Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Собир НАРЗИЕВ

07.03.2024


КУЧЛИ ИРОДА, МАТОНАТ ВА ШИЖОАТ СОҲИБАСИ

 Қашқадарё ифтихори

Асила Мирзаёрова... Бу исм ва фамилияни ҳозир нафақат мамлакатимиз ва Осиё қитъаси, балки бутун  жаҳонда кўплаб спорт мухлислари ва мутахассислари яхши билишади. Қарши шаҳрида истиқомат қилаётган, оддийгина оилада ўсиб-улғайган, жуссаси кичкина бу қиз ўзининг кучли иродаси, саботи, куч ва шижоати билан Осиё ва жаҳон ареналарини шу қадар тез ва ишончли забт этдики, бугун у қўлга киритган ютуқларнинг салмоғи баланд.

-  Ваҳоланки, бундан ўн йил аввал жуда тушкун ҳолатда эдим, - дейди Асила бошидан кечирган оғир дамларни эслаб. - 2013 йилда мактабда ўртоқларим билан тўп ўйнаётганимда, бошимга копток келиб тегди. Ўша вақтда бир муддат кучли оғриқ сезиб, кўзим олди қоронғулашиб кетган эди. Кейинчалик буни унутдим, бироқ вақт ўтгач, кўриш қобилиятим пасайиб бораётганини сезиб қолдим. Аввалига бунга эътибор қилмадим, лекин борган сари кўришим қийинлаша бошлагач, ота-онамга ёрилдим.

Шундан сўнг Асиланинг ҳаёти фақат уй ва турли шифохоналар оралиғида кеча бошлади. Ота-онаси уни олиб бормаган кўз шифокорлари қолмади ҳисоб, лекин қизалоқнинг соғлиғида ўзгариш бўлмади. 2014 йилда эса Асила жарроҳлик столига ётқизилди. Шифокорлар натижа ижобий томонга ҳам, салбий томонга ҳам бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришганди. Минг афсуски, жарроҳлик амалиёти Асилага ёрдам бермади...

- Янада тушкун кайфиятга тушиб, гўёки зулмат қарига чўкиб бораётган эдим, - дейди Асила. - Шунда дадам мени спорт билан шуғулланишга ундади. Паралимпия ташкилоти борлиги, унда менга ўхшаган  спортчилар машғулот қилишлари мумкинлигини айтди. Ота-онам уйда қолиб кетмаслигим, ўзимни жисмоний тарафлама чиниқтириб боришимни хоҳлашар ва шу боис спортга ундар эди. Дастлаб айнан шу мақсадда спортга қадам қўйиб, енгил атлетика билан шуғуллана бошлаганман. Бироқ кейинчалик спорт менинг ҳаётимда янги саҳифа очди. Бу ерда ўзимни  бахтиёр ҳис этиб, чексиз имкониятларга эга эканлигимни англадим.

Асила 2015 йилда илк маротаба Тошкент шаҳрида ўтган мусобақада югуриш бўйича ўз имкониятларини синаб кўрди. Бу ҳаётидаги биринчи йирик турнир эканлигига қарамай, ғолибликни қўлга киритди. Яқинлари жуда хурсанд эди, лекин Асиланинг ўзи бу натижасидан қониқмади.

-  Шунда дадамдан мени Ўзбекистон пара-енгил атлетика терма жамоаси бош мураббийи Сардор Абдухолиқовнинг ёнига олиб боришини илтимос қилдим, - дейди у. - Дадам олиб борди. Мураббийга Тошкентда қолиб, спорт билан астойдил шуғулланмоқчи эканлигимни айтиб, ёрдам сўрадим. Шунда мураббийим "Сенда жисмоний томондан спортчиларга хос бўлган бирорта жиҳатни кўрмаяпман. Лекин ирода ва интилишинг учун олиб қоламан. Шу шижоатингни бўшаштирмасанг, албатта, чемпион бўласан" деб айтган эди.

Асила шу кундан бошлаб мураббийи Сардор Абдухолиқовнинг уйида туриб, машғулотларга қатнай бошлади. Мураббий уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар, олға ундар, бўшашмасликка чорлар эди. Тинимсиз қилинган ҳаракат ва машғулотлар кўп ўтмай ўз самарасини бера бошлади.

Асила Мирзаёрова 2016 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган мусобақада иштирок этиб, учта йўналиш бўйича учта олтин медални қўлга киритди. Шундан буён Асила Мирзаёрова параатлетиканинг узоқликка сакраш тури бўйича жаҳоннинг энг кучли спортчилари қаторида эътироф этиб келинмоқда. У "Токио-2020" ёзги  Паралимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони,    "Ханчжоу-2022" Параосиё ўйинлари ғолиби, Осиё қитъасининг "Энг яхши аёл пара атлети" ҳисобланади.

Асиланинг галдаги мақсади эса 2024 йил август-сентябрь ойларида Франция пойтахти Парижда ўтказиладиган навбатдаги Паралимпия ўйинларида ҳам юртимиз байроғини баланд кўтаришдир.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган сурат.

Report typo