Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • Косонлик ўқувчи китоб ўқиб, Президент соврини - "Кобальт" автомобилига эга бўлди

НАСРИДДИН

22.02.2024


Косонлик ўқувчи китоб ўқиб, Президент соврини - "Кобальт" автомобилига эга бўлди

Эътироф

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуси доирасида 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ёш китобхон" танловида бугунги кунга қадар 4,7 миллион нафардан ортиқ ёшлар иштирок этиб, 17 нафари Президент совғаси - "Спарк" автомобили соҳиби бўлди.

Маълумотларга кўра, 2023 йилда танловда иштирок этиш учун 805 минг (2022 йилда 640 минг) нафарга яқин ёшлар онлайн ариза топширган. Маҳалла ва сектор босқичларида иштирокчилар тест саволлари орқали сараланган бўлса, ғолиблар туман (шаҳар) босқичида "Тезкор савол-жавоб", ҳудудий  босқичларда "Бадиий асар билимдони" ҳамда "Тезкор савол-жавоб" шартлари асосида ўзаро беллашди.

Айтиш ўринли, ёш китобхонлар 10-14, 15-19, 20-30 ёш тоифаларида ғолиблик йўлида билим ва иқтидорларини намойиш этишди. Йил бошида тавсия қилинган ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари, илмий-оммабоп асарларни ўқиб чиқиб, пухта тайёрланган иштирокчилар финал йўлланмасини қўлга киритди.

Жорий йилнинг 15 февраль куни Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида танловнинг республика босқичи бошланди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 42 нафар иштирокчи 5 та шарт: "Бадиий асарлар билимдони", "Тезкор савол-жавоб", "Буюк мутафаккир ва адиб", "Шеърият" ва "Иншо" шартлари асосида баҳолаб борилди.

10-14 ёш тоифасида самарқандлик Наргиза Муҳамадиева 1-ўринни қўлга киритиб, Президент  соврини - "Кобальт" автомобилини қўлга киритди.

Қувонарлиси, 15-19 ёш тоифасида Косон туманидаги 19-мактабнинг 10-синф ўқувчиси 312,4 баллни қўлга киритиб, "Кобальт" автомобили совриндори бўлди.

20-30 ёшлилар орасида ким энг кучли экани бугун маълум бўлади.

Эътиборга молик жиҳат, танловда 2-ўринни олган иштирокчига 50 миллион, 3-ўринга - 30 миллион сўм ҳамда қолган барча иштирокчиларга 10 миллион сўмдан пул мукофотлари берилади. Қолаверса, фаол иштирокчиларга "Ёшлик" журнали ҳамда "Маърифат" газетаси бир йиллик обунаси тақдим этилгани ҳам ёш китобхонларни бефарқ қолдирмаяпти.

- Илк марта бу танловда 2018 йилда 10-14 ёш тоифаси бўйича қатнашгандим, - дейди Мироншоҳ Нурматов. - Аммо иштироким муваффақиятли бўлмади - танловни туман босқичидаёқ якунладим. Кейинги йилларда вилоят босқичида қатнашдим, 2021 йил республика босқичига ҳам чиқдим. Аммо ўзим кутган натижа бўлмади. 2023 йил март ойида янги мавсум учун китоблар рўйхати эълон қилингач, тайёргарликни бошладим. Маҳалла, сектор, туман ва вилоят босқичларида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритдим. Республика босқичи жуда қизғин ва ҳаяжонли ўтди.  Биринчи шартда 8-ўринда эдим, лекин  кейинги шартларда юқори натижалар қайд этиб, ғолибликни қўлга киритдим. Ғалабаларим ортида энг аввало отам Нуриддин Тошев туради, менинг ҳаётдаги мотиваторим ҳам у. 6 йиллик интилишим давомида шуни англадимки, астойдил ҳаракат натижасиз қолмас экан.

НАСРИДДИН

Report typo