Дарҳақиқат, яхши яшашга, фаровон ҳаёт кечиришга интилган киши борки, қандайдир қўшимча ишни йўлга қўйиш, тадбиркорлик қилиш, кўпроқ даромад топиш ҳаракатида. Зотан, Президентимиз томонидан аҳолининг тадбиркорлик кўникмасини ошириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва пировард натижада одамларнинг реал даромадларини кўпайтиришга қаратилган қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилинаётгани, бу йўлда бор имкониятлар ишга солинаётганидан мақсад ҳам шу.
Шунга мутаносиб, одамларнинг ҳам оилавий тадбиркорликка бўлган қизиқиши кун сайин ортиб бораяпти. Буни тадбиркорлик бошлаш истагидаги юртдошларимиз сони кўплигидан ҳам билиш мумкин.
Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги ПҚ-3680, 2018 йил 14 июндаги ПҚ-3856-сонли қарорлари асосида ҳамда "Ҳар бир оила - тадбиркор", "Ёшлар - келажагимиз" дастурлари бошланганидан буён жорий йилнинг 2 май ҳолатида вилоят бўйича ўттиз мингдан ошиқ фуқаро банкдан имтиёзли кредит олиб, қайсидир фаолият турини йўлга қўйган. Бу борада Чироқчи, Нишон, Деҳқонобод ҳамда Қарши туманлари аҳолиси айниқса фаол.
Алоҳида фаолият турлари бўйича оладиган бўлсак, аҳолида бошқа соҳаларга қараганда чорвачилик, паррандачилик ҳамда иссиқхона қуришга бўлган қизиқиш жуда юқори. Мисол учун, "Ҳар бир оила -тадбиркор" дастури бўйича жорий йилнинг 3 май ҳолатида 2 минг 295 нафар киши зотли қорамол боқиш, 2 минг 800 нафари паррандачилик, 4 минг 594 нафари иссиқхона хўжалиги фаолиятини йўлга қўйган бўлса, 6 минг 967 нафар оила имтиёзли кредит асосида зотли қўй боқишни бошлаган. (Ким билади, уларнинг қанчасида аслида бу фаолият аввалдан бўлгану қанчаси "манфаатли келишув" асосида расмийлаштирилган кредитлар учун энди рўйхатга тушган?).
Бу бежизга эмас. Боиси кўпчилик аҳоли қишлоқ ва маҳаллаларда истиқомат қилади ва уларда ана шу фаолият турини йўлга қўйиш учун имконият, шарт-шароит бор. Қолаверса, деҳқончилик, паррандачилик ёки чорвачилик юртдошларимизга ёт соҳа эмас. Имтиёзли кредит берилаётган экан, шундан фойдаланиб иккита сигир ёки тўрт-бешта қўй олиб боқсам, бундан даромад кўрсам дейди, албатта. Кам фоизли кредит таклиф этилиши улар учун айни муддао.
Аммо бугун имтиёзли кредитлар бериш билан боғлиқ тизим шундай ишламоқдаки, у оддий, кам таъминланган аҳолини бой қилишдан кўра, айрим тадбиркорлар имкониятини янада ошириш учун хизмат қилаётгандек.
Эътибор қилинг, тегишли низом талабига кўра, кредит олиш учун фуқаро аввалига маҳаллада ташкил этилган кичик ишчи гуруҳга мурожаат этиши керак. Сўнг бу ишчи гуруҳ маҳалла бўйича кредит олувчиларнинг рўйхатини шакллантириб, туман Марказига тақдим этади. Марказ томонидан ижобий тавсифланган лойиҳа эгалари ҳудудда фаолият юритаётган таъминотчи корхоналардан бирини танлаб, шартнома имзолаши мумкин. Кейин барча ҳужжатлар тўпланиб, вилоят ҳокимлиги қошида ташкил этилган ташкилий мувофиқлаштирувчи гуруҳ (вилоят Маркази) томонидан кўриб чиқилади ва маъқулланган лойиҳалар туман Маркази ҳамда тегишли тижорат банкларига тақдим этилади.
Шундан сўнг таъминотчи корхона томонидан кредит олувчига маҳсулот (хизмат) етказиб берилади. Сўнг таъминотчи бажарган иши шартномага мувофиқлиги, сифатлилиги борасида ҳудудий ишчи гуруҳ ҳамда кредит эгасининг ёзма ижобий хулосаларини олиб тижорат банкига келади ва кредит олувчи номига расмийлаштирилган маблағ унинг ҳисоб-рақамига ўтказиб берилади.
