Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Сиёсат
  • КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАРИМИЗНИНГ БОШ МАҚСАДИ – ИНСОН ҚАДРИ, ХАЛҚ МАНФААТИНИ АМАЛДА ТАЪМИНЛАШДИР

21.06.2022


КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАРИМИЗНИНГ БОШ МАҚСАДИ – ИНСОН ҚАДРИ, ХАЛҚ МАНФААТИНИ АМАЛДА ТАЪМИНЛАШДИР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқи

Ассалому алайкум, ҳурматли комиссия аъзолари ва йиғилиш иштирокчилари!

Аввало, бугун халқимиз учун жуда муҳим сиёсий ислоҳотлар даврида сизлар билан кўришиб турганимдан мамнунман.

Қисқа вақт мобайнида Конституциявий комиссия томонидан Асосий қонунимизни такомиллаштириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Бугун сизлар билан шу борада атрофлича фикр-мулоҳаза алмашиш, устувор йўналишлар бўйича мулоқот қилиш учун йиғилиб турибмиз.

Конституциявий комиссиянинг иши, ҳеч шубҳасиз, биз олиб бораётган демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий заминини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Мен бу жараёнларни бевосита кузатиб, бир нарсага қувондим. Бошланаётган янги даврдаги ўзгаришларга фуқароларимиз бефарқ бўлмасдан, ўзлари ташаббускор бўлиб, кўплаб таклифлар бермоқда ва ислоҳотларимизни фаол қўллаб-қувватламоқда. Улардан келиб тушган ҳеч бир таклифни эътиборсиз қолдирмасдан, Асосий қонунимизни такомиллаштириш жараёнида албатта инобатга олишимиз зарур.

Бош мақсадимиз – ҳар бир юртдошимиз ушбу ҳужжатни менинг Конституциям деб фахрланадиган мукаммал даражага олиб чиқишдир.

Энди, рухсатингиз билан, бу борадаги баъзи фикрларимни баён этсам. Сўнгра ушбу муҳим масалалар бўйича батафсил фикр алмашсак, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади.

Азиз дўстлар!

Биз Конституцияни такомиллаштириш бўйича янги, ғоят масъулиятли босқичга қадам қўймоқдамиз.

Бугунги кун ҳолатига кўра, Комиссияга фуқароларимиздан 48 минг 492 та таклиф келиб тушгани ҳам конституциявий ислоҳотлар объектив ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига чиқаётганини яққол намоён этмоқда.

Конституциявий комиссия томонидан тайёрланган таклифлар чуқур муҳокамадан ўтказилди ва ҳозирда Қонунчилик палатасига киритиш босқичида. Энди қонун, регламент асосида муҳокамалардан ўтказилади.

Фурсатдан фойдаланиб, бу борадаги энг муҳим жиҳатларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Авваламбор, биз бир саволга аниқ жавоб топишимиз керак.

Нима учун айнан бугун конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати туғилмоқда?

Айрим юртдошларимиз, ҳатто баъзи олимларимиз ҳам Конституциямиз замонавий демократик талабларга жавоб беради-ку, унга ўзгартириш киритишга эҳтиёж борми, деган саволни ўртага қўймоқда.

Тўғри, Конституциямиз хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Мен 1992 йили амалдаги Асосий қонунимизни қабул қилишда иштирок этган комиссия аъзоси сифатида олдин ҳам айтганман: Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Буни ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Шу билан бирга, бугун шиддатли тараққиётнинг ўзи олдимизга қўяётган муҳим бир талабни чуқур тушуниб олишимиз зарур.

Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда.

Албатта, ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий қиёфаси тубдан ўзгарди. Олти йил олдинги халқимиз билан бугунги юртдошларимизнинг дунёқараши ўртасида катта фарқ бор.

Биз Конституциямизда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш ғоясига содиқ қолган ҳолда, кенг кўламли ишларни амалга оширдик ва бу борада катта тажриба орттирдик.

Инсоният илмий-технологик даврга қадам қўйди. Жаҳонда кескин трансформация жараёнлари ва рақобат кучаймоқда. Эртанги кунини ўйлаган халқлар ва давлатлар ўз келажаги ҳақида бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий бош қотирмоқда.

Шу ўринда табиий саволлар туғилади. Мана шундай ҳал қилувчи паллада ва келажакда давлатимизда, жамиятимизда инсоннинг ўрни ва қадри қандай? Қандай сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллар, қадрият ва манфаатлар биз учун устувор аҳамиятга эга бўлади?

Энг муҳими, конституциявий ислоҳотлар оддий аҳолига, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига нима беради?

Бу саволларнинг барчасига жавобни пухта ишланган ҳуқуқий нормалар орқали Конституциямизда акс эттириш – давр тақозосидир.

Маълумки, Асосий қонунимизнинг 12-моддасида ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги қайд этилган. Бу – ўта муҳим ва жуда тўғри белгиланган конституциявий қоидадир. Чунки ҳар қандай сиёсий партиянинг мафкураси, у қанчалик обрўли ва таъсирли партия бўлмасин, фақат муайян ижтимоий гуруҳ манфаатларини ифода этади.

Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин.

Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим.

Бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур. Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак.

Ана шундай талаблардан келиб чиқиб, қуйидаги устувор йўналишларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Биринчи йўналиш – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи.

Амалга оширилаётган барча ислоҳотларимиз марказида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам. Чунки бизнинг муқаддас динимизда ҳам, буюк алломаларимиз бой илмий ва маънавий меросида ҳам, инсон – ҳаёт гавҳари, тенгсиз мўъжиза сифатида улуғланади.

Муқаддас Қуръони каримда Аллоҳ инсонни барча мавжудотлар ичида энг азиз ва мукаррам қилиб яратгани таъкидланган.

Улуғ бобомиз Мир Алишер Навоий ҳам инсонни қийнаётган муаммолар тўғри ҳал этилиб, унинг қадри жойига қўйилса, албатта эл шод, мамлакат обод бўлади, деб ёзганлар.

Дарҳақиқат, инсон муносиб шароитда таълим-тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина, жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланади. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, ушбу тушунчалар билан боғлиқ рейтинг ва стандартларга биринчи даражали аҳамият берилмоқда.

Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим.

Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устундир.

Шу боис инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт.

Янгиланаётган Конституциямизда ушбу тамойиллар аниқ ифода этилиши, ўзининг мукаммал ҳуқуқий ечимини топиши зарур.

Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, инсоннинг қадр-қиммати аввало унинг табиий яшаш ҳуқуқида намоён бўлади. Бу – энг улуғ ва муқаддас қадриятларимиздан биридир.

Маълумки, биз ўлим жазоси тайинланадиган жиноятлар сонини босқичма-босқич камайтириб, бу жазони тўлиқ бекор қилдик. Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сурилмоқда. Ваҳоланки, демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган дунёдаги аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган. Чунки яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган.

Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан.

Шу тариқа биз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканимизни бутун дунёга яққол намоён қиламиз.

Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Президент Халқ қабулхоналарига келаётган кўплаб мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганида, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмайди. Натижада гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолади.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс эттирилган “Миранда қоидаси”ни қўллаш лозим. Яъни, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт. Ана шу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келди, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш зарур. Яъни, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас. Агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқа турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш керак. Бу ҳақдаги муҳим нормани ҳам Асосий қонунимизда акс эттиришимиз зарур.

Бундай қоидалар инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият деган эзгу тамойилга ҳар томонлама мос келади.

Эсингизда бўлса, Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маросимда яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага алоҳида тўхталган эдим. Бундай номаъқул ёндашув туфайли кўплаб ёшларимиз, малакали мутахассисларимиз айбсиз айбдор бўлиб, яқин қариндошлари содир этган қилмишлар учун жабр тортиб келаётган эди.

Нима сабабдан бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши керак? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши лозим? Бундай адолатсиз “тизим”дан энди бутунлай воз кечамиз. Чунки халқимизга нисбатан собиқ тузум даврида, айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларидаги сиёсий қатағонларнинг ўзи етарли эмасми?!

Шу боис Конституциямизга “Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас”, деб қатъий ёзиб қўйишимиз керак. Шунингдек, “Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт”, деган норма ҳам Асосий қонунимизда ўз аксини топиши зарур.

Биз жазо муддатини ўтаётганларни ҳам қайта тарбиялаб, улар соғлом ҳаётга қайтиши учун барча чораларни кўришимиз керак.

Яна бир масала. Кўпчилигимиз яхши биламизки, қадимги Рим ҳуқуқида олтин қоидалар бор. Масалан, “ҳеч кимга бажариб бўлмайдиган мажбуриятни юклама” ёки “қонун – имконсиз нарсани талаб қилмайди”, каби қоидалар шулар жумласидандир.

Афсуски, миллий қонунчилигимизда бажариб бўлмайдиган ёки бажариш қийин бўлган нормалар ҳам учраб туради. Аслида, қонунлар инсонга ҳеч қачон ортиқча талаб қўймаслиги керак. Ортиқча талаб, аввало, ортиқча харажат дегани. Қолаверса, бу коррупцияга йўл очади.

Мана, бир мисол: фуқаронинг ипотека кредитидан 3 миллион сўмлик уч ойлик қарзи бор. Амалдаги қонунчилигимизга кўра, банк қарздорни судга беради. Лекин, бу масалада даъво аризаси 3 миллион сўм, яъни реал қарз бўйича эмас, балки кредитнинг тўланмаган қисмига, дейлик, 250 миллион сўмга нисбатан берилади.

Суд аризани кўриб чиқиб, қарздордан 10 миллион сўмдан ортиқ давлат божи ундириш ва шартномани бекор қилиш бўйича қарор қабул қилади. Ўзингиз ўйланг, 3 миллион сўмни тўлай олмаган фуқаро 10 миллион давлат божини қандай тўлайди?

Бундай мантиқсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун янги бир нормани Конституцияга киритиш таклифини билдираман. Яъни, маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши керак.

