Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

12.01.2017


КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Айни вақтга келиб, бу иллат Ер юзидаги барча жамиятлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммолардан бирига айланди. Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш масаласига мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ жид­дий эътибор қаратиб келинаётир. Ўтган давр мобайнида коррупция ва у билан боғлиқ жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база ва тизимли амалиёт шакл­ланди. Президент томонидан жорий йилнинг 3 январида имзоланган ва шу кундан эътиборан кучга кирган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эса бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган муҳим тамойиллар ҳақида жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси Нурбек Абдуллаев қуйидагиларни гапириб берди:

- Коррупция, содда қилиб айтганда, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахсларнинг қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир.

Турли жиноятларнинг таҳлили билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилоти маълумотларига кўра, айни дамда дунёда коррупция ва порахўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Бошқача айтганда, ҳар йили дунё ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизи коррупция сабаб йўқ бўлиб кетади. Кўринадики, коррупция мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий тизимини зимдан емиради.

Шу боисдан ҳам ривожланаётган барча давлатларда коррупцияга қарши курашга энг муҳим масалалардан бири сифатида қаралади. Мамлакатимизда ҳам бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, коррупция пора олди-бердисида намоён бўлади. Бу жиноятнинг юзага келишига пора олаётган мансабдор шахс билан биргаликда, пора берувчи ва ўртада воситачилик қилувчининг ҳам ҳиссаси бор. Шу боис 2014 йил 14 май куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонуни билан Жиноят кодексининг пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш учун жавобгарлик белгиланган 211-, 212-моддаларига ўзгартишлар киритилди.

Бу билан пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахсларга нисбатан тайинланадиган жазо тури, миқдори ва муддатлари ўзгартирилиб, уларнинг жавобгарлиги пора олувчи мансабдор шахснинг жавобгарлигига тенглаштирилди.

Қонунчилигимизга киритилган юқоридаги ўзгартишлар пора олди-бердисида иштирок этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлади, албатта. Аммо шу билан биргаликда коррупция аталмиш иллатга батамом чек қўйиш учун унга қарши курашишни янада қатъийлаштириш, назорат қилувчи идораларнинг вазифаларини аниқ белгилаб бериш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий онг ва маданиятини шакллантириш, айниқса, жамоатчилик назоратини кучайтириш талаб этиларди. Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев      ташаббуси билан ишлаб чиқилган  “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда ана шу жиҳатлар ўз ифодасини топган.

6 боб, 34 моддадан иборат мазкур қонунда энг аввало коррупцияга қарши курашнинг асосий принциплари, бу борада олиб бориладиган давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.

Масалан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш каби жиҳатлар бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ташкил этади. 

Халқимизда “касални даволашдан кўра олдини олган афзал”, деган пурмаъно нақл бор. Буни юқоридаги мавзуга нисбатан қўлласак, ҳуқуқбузарлик содир этилганидан сўнг унга жазо чораларини кўриш эмас, балки содир этилишидан аввал унинг олдини олиш муҳимлиги ойдинлашади. Қонунда ана шу тамойилга алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга, бундай ҳу­қуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш масаласи қатъий ҳисобга олинган.

Бу борадаги муҳим тамойиллардан яна бири коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, уларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилганлигидир. Эндиликда  коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари бу ишга умумий асосларда эмас, балки қонун орқали зиммасига юкланган аниқ вазифалардан  келиб чиқиб ёндашади.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашувчи субъектларнинг фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш ва ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясини тузиш ва унинг таркибига жамоат бирлашмаларининг ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакилларини киритиш назарда тутилган. Ушбу   комиссияни шакллантириш ва унинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланиши қайд этилган. Бу меъёр коррупцияга қарши курашнинг доимий ва изчил тус олишида муҳим аҳамиятга эга.

Ёшларимизда коррупция ижтимоий хавфи ниҳоятда юқори жиноят экани тўғрисидаги фикрни шакллантириш, аввало ишни шундан бошлаш энг тўғри йўл, деб ўйлайман. Чунки зиммасига юклатилган вазифага, ишончга хиёнат қилиб бўлмаслигини тушунган, порахўрлик ва коррупцияга, мансабни суиистеъмол қилишга қарши ўзида иммунитет ҳосил қилган ёшлар келажакда виждонли инсон бўлиб етишади. Ҳаром луқма юқ бўлмаслигини, ҳалол топилмаган бойлик яхшилик эмас, ёмонлик ва кулфат келтиришини тушунади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратиш, хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларнинг олдини олиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга кўмаклашиш, шу аснода жамиятда ишчанлик фаоллиги ўсишига ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қачонки бу иллатга қарши фуқароларимиз ҳам бефарқ бўлмаса, жамоатчилик назоратининг таъсирчан чоралари кучайтирилса, коррупцияга батамом барҳам бериш мумкин бўлади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ ёзиб олди.

Report typo