоқ она қорнида қандай хавфсиз бўлса, ҳайдовчилар ҳам ўзларини Ўзбекистонда шундай хавфсиз сезишар ва йўлнинг исталган қисмида машинасини тўхтатиб, яхшилаб дам олиб, сўнг йўлида давом этавераркан.
Конституциямизнинг меъёрлари амалга изчил татбиқ этилаётгани боис, юртимизда тинчлик барқарор, иқтисодиёт бир маромда ўсмоқда. Одамларнинг турмуши тобора фаровонлашиб бораяпти. Янги намунавий лойиҳа асосидаги уйлар, муҳташам иморатлар, кенг ва равон йўллар барпо этилаяпти. Фарзандларимиз соғлом туғилаяпти, баркамол бўлиб вояга етаяпти. Ҳар куни ҳар бир қишлоқ, маҳалла ва шаҳримиздан ўша кинофильм сўнгидаги ҳайқириқ эшитилади: “Су-юн-чииии..!”
Бу Конституциямиз халқимизнинг виждонини ўзида ифода этганидан далолат эмасми? Ўша виждон амри билан иш тутиш бизни шундай улкан марраларга етказди. Шу боис ҳам Конституциямиз қабул қилинган кунни ҳар йили байрам қиламиз. Худди ўзимизнинг туғилган кунимиз каби катта хурсандчилик билан қарши оламиз.
Толиб ТЕМИРОВ