Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2025 йилларда йўлдош шаҳарларни ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Лойиҳада йирик шаҳарларнинг табиий-иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб ва улардаги юқори демографик ҳолат сабаб юзага келаётган қийинчиликларга шаҳарсозлик ҳамда урбанизация тамойиллари асосида замонавий ечимларни шакллантириш мақсад қилинган.
Бунда Андижон шаҳри учун Шаҳрихон ва Асака, Наманганда Тўрақўрғон ва Чортоқ, Фарғона шаҳри учун Миндон шаҳарчаси, Самарқанд шаҳри учун Челак ва Ургут, Бухорода Гала-Осиё, Нукусда Хўжайли ва Тахиатош шаҳарчаларига ҳамда Қарши шаҳри учун Косон шаҳри ва Хонобод шаҳарчасига “йўлдош-шаҳар” мақоми берилади.
Бу бўйича 2020-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.
Йўлдош шаҳарларни ривожлантириш натижасида уларни бирлаштирувчи йирик шаҳарга бўлган демографик юкни қисқартириш; йўлдош шаҳарлардаги ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва маърифий соҳаларни ривожлантириш орқали улардаги аҳолининг шаҳарлараро эркин ҳаракатини интенсивлашишига эришиш; йўлдош шаҳарларда йирик шаҳар билан боғлиқ бўлган ва мустақил ривожланаётган саноат ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш; янги иш ўринларини яратиш; аҳолининг турмуш даражасини янги сифат даражага кўтарилишига эришиш; аҳолининг уй-жойга бўлган талаби асосида макро ва микро уй-жой массивларини ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмалар билан биргаликда барпо этилишини таъминлаш устувор вазифалар сифатида қайд этилган.