Биласизларми, мени кўп йиллардан буён қийнаб келган яна бир масала бор эди, у ҳам бўлса “прописка” деган муаммо.

Одамларимиз Тошкентга келиш учун йўллардаги назорат постларидан паспортсиз, “метрика”сиз ўта олмас эди. Ҳаммамизнинг фахримиз бўлган пойтахтимизни томоша қилишга ёки ишлашга келса ҳам ҳадиксираб юрарди.

Нега? Чунки амалдаги Конституцияда фуқароларимизнинг эркин ҳаракатланишига оид нормалар тўлиқ ёзилмаган. Ваҳоланки, биронта демократик мамлакатда фуқаронинг ҳуқуқини чеклайдиган бундай тартиб йўқ.

Одамларимизни, уларнинг ҳуқуқларини камситадиган бундай ҳолатни бартараф этиш учун биз йўллардаги назорат постларини, “прописка” деган нарсани йўқ қилдик.

Келгусида бундай тўсиқларни тизимли ҳал этиш учун ҳар бир Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши шарт. Ҳар бир фуқарога мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозим. Ана шу муҳим нормаларни Конституциямизда қатъий белгилаб қўйишни таклиф этаман.

Шунингдек, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари айнан Конституция даражасида мустаҳкамланиши керак. Шундагина фуқароларимизнинг тинч ва хотиржам яшаши, давлатга ва қонунга ишончи, эмин-эркин ҳаракат қилишини кафолатли таъминлаган бўламиз.

Иккинчи йўналиш – Асосий қонунимизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни мустаҳкамлашни таклиф этаман.

Чунки “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Ушбу ғоянинг туб негизида ҳам аввало инсон қадрини улуғлаш, инсонга хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассамдир.

Маълумки, ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат принциплари асосида муносиб яшаш шароитларини яратиб беради. У – ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир.

Биринчидан, ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади.

Шу билан бирга, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир.

Шулар қаторида яшаш учун зарур ресурслар – ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, транспорт ва бошқа қулайликлар билан таъминланиш, мажбурий меҳнатга тақиқ қўйиш ҳам ижтимоий давлатда муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди.

Ижтимоий давлатда инсон қадри деганда, аввало, фуқарони яшаш учун зарур уй-жой билан таъминлашни тушунамиз.

Бизнинг халқимиз учун уй-жой – бу Ватан ичра кичик ватандир.

Инсоннинг дунёга келиши, шахс сифатида камолга етиши, фарзандларни вояга етказиш, миллий урф-одат ва тарихий анъаналарни давом эттириш, тўйлар қилиш айнан уй-жойда амалга оширилади. Фарзанд туғилса, яхши ниятлар билан одамларимиз ҳовлисига кўчатлар экиб, шу уй, шу боғ кўп йиллар авлодларимга хизмат қилсин, деб орзу қилади.

Шу боис уй-жойли бўлиш, унинг дахлсизлигини таъминлаш ҳар бир инсон ҳаётида қанчалик муҳим эканини барчамиз яхши биламиз. Халқимизнинг “Уйи борнинг ташвиши йўқ, унинг бошпанаси бор” деган гапида чуқур маъно бор.

Яқинда “Ижтимоий фикр” нодавлат маркази ўтказган сўровномада кўпчилик юртдошларимиз доимий уй-жойнинг борлиги – оила қуришнинг асосий шарти, деб фикр билдирган.

Мана, кўряпсизларми, оила мустаҳкам бўлиши учун инсонга аввало нима керак?

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ўтган беш йилда қарийб 500 мингта янги уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Биринчи марта аёллар ва ёшларга, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилди. 2022-2026 йилларда эса реновация ва уй-жойлар дастурлари доирасида шаҳарларда маънан эскирган уйлар ўрнига 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойлар барпо этилади. Бунинг ҳисобидан 275 мингдан зиёд оила янги массивларга кўчиб ўтади.

Конституциямизда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш зарур.

Халқимиз орасида “снос” деган ном билан машҳур бўлган муаммо бор. Бундай ҳолатга бутунлай барҳам бериш учун уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш лозим. Яъни, суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак. Иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шарт.

Уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши Конституцияда қатъий белгиланиши даркор.

Яна бир муҳим масала. Тараққиётнинг кўп асрлик тажрибаси шуни кўрсатадики, хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз, кучли ижтимоий давлатни қуриб бўлмайди.

Шу боис Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтиришимиз лозим. Токи, катта-кичиклигидан қатъи назар, ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳамда Президент ҳимоясида эканини амалда ҳис этсин.

Ривожланган давлатлардаги каби шундай тартиб ўрнатилиши лозимки, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз мулкидан маҳрум этилмасин.

Шу билан бирга, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини ҳам конституциявий қоида сифатида белгилашнинг вақти-соати келди, деб ўйлайман.

Иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлашимиз зарур. Шу мақсадда Конституциямизда мамлакатимизда товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланиши, ички ва ташқи савдо ривожланиши учун давлат барча шароитларни яратиши ҳақидаги нормани мустаҳкамлашимиз керак. Бу – бошлаган ислоҳотларимиз ва давр талабидир.

