Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёш китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Республика бўйича энг яхши китобхонлар беллашувига Қашқадарёдан борадиган ўғил-қизлар номлари маълум бўлди.
Айтиш ўринли, ёш китобхонлар алломалар, ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндалари; асардан олинган парчага шарҳ; эркин мавзудаги чиқишларига қараб ижодкорлар, адабиётшунослардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Унга кўра, 10-14 ёшлилар орасида 1-ўрин Косон туманидаги 10-мактаб ўқувчиси Расул Неккуловга, 2-ўрин Қарши шаҳридаги 44-мактаб ўқувчиси Рамазон Исмоиловга ва 3-ўрин Китоб туманидаги 50-мактаб ўқувчиси Ҳусан Салимовга насиб этган бўлса, 15-19 ёшлилар орасида Қамаши туманилик Муниса Норқобилова биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин эса баллар тенг келиб қолгани сабабли икки кишига насиб этди. Уларнинг бири Қарши шаҳрилик Сарвиноз Ботирова, иккинчиси эса косонлик Жасмина Бобомуродовадир.
Ва ниҳоят, 20-30 ёшлилар ўртасидаги беллашувларда 1-ўрин миришкорлик Ҳамидой Ҳайитовага, 2-ўрин қамашилик Султонмурод Пардаевга ва 3-ўрин деҳқонободлик Моҳинур Абдиевага насиб этди.
Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Қайд этиш лозим, ҳар бир ёш тоифаси бўйича 1-ўринни қўлга киритган 3 иштирокчи танловнинг республика босқичида қатнашади.