Бир қарашда ҳаммаси содда ва шаффоф. Аммо кредит олувчининг танлаш имконияти-чи? Ўрганишларимиз давомида бу борада кўплаб зиддиятли масалаларга дуч келдик.
Аввало, мазкур тартиб бўйича кредит олувчи ҳали оладиган маҳсулотини кўрмасдан туриб шартнома имзолайди. Қачонки ҳамма расмиятчиликлар ортда қолганидан сўнггина маҳсулотдан дарак бўлади. Бу олинган кредит суммасига арзийдими, йўқми, сифати сизни қониқтирадими, қониқтирмайдими, энди кўнишга мажбурсиз.
Тўғри, Низомга кўра, қачонки фуқаро таъминотчи томонидан етказиб берилган маҳсулотнинг сифатидан рози бўлиб, бу ҳақда ёзма хулоса берсагина банк кредитни чиқаради, акс ҳолда йўқ. Лекин, уқуви ҳаминқадар, нарх-наводан бехабар одам қандай қоғозга қўл қўйиб бераётганига ҳам фаҳми етмайди кўп ҳолларда. Шунча югур-югурлардан сўнг иши битганга шукур қилади. Масаланинг миси чиққач эса уни на банк, на таъминотчи тинглайди.
Ғузор тумани Шерали маҳалласида яшовчи ногиронлиги бўлган фуқаро Ҳуснора Тўраеванинг хонадонига ҳам маҳалла ва банк ходимлари келиб, уни оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишга ундаган. Қиз аввал товуқ боқиш режасини айтган, сўнг бунга имконияти етмаслигини ўйлаб, икки бош она-бола қўй олишга қарор қилган.
Аммо орадан бир неча кун ўтиб, қизнинг уйига она-бола қўй эмас, балки икки бош қўчқор олиб келишади. Энг қизиғи, она-бола қўйнинг нархи бир ярим миллион, дейилганди, иккита қучқорнинг нархи ҳам шунча экан. (Аслида вилоятдаги барча таъминотчи корхоналар томонидан қўй учун белгиланган нарх бу. Катта-кичиклиги, она-бола ёки ёлғизлигининг фарқи йўқ).
Табиийки, бу қўчқорлар пулига мос эмаслигини кўрган қиз ва унинг ёлғиз боқувчиси бўлган нафақадаги онаси аввалига уларни олишни рад этади. Кейин эса ширин хаёллар билан "нима бўлса бўлар" қабилида йўл тутиб, қабул қилади. Мутасаддилар ана шу вазиятдан фойдаланиб, қиздан маҳсулотдан рози эканлиги ҳақидаги хатни олади, онасининг раҳмат айтиб қилган дуосини видео тасвирга туширади.
Аммо қўйларнинг нархи ҳаддан ошиқ баландлиги боис, барибир оиланинг бундан кўнгли тўлмайди. Таниш-билишлар ҳам бу пулга маҳаллий бозордан тўртта шундай қўчқор олиш мумкинлигини айтишарди. Ҳуснора яқинлари орқали қўйларни бозорга ҳам чиқариб кўради, аммо ярим нархига-да сўрашмайди. Шундан сўнг банк ходимига телефон қилиб, қўйларни олмаслигини айтади, лекин "энди бунинг иложи йўқ", деган жавобни эшитади.
Биз билан суҳбатда банк ходими ҳам, маҳалла масъули ҳам бир хил гапни такрорлашди. Бу ногиронлиги бўлган қизнинг руҳий ҳолати тез-тез ўзгариб туриши, ўзига хос инжиқлиги аломати эмиш. Чунки, қўйни олган вақти у жуда хурсанд бўлган, онаси раҳмат айтиб, узундан-узоқ дуо қилган.
Хўп, шундай ҳам дейлик. Унда бошқалар-чи?
Биргина Шерали маҳалласининг ўзида беш кам таъминланган оила имтиёзли кредит асосида қўй олган. Аммо шу пайтга қадар икки фуқаро қўйларни қайтарган. Ҳуснора ҳам қайтармоқчи. Масъулларнинг гапига ишонадиган бўлсак, бу ҳолатларнинг барига феъл-атвор сабабми?..
Аслида ўша кишилар ҳисоб-китобни тўғри қилган, бу қўйни боқиб даромад кўролмаслигига ишончи комил бўлган.
Шу маҳаллалик Баҳодир Ҳабибов ҳам оиласига қўшимча даромад келтириш мақсадида имтиёзли кредит олиб, таъминотчи орқали тўртта қўчқор харид қилган. Оила бекаси Зубайда Жумаева ҳовлига мол киргани, яна бир қўшимча даромад олиш имконияти пайдо бўлганидан хурсанд.