Шунингдек, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини ҳам Асосий қонунимизда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этаман.

Давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши лозим. Шу билан бирга, Асосий қонунимизда ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги аниқ белгиланиши лозим, деб ҳисоблайман.

Қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлат тасарруфида бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида берилади, деган мазмундаги норма ҳам Конституциямизда акс этиши албатта ўринли бўлар эди.

Иккинчидан, ҳар қандай инсон учун муҳим ва муқаддас қадрият – бу унинг оиласидир. Соғлом ва мустаҳкам оила – давлат таянчи ва жамиятнинг асосий бўғинидир.

Биз оилани ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган, миллий маданият, урф-одат ва анъаналарни, ўзлигимизни сақлайдиган, баркамол авлодни шакллантирадиган маскан сифатида эъзозлаймиз. Каттага – ҳурмат, кичикка – иззат, одамийлик, меҳр-оқибат, она Ватанга муҳаббат ва садоқат каби олижаноб фазилатлар аввало оилада қарор топади.

Бугунги глобаллашув замонида оила институтини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш зарурати тобора кучаймоқда.

Бош қомусимизда оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш мақсадида “оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши”, жамиятнинг табиий ва таянч бўғини, жамият ва давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканини мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этаман. Шунинг учун давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яратиши, кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёз ва ижтимоий кафолатлар яратиб бериши лозим. Шунда оиланинг иқтисодий ва маънавий асослари янада мустаҳкам бўлади.

Учинчидан, халқимиз ҳаётининг мазмуни бўлмиш азиз фарзандларимиз тарбияси ва уларнинг ёруғ келажаги олиб бораётган сиёсатимизнинг муҳим йўналишидир.

Бугунги кунда 30 ёшгача бўлганлар юртимиз аҳолисининг қарийб 60 фозини ташкил этмоқда. Бу – биз учун жуда катта бойлик, инсоний ресурс.

Биз оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий масканларни Учинчи Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари, тўрт узвий ҳалқаси деб ҳисоблаймиз. Шундай экан, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлмиш ўғил-қизларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни Конституцияда мустаҳкамлаб қўйиш – долзарб масаладир.

Бош қомусимизда боланинг манфаатлари, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида ўз аксини топиши зарур.

Шу билан бирга, давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаб қўйишимиз керак.

Кейинги пайтда халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга катта аҳамият бераётганимиз барчангизга яхши маълум. Бу борадаги сиёсатимизни конституциявий асосда мустаҳкамлаш мақсадида Асосий қонунимизга қуйидаги қоидани киритишни таклиф этаман:

“Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида маънавий ва ахлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароитларни яратади”.

Шунингдек, Конституциямизга “Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир”, деган қоидани киритиш ёш авлод тақдири учун масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.

Тўртинчидан, халқимизнинг мурувват, бағрикенглик, ёрдамга муҳтожларга беғараз кўмак бериш, имконияти чекланган инсонларга тенг имкониятлар яратиш, меҳр-оқибат ва саховат каби фазилатлари миллий ғоямизнинг асосини ташкил этади.

Бугунги кунда юртимизда 1 миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларимиз ҳаёт кечирмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга тенг шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Жумладан, Парламентимизда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, қабул қилинди, шунингдек, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция ратификация қилиниб, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.

Шу асосда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдаги мавжуд имкониятлардан тенг фойдаланиш, ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт, бандлик, реабилитация, сиёсий-ижтимоий ҳаётда тенг иштирок этиш билан боғлиқ ҳуқуқлари таъминланмоқда.

Энди ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойил негизида уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаб қўйиш инсоний бурчимиздир. Жумладан, “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай шаклда ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланади. Давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур шароитларни ва тенг имкониятларни яратади. Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим муассасаларида инклюзив таълим ташкил этилади”, деган қоидаларни киритишни таклиф қиламан.

Бешинчидан, инсоннинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига, ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш – конституциявий ислоҳотларнинг муҳим мақсадидир.

Мамлакатимизда ўтган қисқа даврда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган “темир”, “аёллар”, “ёшлар” дафтарлари, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизимлари ўзининг дастлабки ижобий натижаларини бермоқда. Бироқ, мазкур ишлар мунтазам, тизимли амалга оширилиши, ортга қайтмайдиган жараёнга айланиши учун мустаҳкам конституциявий кафолат лозим.

Бундан ташқари, Асосий қонунимизда ҳар бир шахснинг қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласининг ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлишини белгилашни таклиф этаман.

Барчангизга маълумки, янги авлодни дунёга келтираётган, фарзандлар тарбияси билан шуғулланаётган аёлларга азал-азалдан халқимиз алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келади. Шу мақсадда Бош қомусимизда ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилиши шарт.

Ҳаммангизга аёнки, кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Бунинг эътирофи сифатида яқинда “Cotton Campaign” халқаро коалицияси ҳамда жаҳондаги машҳур брендлар томонидан Ўзбекистон пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан илгари ўрнатилган бойкот бекор қилинди.

