Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ КУЧАЙТИРИЛГАН ТАРТИБ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

Н.ХЎЖАЕВ

25.03.2020


КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ КУЧАЙТИРИЛГАН ТАРТИБ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

Қарор ва ижро

23 март куни "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00:01 дан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди. Яъни коронавирус инфекцияси республиканинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига кириш (автобус, микроавтобус, енгил автотранспорт, авиақатновлар ва темир йўл транспорт воситалари орқали) тўхтатилди.

Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкент шаҳрида меҳнат қилаётган давлат ташкилотлари ходимлари (нодавлат ташкилотларида - иш берувчининг тегишли рухсатномаси асосида) ҳамда юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилади.

Барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда ходимлар меҳнат таътилига чиқарилади, қолган қисмининг меҳнат фаолияти максимал даражада масофадан туриб ташкил этилади.

Қарорга кўра, биринчи босқичда Тошкент шаҳрида, кейинчалик босқичма-босқич Нукус шаҳри, вилоят ва туман марказларида жойлашган барча йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркетлар ва бошқалар) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда тепловизорлар ва антисептик воситалари билан жиҳозланади.

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорлар фаолияти тўхтатилади.

Давлат идора ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорларни қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар "онлайн" режимига ўтказилади.

Мазкур тартибнинг амал қилиш даврида коронавирус аниқланган Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижий фуқаролар, шу жумладан, 2020 йил январь-март ойларида коронавирус қайд этилган ҳудудлардан Ўзбекистонга кириб келган шахслар:

комиссия қарорларига ва эпидемияга қарши курашишга жалб этилган давлат ташкилотларининг қонуний талабларига риоя этишга;

Ўзбекистонга қайтиб келганлиги, коронавирус қайд этилган ҳудудда бўлган вақти ва жойи тўғрисида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;

ўзида касаллик аломатлари вужудга келганда касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва ҳаракатланиш йўналишлари ҳақида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;

14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга;

санитария ва эпидемияларга қарши кураш қоидалари ва изоляция режимида бўлишга оид талабларга қатъий риоя этиш, шу жумладан, тиббий ҳимоя воситаларини қўллаш ва жамиятда бир-бирлари орасида масофани сақлашга;

соғлиқни сақлаш органлари томонидан тайинланадиган тиббий текширув ва даволанишдан ўтишга мажбур эканлиги белгиланди.

Изоляция қилиниши керак бўлган шахс билан бирга яшовчилар ҳам 14 кун ёки белгилаб берилган бошқа муддат давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга мажбур.

Коронавирус юқтирган ёки уни юқтирганликда гумон қилиниб карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, банк карталари ва бошқа ахборот ташувчи буюмлар вақтинча олиб қўйилади.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 3 тадан 14 кунлик карантин тадбирлари учун мослаштирилган базалар ташкил этилади.

Барча ташкилот раҳбарлари (иш берувчилар) зиммасига эса қуйидаги талаблар қўйилди:

ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш тартибини жорий этиш;

иш жойларида ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва ҳарорати юқори ходимларнинг иш жойида бўлишига йўл қўймаслик, ушбу ходимлар ҳақида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар бериш;

коронавирус юқтирган ходим билан мулоқотда бўлганлар ҳақида дарҳол маълумот бериш, касалланган шахс бўлган жойларни дезинфекциядан ўтказиш чораларини кўриш;

ходимларга изоляция режимида бўлишга оид талабларга риоя этишда кўмаклашиш.

Қарор билан, шунингдек, коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом ҳам тасдиқланган.

КАРАНТИНДАН ҚОЧМОҚЧИ БЎЛДИ

Коронавирус тарқалишига йўл қўймасликнинг энг муҳим шарти карантин қоидаларига қатъий ва истисноларсиз риоя этиш бўлиб, шу боис чет элдан қайтиб келаётган ватандошларимиз, фаолиятида чекловлар ўрнатилган ташкилотлар ва муассасалар, тадбиркорлик субъектлари ва умуман мазкур чекловлар тегишли бўлган барча субъектлар, жисмоний ва мансабдор шахслар давлат томонидан белгиланган карантин қоидалари ва талабларини сўзсиз бажаришлари зарур.

Чет элдан қайтиб келаётган юртдошларимиз учун тегишли шароитлар яратилаётганига қарамасдан карантин марказидан қочишга уринаётганлар ҳам, афсуски, учрамоқда.

Жорий йилнинг 20 март куни Россия Федерациясининг Москва шаҳридан Москва-Тошкент йўналишидаги поезд орқали Ўзбекистонга кириб келган, 1995 йилда Наманган вилоятида туғилган М.Р. эпидемик вазиятга кўра, ўрнатилган тартибда, Қашқадарё вилоятида ташкил этилган карантин марказига жойлаштирилган.

Ушбу фуқаро 21 март куни соат 15:30 да белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмасдан карантин маркази деворидан ошиб ўтиб, қочишга ҳаракат қилган. Натижада карантин ҳудуди бўйлаб хизмат олиб бораётган Миллий гвардия қўриқлаш хизмати ходими томонидан қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатиш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтиш жоиз, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун мамлакатимиз қонунчилигида кескин жавобгарлик чоралари кўзда тутилган.

Жиноят кодексига асосан шундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахслар 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши мумкин.

Вирус кенг тарқалишининг олдини олиш учун фуқаролар жамоат жойларига иложи борича чиқмаслиги, ўз ҳаракатланишини кескин чеклашлари ва умуман олганда жамиятда бир-бирлари орасида масофа сақлашлари зарур.

Маълумотларга кўра, 27 февралдан 22 мартгача Республикамизга чегара орқали кириб келган 83 минг 700 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилган. Улардан 19 минг 479 нафари карантинга олинган. 6748 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосасига кўра, карантиндан чиқарилган.

Республика бўйича 5315 нафар фуқаро уй шароитида карантинда сақланаётган бўлса, Қашқадарёда карантинга олинганлар сони 202 нафарни ташкил қилади.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Report typo