- Бу ишимиздан айниқса, ўғлимнинг севинчи чексиз, - дейди у. - Кеча-кундуз ана шу қўйларнинг олдидан жилмайди. Жуда меҳр билан парваришлаяпти. Шу мол бўлмаса, бекорчиликдан кўча санғиб ҳам юрарди-да. Мен ўғлимга иш топилганига хурсандман.
"Бу қўчқорларни боқиб, қанча даромад олмоқчисиз?", деган саволимиз эса аёлни ўйга толдирди.
- Ҳа, нархи анча қиммат. Боқаверайлик-чи, балки ўз пулига бориб қолар, - дейди аёл. Тўғри айтади ҳам, балки ўз танини қоплар, бу ҳолда даромад, фойда ҳақида гапириш эса хаёлпарастликдан бошқа нарса эмасдек.
Мана, ўзингиз ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Уларга нари борса 20 килограммдан гўшт берадиган тўртта қўчқор 6 миллион сўмга нархлаб берилган. Уч йил ичида қайтариладиган кредит фоизини ҳам қўшсангиз, ҳар бирининг баҳоси қарийб 1 миллон 800 минг сўмни ташкил этади! Агар бу қўчқорларни 6 ой жуда зўр боқсангиз, қирқ килонинг нари-берисида гўшт бериши мумкин. Ўшанда истеъмолчи қўйларни олган нархи баҳосига сота олиши мумкин. Улар еган ем-хашак, кредит фоизи нима бўлади энди? Бундай ҳолда камбағал бой бўладими ёки янада ғарибга айланадими?!
Хўш, таъминотчи корхоналар нимага асосан нарх белгилаяпти ўзи. Нега бозордан 800 минг сўмга олиш мумкин бўлган қўчқорни улар бир ярим миллиондан сотишмоқда?
- Биз Қозоғистондан зотдор қўйларни олиб келаяпмиз, - дейди Ғузор туманидаги "Нозима Абдуллоҳ файз" фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Самандар Усмонов. - Биласиз, бошқа давлатдан мол олиб келиш осон иш эмас. Бир "партия" мол олиб келиш учун одамларимиз ҳафталаб юради. Бу жуда қийин иш, йўл узоқ. Барча харажатларни ҳисоб-китоб қилсангиз, бизга ҳам кўп фойда қолмаётганини тушунасиз.
Бу ўринда бир қатор саволлар пайдо бўлади. Нега имтиёзли кредитга фақат хориждан келтирилган қўйларни олиш керак? Бу борада барча масъуллар бир хил жавоб айтишмоқда: Президент қарорида аҳолига зотдор молларни бериш таъкидланган. Таъминотчига ҳам, тижорат банкига ҳам қўйилаётган талаб шундай.
Аммо олиб келинаётган қўйларнинг ҳақиқатан ҳам зотдор эканлигига қандай кафолат бор? Мисол учун, Германия, Украина ёки Польшадан келтирилаётган наслли сигирлар тегишли паспортга эга ва бунда уларнинг зоти, аниқ ёши, насл хусусиятлари, сотган ташкилот номи ҳақида тўлиқ маълумотлар бор. Қозоғистондан олиб келинаётгани айтилаётган қўйларда бундай эмас. Кўринишидан ҳам ҳеч қандай зотдорга ўхшамайди. Худди ўзимизнинг бозорлардан териб олинган хашаки қўйларни эслатади. Она-бола деб сотилаётган, аслида бир-бирига бегона қўйлар, тумшуғи оқариб, қарилигидан, ориғлигидан мункиллаб қолган совлиқлар чиндан ҳам наслли моллар сифатида қўшни республикадан олиб келинаяптими?!
Хўш, бундай "мурувват"дан ким наф кўради? Жавоб аниқ, на чорва насли яхшилинади, на истеъмолчи жол топади. Фақат бир-икки кишининг чўнтаги қаппаяди, холос.
Шундай экан, бугун статистик рақамларни бўрттириш учун елиб югураётган, бизнинг ҳудуддан мана шунча фуқарога имтиёзли кредит берилди, қўй, товуқ олиб, иссиқҳона қуриб шунча киши оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди, дея бонг ураётган мутасаддилар бу ҳақда ўйлаб кўришмас экан, кам таъминланган аҳолининг реал даромадини ошириш борасида бошланган бу ислоҳотлардан катта самара кутиш қийин.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