Бундай ҳолатлар бошқа қайтарилмаслиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик ҳам ўз аксини топиши зарур.

Барчангизга маълумки, сўнгги йилларда хорижий давлатлардаги ватандошларимизга муносабатимиз бутунлай ўзгарди. Чет элда билим олаётган, меҳнат қилиб даромад топаётган юртдошларимизни, уларнинг мамлакатимизда яшаётган оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқдик. Хусусан, “Ватандошлар” жамоат фонди орқали чет элларда яшаётган фуқароларимиз ва уларнинг оилалари билан алоқалар кенгайтирилмоқда.

Бундай фаолият ҳеч қачон тўхтаб қолмаслиги учун ватандошлар ҳақида давлат томонидан ғамхўрлик қилишнинг конституциявий асосларини яратиш зарур. Шу мақсадда Конституциямизга давлат чет элда яшаётган ва ишлаётган фуқароларимиз ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида ғамхўрлик қилади, деган қоидани киритиш даркор.

Олтинчидан, инсон саломатлиги – жамиятнинг энг катта бойлигидир. Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, фақат соғлом халқ ва миллатгина буюк ишларга қодир бўлади.

Биз учун инсон саломатлиги – миллат ҳаётининг давомийлигини таъминлаш, унинг генофондини сақлаш, барқарор миллий стратегиямизнинг муҳим таркибий қисмидир. Бу мақсадларга эришиш учун, менимча, Конституциямизда белгиланган “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деган умумий норма етарли эмас. Бу моддани кенгайтириб, тўғридан-тўғри қўлланадиган нормалар билан бойитиш шарт, деб ҳисоблайман.

Дунёда икки йил олдин бошланган пандемия бизни кўп нарсага ўргатди. Жорий йил март ойида тиббиёт ходимлари билан ўтган учрашувда келиб тушган 25 мингдан зиёд мурожаатлар ҳам бу соҳадаги кўп муаммоларни кўрсатиб берди. Шуларни таҳлил этган ҳолда, Бош қомусимизда инсон соғлиғини сақлашга оид конституциявий кафолатларни янада кучайтиришни таклиф этаман.

Навбатдаги масала – инсоннинг камол топиши, фаровон ҳаёт кечиришида қулай ва хавфсиз атроф-муҳит, экологиянинг аҳамияти беқиёс эканини барчамиз яхши тушунамиз.

Табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани экологик хавфсизликни ғоят долзарб масалага айлантирди. Шу боис Конституциямизда ушбу йўналишга доир экологик-ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топиши лозим.

Ҳеч шубҳасиз, бундай конституциявий ўзгаришлар жамиятимизда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, айниқса, мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни янада кучайтириш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, давлатнинг эркаклар ва аёллар, оилалар ва болалар, ёшлар ва нуронийлар, ногиронлиги бор шахслар, мамлакатда ёки унинг ташқарисида бўлишидан қатъи назар, барча инсонлар ҳақида қайғуриши Конституцияда мустаҳкамланиши зарур.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Биз таълим, илм-фан ва инсон капиталини ривожлантиришга устувор эътибор бериб келмоқдамиз. Чунки, бугунги шиддатли рақобат замонида фақат билимли, маърифатли миллат ва давлат муносиб тараққиётга эриша олади.

Ота-боболаримиз “Бешикдан қабргача илм изланг” деган муборак ҳадисга амал қилиб яшаган даврларда юртимиз заминидан буюк мутафаккир зотлар – бухорийлар, термизийлар, хоразмийлар, берунийлар, фарғонийлар, навоийлар етишиб чиққан. Биз ана шундай улуғ аждодларимизнинг янги баркамол авлодини тарбиялаб вояга етказмоқчи эканмиз, бунинг учун боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини устувор тараққий эттиришни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйишимиз шарт.

Бош қомусимизда давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериши билан боғлиқ нормалар ҳам бўлиши лозим.

Биз сўнгги йилларда жамиятимизда устоз ва мураббийларнинг обрў-эътиборини юксалтириш, уларнинг маошларини ошириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Устоз ва мураббийлар – билимларни, урф-одат ва анъаналар, маданиятимизни авлоддан-авлодга етказадиган буюк кучдир. Шундай экан, устозга бўлган юксак эҳтиром Конституциямизда ўз ифодасини топиши зарур. Шунингдек, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаcлигини Конституция даражасида белгилаб қўйсак, ўйлайманки, адолатдан бўлади.

Учинчи йўналиш – эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлиқ масаладир.

Бизнинг халқимиз учун жамият, аввало, маҳалладан бошланади. Маҳалла – асрлар давомида миллий урф-одатларимиз ва бой маънавиятимизни безавол сақлаб, халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани бўлиб келмоқда.

Маҳалла деганда, дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун ва бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасида ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб ижтимоий тузилмани тушунамиз.

Ўтган даврда маҳалла ривожига доир 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ҳар бир ҳудудда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилмоқда.

