Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

26.05.2018


КРЕДИТ УЧУН СЕКТОР РАҲБАРИ ТАВСИЯСИ ЕТАРЛИМИ?

Ушбу жиҳат шу ҳудудда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар эътиборидан ҳам четда қолмади. Улар агар мазкур бино фойдаланишга берилса, бу ерда пиллахона ташкил этиш истагини билдиришди. Асосийси, бу хотин-қизлар пилла қурти боқиш билан аввал ҳам шуғулланишган, етарли тажрибага эга. Шуни ҳисобга олиб, фуқаролар айни масалада ёрдам сўраб, ушбу ҳудудга масъул 4-сектор раҳбари – туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғига мурожаат қилишди. Ушбу хайрли ташаббус мутасадди томонидан ҳам маъқулланди ва амалий кўмак кўрсатиш учун чора белгиланди. Бино кимнинг балансида экани аниқланиб, келишув асосида уни хотин-қизларга фойдаланиш учун беришга эришилди.

Қайд этиш жоиз, мамлакатимизда ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш мақсадида йўлга қўйилган секторлар тизими юқори самарадорлик касб этаяпти. Аҳоли билан бевосита мулоқотлар жойлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, одамларнинг дардини эшитиш, ўртага ташланаётган муаммо ва камчиликларни атрофлича таҳлил этиб, уларга ижобий ечим топишда қўл келмоқда. 4-секторга бошчилик қилаётган давлат солиқ идоралари томонидан олиб борилаётган ишлар ҳам аҳамиятлидир. Ҳудудларда ташкил этилган штабларда аҳоли ўз мурожаатини билдириши, зарур маслаҳат ва ёрдам олиши мумкин. Қолаверса, бир қанча мутахассисларни жалб этган ҳолда сайёр қабуллар ўтказилаётгани бу борада одамларга янада енгиллик бермоқда.

Эътиборли жиҳати, фуқароларни қийнаётган муаммолар, улар айтаётган масалалар шунчаки ҳал этилмасдан қолмаяпти. Аксинча, имкониятлар изланиб, кичик нарсадан ҳам катта натижа чиқарилмоқда. Буни қуйидаги мисоллардан ҳам кўриш мумкин.

Ғузорлик якка тартибдаги тадбиркор Мадина Эрдонаева бир неча йил аввал ўз мустақил бизнесини бошлаган. Ишбилармон томонидан тикувчилик фаолияти йўлга қўйилган. Зарур дастгоҳлар харид қилиб, 3 нафар ёшни ишга олган. Бир муддат барқарор фаолият кўрсатган тадбиркорнинг иши потенциал бозор йўқлиги учун тўхтаб қолган. Бу аёлнинг ҳудуддаги 4-сектор раҳбарига қилган маҳсулотга харидор топишда кўмаклашиш борасидаги мурожаати атрофлича кўриб чиқилди. Ўрганиш давомида тадбиркорнинг махсус иш кийимлари тикишга шароити борлиги маълум бўлди. Шу ҳисобга олиниб, ишбилармонга доимий мижоз бириктирилди. Тумандаги йирик саноат корхонаси унга маҳсулот буюртма берадиган бўлди. Ҳамкорлик шартнома билан мустаҳкамланди.

Кўраяпмизки, юртимиз аҳолисида тадбиркорликка, даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланишга иштиёқ ортиб бораяпти. Бунинг асосида ўз турмушини янада фаровон қилиш, рўзғорга фойда олиб кириш мақсади ётибди. Албатта, интилган инсонни қўллаб-қувватлаш керак. Чунки у боқимандаликдан кўра ҳалол меҳнат қилиш, жамиятга наф етказиш пайида.

Шаҳрисабз шаҳри Боғибаҳор маҳалласида яшовчи Зилола Зокирова ҳам тадбиркор бўлмоқчи. Тасарруфидаги томорқада каттагина ери бор. Деҳқончиликни тушунади. Аммо у томорқачиликни асосий машғулотга айлантира олмаяпти. Ердан фақат илиқ кунларда фойдалана олади, холос. Қишда эса ишсиз қолади. Бекор бўлмасликнинг режасини ҳам тузган. Иссиқхона қуришни мўлжаллаган. Фақат маблағ масаласида қўли калталик қилаяпти. Фуқаро ҳудуддаги сектор раҳбари билан суҳбат чоғида ҳам шу мақсадини баён қилди. Маҳаллага масъул туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи унинг  муаммосини ҳал этиб берди. Бу борада тижорат банкига мурожаат қилинди, фуқарога зарур ҳужжатлар тайёрлаб берилиб, тавсиянома билан таъминланди.

Нишонлик Ойдин Худойқулованинг ҳозирда бош қашишга вақти йўқ. Негаки катта ишни бошлаб қўйган. Бир ёқда гўзаллик салони ишлаяпти. Тикувчилик цехи ишчилари эса доим буюртма маҳсулотни тайёрлаш билан машғул. Тадбиркор қишлоқда касб-ҳунар ўрганишга қизиққан хотин-қиз кўплиги сабаб ўқув маркази ҳам очди. У бугунги кунда эришаётган бу натижалари учун ҳудуддаги 4-сектор масъулларидан миннатдор. Гап шундаки, анча олдин фуқаро ўз маблағи ҳисобидан бизнес ташкил этмоқчи экани, бироқ жой топишда қийинчиликка дуч келганини айтиб сектор штабига мурожаат билан келади. Бу юзасидан эса мутасаддилар ўрганиш ўтказади. Маълум бўладики, тумандаги касб-ҳунар коллежи биносининг бир қисми кўпдан буён ишлатилмай турибди. Бу ерга ишбилармон кўзда тутган қувватларни жойлаштирса ҳам бўлади. Ушбу таклиф мурожаат қилувчини ҳам қаноатлантирди. У ҳам яхши ишни пайсалга солмади. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларини ишга тушириб, бугун ўнлаб одамни ишли қилган.

Қарши шаҳрида ҳам тадбиркорлик билан фаол шуғулланишга хоҳиш билдирган аҳоли вакилларига 4-сектор масъуллари томонидан зарур ёрдам вақтида тақдим этилмоқда. Бунинг тасдиғи сифатида шуни айтиш мумкинки, бироз аввал 26 нафар фуқаро у ёки бу турдаги ишбилармонлик йўналишига жиддий киришди. Бунинг учун уларга 127 миллион сўм миқдоридаги молиявий кўмак асқатди. Тижорат банкларидан кредитни олишга эса биргина сектор раҳбари – шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг тавсияси кифоя қилди. 

Айни пайтда фуқаролар нафақат бу каби масалалар, балки уларни муайян фурсат қийнаб келган ижтимоий муаммолар туфайли ҳам штаб эшигини қоқишмоқда. Албатта, бу мурожаатларнинг аксари асосга эга, шу билан бирга, уларни тегишли ҳудуд доирасида ҳал этишнинг имкони ҳам мавжуд.

Бир сўз билан айтганда, 4-сектор раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига халал бераётган тўсиқ ва камчиликларни бартараф этишга, аҳоли ва тадбиркорлардан келиб тушаётган асосли мурожаатларни қаноатлантиришга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Муаммоларнинг босқичма-босқич барҳам топиши эса одамларнинг турмуши янада яхшиланиши, даромади ортишига шароит ҳозирлаяпти.

Фирдавсий ЖАББОРОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи,

М.ШУҲРАТОВ

Report typo