Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби мажлислар залида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашув ўтказилди.
Унда халқ депутатлари вилоят ҳамда шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси масъул ходимлари, шунингдек, Китоб, Косон, Касби ва Қарши туманларининг янги сайланган маҳалла раислари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров, Муборак газни қайта ишлаш заводи директори, сенатор Шермат Шамсиев, Республика Конституциявий комиссияси аъзоси, сенатор Абдурахим Иркаев, Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи, сенатор Илҳом Қурбонов Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унинг Янги Ўзбекистонни янги босқичда ривожлантиришдаги аҳамияти ва кейинги йилларда юртимизда амалга оширилган туб ўзгаришлар ҳақида атрофлича маълумот беришди. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, маданий ва бошқа соҳаларида юз берган янгиланишларга эътибор қаратишди.
Учрашувда сўзга чиққан маҳалла раислари кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, муболағасиз, ҳар бир хонадонга кириб келгани ва бу ўзгаришлар одамлар манфаатларига хизмат қилаётгани, юртимизда аҳоли турмуш даражаси юксалиб бораётгани, янгиланаётган Асосий қонунимиз лойиҳасида эса инсон қадри улуғланишини алоҳида таъкидлашди.
Шундан сўнг тадбир ўзаро савол-жавоб тарзида давом этди.
Шоҳиста БОЗОРОВА