Айни пайтда маҳаллани фуқаролар ўз фикри ва дардини, таклиф ва тавсияларини эркин айтадиган, муаммосига самарали ечим топадиган чинакам халқчил тузилмага айлантириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса – бутун жамият ўзгаради.

Хабарингиз бор, фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги мавқеи ва таъсирини кучайтиришга кўмаклашиш мақсадида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигини ташкил этдик. Лекин гоҳида, бу – маҳаллаларни бошқарадиган идора, деган нотўғри гап-сўзларни ҳам эшитиб қоляпмиз. Бундай қарашларга йўл қўймаслик мақсадида маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини Асосий қонунимизда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этаман. Бунда маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш бўйича ваколатлари алоҳида белгиланиши зарур. Бунинг учун эса давлат органларининг маҳаллалар фаолиятига ҳар томонлама кўмак кўрсатиш бўйича мажбуриятлари мустаҳкамланиши керак.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Юртимизда фаолият олиб бораётган 9 минг 200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий ҳаёт, маданият ва таълим борасидаги мақсадларга эришишда муҳим вазифани бажармоқда.

Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Бу чора-тадбирларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда мамлакатимизда адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг яқин ва ўрта муддатга қаратилган истиқболларини белгилаб олиш мақсадида 2021-2025 йилларга мўлжалланган концепция тасдиқланди.

Энди Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтлари – маҳаллалар, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари, жамғармалар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг ўрни ва мақомини янада мустаҳкамлаш лозим, деб ўйлайман.

Тўртинчи йўналиш – Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш масаласидир.

Ҳуқуқий давлат – инсониятнинг минг йиллар мобайнидаги машаққатли меҳнати эвазига шаклланган тараққиёт ғояси ва буюк кашфиётидир.

Фақат ҳуқуқий давлат шароитидагина инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қимматини тўлиқ таъминлаш, том маънода халқпарвар бошқарув тизимини шакллантириш мумкин.

Ҳуқуқий давлат – демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир.

Шу маънода, мен “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган ғояни Конституциямизда аниқ мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этаман.

Биз эл-юрт ташвиши билан яшайдиган халқчил давлат барпо этишни кўзлаганмиз. Бу шуни англатадики, давлат, унинг органлари ва мансабдор шахслари халқ учун ишлайди, унга хизмат қилади. Давлат ҳокимияти устидан халқ назорати ўрнатилади.

Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритишни таклиф қиламан.

Асосий қонунимизда халқ ҳокимиятчилигини, ҳокимиятларни бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатда сақлаш механизмларини таъминлашни янада кучайтириш талаб этилади. Бунда, авваламбор, Ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш бўйича тегишли қоидаларни Асосий қонунимизда белгилашимиз зарур. Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш бўйича фармон Сенат томонидан тасдиқланиши тартибини жорий этишни таклиф этаман.

Шу билан бирга, Ҳукумат томонидан тайёрланган Коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий маърузани муҳокама қилиш масаласини парламентимиз ваколатига киритиш лозим.

Шунингдек, Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларининг конституциявий асосларини кучайтириш бўйича ишларни давом эттириш керак. Шу мақсадда мен Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказишни таклиф этаман. Мисол учун, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бу орқали Ҳисоб палатаси Давлат бюджети шаклланиши ва ижросини таъминлашда парламент назоратининг муҳим воситасига айланади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим масала – бу жойларда ҳокимлар ва маҳаллий кенгашлар ваколатини ажратишдир.

Барчангизга маълумки, бу ғояни мен аввал ҳам бир неча марта илгари сурган эдим. Амалга оширган ислоҳотларимиз натижасида маҳаллий кенгашлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари кенгайди. Шундан келиб чиқиб, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш вақти келди, деб ҳисоблайман.

Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларини бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга олиб келади. Ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Биз халқ вакиллик органлари ваколатларини бундан буён ҳам янада кенгайтириш йўлидан борамиз.

Фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи институтини ислоҳ қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Хусусан, Конституциямизга қонунчилик таклифларини киритиш институтини жорий этишни таклиф қиламан.

Мазкур институт доирасида 100 минг кишидан кам бўлмаган миқдордаги фуқаролар ўз қонунчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш имкониятига эга бўладилар. Шу асосда энди халқ бевосита қонун ижодкори сифатида ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Мазкур янги қонунчилик таклифларини киритиш институтини Олий Мажлис Сенати, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссиясига ҳам бериш вақти келди, деб ҳисоблайман. Бунда ташаббуслар қонун лойиҳаси шаклида эмас, балки таклифлар кўринишида киритилади.

Ижро ҳокимияти органларининг конституциявий жавобгарлик соҳаларини, ваколатларини кенгайтириш билан бирга, уларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш ҳам талаб этилади.

Шу муносабат билан Ҳукумат ваколатларини кенгайтиришни таклиф этаман. Хусусан, Конституцияда Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликларнинг экология, ёшлар сиёсатини амалга ошириш, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қулай жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолининг дам олиши учун зарур шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулиятини белгилаш лозим.

