Қайд этиш лозим, 2017 йил 3 январдаги Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни коррупцияга барҳам бериш учун етарли асосларни яратиб берди. Мазкур қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун 2017 йил 2 февралда давлатимиз раҳбарининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Вилоят архив иши ҳудудий бошқармасида “Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид” мавзусида ўтказилган семинарда шу мавзу юзасидан сўз юритилди.
- Коррупция фуқароларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончини сусайтиради, давлатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатади, қолаверса, жамиятдаги маънавий муҳит бузилишига олиб келади, - дейди вилоят архив иши бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Турсунов. – Унга йўл қўймаслик бўйича тизимимиздаги муассасаларда ҳам самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, коррупцион иллатларнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Унинг ижросини таъминлаш бўйича доимий назорат ва мониторинг йўлга қўйилган. Ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини ошириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида бошқармада ўтказилаётган “Ҳуқуқий билимлар” ўқув машғулотлари давомида янада кенг тушунчалар берилаётир.
Семинарда, шунингдек, архив тизимида тарбиявий, профилактик ишларни кучайтириш, ходимларнинг муносиб хулқ-атворда бўлишини таъминлаш, тизимга доғ туширувчи турли салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича фикр алмашилди.
Жамила АБДУВОҲИДОВА,
вилоят давлат архиви директори