Вилоятимизда ҳам бу тармоқ имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида кўплаб истиқболли ташаббуслар амалга оширилмоқда. Янги лойиҳалар ишга туширилаяпти. Муборак туманидаги "Табиий тоза" масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам бунга ёрқин мисол. Айни пайтда корхона икки йўналишда иш олиб бормоқда.
- Сутни қайта ишлаш ва паррандачиликда бир неча йиллик тажриба тўплаганмиз, - дейди корхона директори Азизбек Ибрагимов. - Ҳозирда бу тармоқларда юқори самарадорлик кўрсатаяпмиз. Сут цехимизнинг кунлик қуввати 3 тонна хом ашёни қайта ишлашга мўлжалланган. Шунга имкон берувчи замонавий ускуналарни 2015 йилда келтириб ўрнатганмиз. 4 хил маҳсулот - кефир, сметана, творог ва сариёғ ишлаб чиқариш ташкил этилган. Уларни туманимиздаги ташкилотларга, дўконларга тарқатаяпмиз. Ушбу цехда 10 нафар киши меҳнат қилмоқда.
Тадбиркорнинг айтишича, паррандачилик йўналиши асосан саноат усулида тухум етиштиришга ихтисослашган. Шу мақсадда корхона қошидаги мажмуада бултур Голландиядан олиб келинган 17 минг бош наслдор товуқ юқори технологиялар асосида боқилмоқда. Жараён автоматлаштирилган тарзда бажарилади. Кунига 14 минг донагача тухум олиш имкони мавжуд. Маҳсулот нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам чиқарилаётир. Ўтган йили Афғонистон мамлакатига 14 минг АҚШ доллари атрофидаги тухум экспорт қилингани бунинг исботидир. Бу йил ҳам хорижлик ҳамкорлар билан музокаралар ўтказилмоқда. Манфаатли келишув амалга ошса, корхона томонидан четга сотиладиган маҳсулот ҳажми сезиларли ошади, шу билан бирга, экспорт географияси ҳам кенгаяди.
- Тармоқларни кўпайтиришни кўзлаб, 2018 йил кузда корхонамизда янги қувват - нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандик, - дейди Азизбек Ибрагимов. - Бу лойиҳамизни рўёбга чиқариш учун 70 миллион сўм ўз маблағимизни сарфладик. 2 та махсус печь, қориш ускунаси харид қилинди. Иш бошлаганимизданоқ бозордан ўз ўрнимизни топдик. Ҳар куни 2 минг дона қолипли нон пишириб, аҳолига тақдим этаяпмиз. Лойиҳа юқори самара берганини кўргач, яна бошқа режалар устида бош қотирдик. Паррандачилик мажмуамизда жўжахона ташкил этиш шулардан биридир. Ҳозирда 100 кунлик жўжаларни қўшни вилоятдан сотиб олиб парваришлашга мажбурмиз. Лойиҳани ишга туширсак, бу муаммо барҳам топади. Бир мартада 30 минг жўжа етиштириш қуввати юзага келади. Пировардида маҳсулот таннархи пасаяди. Ташаббусимиз 1 миллиард сўмга баҳоланган, шунинг 200 миллион сўми банк кредитидир. Зарур иншоотни қуриш ишларини бошлаганмиз, жўжахона 2019 йил ҳисобидан ишга тушади.
Корхона раҳбари сутни қайта ишлашни ҳам диверсификация қилиш ниятида. Музқаймоқ тайёрлаш бунда асосий йўналиш этиб белгиланган. Маҳсулот икки хил - қуйма ва қадоқланган ҳолда харидорга тақдим этилади. Янги линия тўла қувват билан ишлаши учун кунига 1 тонна сут талаб этилади. Тадбиркор бунда Хитой технологиясига мурожаат қилган. Ушбу қувват 2020 йил биринчи чоракда маҳсулот беришни бошлаши лозим. Албатта, янгиликка интилгани аввало тадбиркорнинг ўзига яхши. Аҳамиятлиси, унинг саъй-ҳаракатлари беэътибор қолмади. Президент соврини учун ўтказилаётган "Ташаббус-2019" кўрик-танловининг туман босқичида қатнашиб, ўз ишини кўрсатди. Натижада корхона ютуқлари эътироф этилиб, унга саноат соҳасида "Йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида ғолиблик берилди.
М.ШУҲРАТОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.