Фуқароларнинг тинч, эркин ва фаровон яшаши Ҳукумат ва маҳаллий ижро органлари фаолиятининг бош мезонига айланиши зарур.

Яна бир муҳим масала. Янги Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари дадил қадам ташлаётган эканмиз, барча суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари шуни чуқур англаб олиши керак.

Суд-ҳуқуқ тизимини қораловчи, жазоловчи органдан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи органга айлантириш – ислоҳотларимизда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ривожланган давлатлардаги каби бизда ҳам адолатли ва мустақил суд, қонун устунлигини амалда таъминловчи прокуратура, жамоат тартибини сақловчи ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ички ишлар, миллий гвардия, кучли адвокатура тизимини яратиш асосий вазифамиздир.

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, Конституция моддаларини бевосита амалга ошириш механизми ҳақида ҳам фикр алмашиб олишимиз зарур.

Конституциянинг олий юридик кучга эга экани, тўғридан-тўғри қўлланиши, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас ва дахлсиз бўлиб, ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли экани қайд этилмоқда. Буларнинг барчаси Асосий қонуннинг ҳимоячиси бўлган Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Мазкур суд, бошқа судлардан фарқли ўлароқ, фақат Конституцияга бўйсунади ҳамда Асосий қонуннинг устунлиги принципини таъминлайди. Бунда Конституциявий суд қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимият чиқарган ҳужжатларда, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий принцип ҳамда Конституция нормаларига амал қилинишига эътибор қаратади.

Шу муносабат билан Конституциявий суд ишини тубдан ўзгартириш, унинг ваколатларини аниқлаштириш ҳамда ҳисобдорлигини ошириш лозим.

Шунингдек, Конституциямизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқишни Конституциявий суднинг ваколатида акс эттириш мақсадга мувофиқ.

Азиз дўстлар!

Барча эзгу мақсадларимизнинг амалга ошиши миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликка, юртимиз тинчлиги ҳамда хавфсизлигига боғлиқ. Мамлакатимизда олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат ушбу вазифалар ечимига қаратилган.

Ўтган даврда биз жаҳоннинг кўплаб давлатлари билан, хусусан, минтақадаги барча мамлакатлар билан ҳамкорликни яхшиладик, яқин қўшничилик ва дўстлик муҳитини мустаҳкамладик.

Шундан келиб чиқиб, Асосий қонунимизга Ўзбекистон барча давлатлар, энг аввало, ўзининг яқин қўшнилари билан тинчликпарвар ва дўстона сиёсат юритиши, унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига оид принцип ва нормаларга асосланиши ҳақидаги моддани қўшишни таклиф этаман.

Шунингдек, мамлакатимиз ва жаҳонда туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги шароитда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг концептуал-ҳуқуқий асосларини янгилаш ва такомиллаштириш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда.

Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси 1997 йилда тасдиқланган. Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси эса 2012 йилда қабул қилинган.

Яққол кўриниб турибдики, мазкур икки муҳим ҳужжат бугунги дунёда шиддат билан ўзгариб бораётган янги шарт-шароитларга тўлиқ жавоб бера олмаяпти.

Шу муносабат билан, ҳозирги пайтда кенг омма муҳокамасида бўлиб турган конституцион ислоҳотларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман.

Мазкур ҳужжатларнинг ўта муҳимлигидан келиб чиқиб, ушбу концепцияларни ҳам Конституциявий қонун шаклида қабул қилишни таклиф этаман.

Муҳтарам мажлис қатнашчилари!

Албатта, халқимиздан Комиссияга келиб тушган барча муҳим ва долзарб таклифларни бугун Сизлар билан батафсил муҳокама қилиш имкониятига эга эмасмиз. Мен уларнинг айримларига тўхталиб ўтдим, холос.

Конституциявий комиссия биринчи босқичда ўз ишини якунига етказиб, халқимиздан келиб тушган барча таклифларни тизимлаштирган ҳолда, Олий Мажлис палаталарига тақдим этиш арафасида турибди.

Энди олдимизда бу ишларимизнинг иккинчи босқичи, яъни ана шу таклифларни халқимиз, жамоатчилигимиз билан яна бир бор ҳар томонлама кўриб чиқиб, қабул қилиш вазифаси турибди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардим: биз шу кунга қадар барча ислоҳотларни бутун халқимиз билан бамаслаҳат амалга ошириб келяпмиз. Ўйлайманки, Конституцияга киритиладиган ҳар бир ўзгартиш ва қўшимча, албатта, умумхалқ муҳокамасига қўйилиши зарур. Чунки, эл-юртимиз ғоят муҳим ва ҳал қилувчи тарихий танлов олдида турибди.

Конституциявий ислоҳот орқали биз Янги Ўзбекистонда инсон қадрини амалда энг олий қадрият даражасига кўтаришга қаратилган барча амалий ишларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиб, эртанги кунимиз, келажагимиз қандай бўлишини белгилаб олишимиз лозим.

Шу маънода, Комиссия таклифи асосида Парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни, ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этаман.

Тўғри, амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга. Лекин, конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман.

Бу “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир” деган тамойилга тўла мос келади. Шунда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олади.

Шу фурсатдан фойдаланиб, халқимизга мурожаат қилмоқчиман.

Азиз ватандошлар, бугун нотинч дунёда, ўта таҳликали замонда яшаяпмиз. Мамлакатимиз тараққиётида ғоят масъулиятли даврни бошдан кечирмоқдамиз.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилган.

Ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, шаъни ва ғурурини улуғлаб, Ватани ва халқига тоғдек таянч бўлиб яшашга қодир, эркин ва азму шижоатли инсонлардир.

Шу боис барчамиз Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккуримиз, қалбимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатимизни билдиришимиз лозим.

Барчамиз Асосий қонунимизда ўзимизни, оиламизни, маҳалламизнинг орзу-умидларини кўришга интилаётганимиз – бу табиий ва мутлақо тўғри.

Ўйлайманки, Конституцияга киритиладиган барча тузатиш ва қўшимчалар мамлакатимизнинг 14 та ҳудудий бирлигидан иборат ягона давлатни, миллати ва элатидан қатъи назар, ягона ва қудратли Ўзбекистон халқини янада жипслаштиради ҳамда улуғвор мақсадлар сари сафарбар этади.

Шу боис барча азиз ватандошларимизни конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишга чақираман.

Ҳеч қачон унутмайлик, бу жараёндаги иштирокимиз билан ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратамиз.

Қадрли ватандошларим!

Сизларни ишонтириб айтмоқчиман, давлатимиз янгиланаётган Конституциямиз моддаларини ҳаётда тўла қарор топтириш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этади.

Бу янгиликлар аниқ қонун ва кодекслар, амалий дастурлар ва режалар билан ҳаётимизда албатта ўз аксини топади. Ҳар бир конституциявий норма ижросини таъминлаш бўйича аниқ ижтимоий, иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилади.

Ишончим комил, эл-юртимиз эзгу ниятлар билан бошлаётган умидли ва барқарор ислоҳотларимизни албатта қўллаб-қувватлайди.

Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши конституциявий ислоҳотларнинг бошланиши, холос. Конституциявий ислоҳотларни том маънода ҳаётга татбиқ этиш учун олдимизда янада муҳим ва масъулиятли вазифалар пайдо бўлади.

Аввало, барча қонунларимизни, бутун қонунчилигимизни қайтадан кўриб чиқиб, янги конституциявий нормаларга мувофиқлаштиришимиз лозим.

Давлат органлари, давлат бошқаруви тизимини конституциявий ислоҳотларга мос ҳолда такомиллаштириш зарурати туғилади.

Иккинчидан, боғчадан бошлаб олийгоҳга қадар бутун таълим-тарбия тизими конституциявий норма ва тамойиллар билан қамраб олиниши даркор.

Баркамол авлод, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида вояга етаётган ёшлар тарбияси Конституцияда мустаҳкамланган норма ва қоидаларни фарзандларимиз онгига сингдиришдан бошланиши зарур.

Ҳар бир фуқаромизда конституциявий ҳуқуқ маданиятини, конституциявий онгни ва Асосий қонунга ҳурмат ҳиссини шакллантиришимиз керак.

Учинчидан, олдимизда турган энг муҳим вазифа – барча давлат органлари, мансабдор шахслар, фуқароларнинг янги конституциявий норма ва принципларга оғишмай амал қилишини таъминлашдан иборат. Конституция тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат бўлиши шарт.

Давлат органлари, айниқса, судлар ўз фаолиятида Конституцияга тўғридан-тўғри мурожаат қилиши, унинг нормаларига асосланиб иш кўриши зарур.

Ҳар бир фуқаро кундалик ҳаётида, ўз ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда Конституциямиздан куч-қувват олиб ҳаракат қилиши, унга таяниши лозим.

Бугунги шиддатли замонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган демократик фуқаролик жамияти барпо этиш орқали Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ривожланган давлатлардаги инсонлардан кам бўлмаган ҳолда ишлаши ва яшаши учун шароит яратиш – асосий вазифамиздир.

Биз ишлашга – иши, яшашга – уйи бўлган, фуқаролари тинч ва эркин, ҳаётдан мамнун, дастурхони тўкин, оиласи бахтиёр ва фаровон яшайдиган давлат қуришни мақсад қилганмиз.

Биз ана шундай буюк ишлар арафасида турибмиз. Кучли иқтисодиёт барпо этиб, дунёда муносиб ўрнимизни эгаллашимиз, халқимизга юксак шароитлар яратиш учун ҳам жуда кўп ишларни биргаликда амалга оширишимиз керак.

Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир.

Мен бутун халқимизни ана шу буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чақираман.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, Янги Ўзбекистонни албатта биргаликда барпо этамиз.

Орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят мураккаб шароитда бундай улкан ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар ҳеч қачон унутмайди.

Ана шундай буюк бахт ва шараф барчамизга ёр бўлсин!

Сўзимнинг якунида барчангизга ана шундай улуғ ишларни амалга оширишда ютуқ ва омадлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Report typo