Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • КУЧЛИЛАР ЗАИФЛАРНИ ҲИМОЯ ЭТАДИГАН ЖАМИЯТ БЎЛАДИ, ДЕБ ОРЗУ ҚИЛГАНДИ. БУНИНГ ЎРНИГА...

Б.ЎКТАМ

19.01.2021


КУЧЛИЛАР ЗАИФЛАРНИ ҲИМОЯ ЭТАДИГАН ЖАМИЯТ БЎЛАДИ, ДЕБ ОРЗУ ҚИЛГАНДИ. БУНИНГ ЎРНИГА...

Адабий кенгликларда

Дунё адабиётида мустабид-диктаторлар ҳақида маҳорат билан ёзилган асарлар талайгина. Бу борада Лотин Америкаси адиблари асарлари эътиборга молик. Мексикалик Хуан Рульфо "Педро Парамо", Колумбия ёзувчиси Габриэль Гарсиа Маркес қаламига мансуб "Бузрукнинг кузи", Гватемала адиби Мигель Анхел Астуриас "Сеньор президент", Перу ёзувчиси Марио Варгас Льоса "Таканинг байрами" романларида мустабидлик тузумининг анатомиясини очиб беради.

Кино соҳасида эса Чарли Чаплин 1940 йилда экранларга чиққан ўзининг биринчи овозли фильми - "Буюк диктатор"да Гитлерни гавдалантириб, фашистлар таъқибига учраганидан бохабарсиз.

Айрим ижодкорлар эса мустабидлар ҳақидаги қарашларини рамзий образлар орқали акс эттирган. Хусусан, 1903-1950 йилларда яшаган инглиз ёзувчиси Жорж Оруэлл "Молхона" асарида ҳайвонлар тимсолида улкан давлатда ҳукм сурган тузум моҳиятига назар ташлайди. Гап қайси макон ва замонда юз бергани ҳақида бироздан сўнг билиб оласиз.

Хуллас, китобда ёзилишича, кунларнинг бирида анча қариб қолган, Майор исмли кекса чўчқа молхонадаги ҳамма ҳайвонларни ҳузурига чорлайди. Узоқ умр кечирганини, оғилхонада ёлғиз ётиб, мулоҳаза юритишга етарли вақти бўлгани ҳамда бундан буёғига жониворлар хўрликда ва заҳматли меҳнатда кун кечирмасликлари зарурлигини билдиради. "Ҳаётимиз - қашшоқлик ва қулликдир" дейди у.

Шунинг учун, кекса Майор, ҳайвонларни одамларга бўйсунмасликка, ҳамма озод ва тенг яшайдиган жамият қуришга чорлайди. Дарҳақиқат, унинг таъкидлашича, одам - ўзи ҳеч нарса ишлаб чиқармай, ҳаммасини ҳазм қиладиган ягона махлуқдир. У сут бермайди, тухумламайди, омочни судраш учун унинг кучи етмайди, қуёнларни тутиб олиш учун тезлиги суст. Шундай бўлса-да, у ҳайвонлар устидан ҳукм юргизади, сутни ичади, тухум-гўштни ейди, молларни сотиб, пулига эга чиқади.

"Бутун дунё ҳайвонлари, бирлашингиз!" дея васият қилган Майор эртаси куни вафот этади. Унинг ғояларини издошлари - Сноубол ва Наполеон лақабли чўчқалар давом эттиришга киришади. Жониворлар биргаликда молхона хўжайини, ароққа муккасидан кетган Жонсни фермадан қувиб юборади.    Бошқарувга эса чўчқалар келади. "Барча одамлар - душманларимиз. Барча ҳайвонлар - биродарлар" шиори остида ўзгаришлар бошланади. Аммо бу орада чўчқалар ўртасида етакчилик учун кураш кечади: Наполеон ўзидан кўра ақлли ва жасоратли, бошқарувга муносиброқ бўлган Сноуболни "душман" сифатида қувиб юборишга эришади. Бу борада унга куч ишлатар тизимлари - махсус тайёрланган кўппаклар анча қўл келади.

Чўчқа ва кўппаклардан ташқари ҳамма жон куйдириб меҳнат қилишига қарамасдан улар кутган ўзгаришлар юз бермайди. Аксинча ишлар орқага қараб кетади. Аммо тарғибот машиналари зўр бериб, яхши яшашаётгани, энг муҳими, озод ва эркин эканликларини уқтиришга ҳаракат қилади ва доим бунинг уддасидан чиқади. "Ҳаёт оғирлашаётганди. Қиш аввалги йилдагидай жуда қаттиқ совуқ эди, овқат эса кундан-кунга камайиб борарди. Озуқа тарқатиш меъёри чўчқалар ва кўппаклардан бошқа барча учун яна қисқартирилди. Ҳаммага тенг бўлиш, тушунтирди Қичқироқ, ҳайвонизм тамойилларига мос келмайди.

Жонс замонасига қараганда, дон ҳам кўп, пичан ҳам кўп, лавлаги ҳам кўп, улар камроқ ишламоқдалар, узоқ яшамоқдалар, ичимлик сувининг сифати ошган, болалар ўлими кескин камайган ва энди катакларда пичан аввалгидан кўра кўп ва уларни пашша ва сўналар олдинги даражада безовта қилмаяпти".

Жуда таниш манзаралар, тўғрими? Ўтган аср бошларидаги коммунизм ғоялари, Лениндан ҳокимиятни мерос олган Сталин бошқаруви эсингизга келмаяптими? Собиқ сафдош Троцкийнинг қатағон қилиниши-чи?

Яна асарга қайтадиган бўлсак, бу гал молхонадагилар кекса Майорнинг фақат суяклари қолган бош чаноғини қабрдан кавлаб олишиб, ёнида байроқ қўйилган тўнкага ўрнатишади. Энди барча ҳайвонлар байроқ кўтарилгандан кейин саф бўлиб бош суяги ёнидан ўтишлари, унга эҳтиромларини билдиришлари керак эди.

Бошда фермада сут ичиш ва олма ейиш тақиқланганди. Аммо бироз вақтдан кейин бу қоида чўчқалар учун татбиқ этилмаслиги маълум қилинади. Бу ҳақда Наполеон шундай дейди: "Аслида бизларнинг аксариятимиз сут ва олмаларни умуман ёмон кўрамиз. Мен ўзим уларга қарагим йўқ. Биз улардан фақат бир мақсадда - сизларнинг соғлиқларингизни асраш учун фойдаланамиз. Олмалар ва сутда (ўртоқлар, бу илм-фан томонидан исботланган) чўчқаларнинг ҳаётини сақлаш ва кайфиятини яхшилаш учун зарур бўлган унсурлар мавжуд. Биз чўчқалар, - интеллектуал меҳнат соҳаси ходимларимиз".

Вақт ўтиб эса шундай қоида ўрнатилади: агар йўлакда чўчқалар учраб қолса, бошқа ҳайвонлар чўчқаларга йўл бўшатиши керак. Ахир бу ерда ҳамма тенг ҳуқуқли деб эълон қилинганди-ку! Маълум бўладики, шиор аслида "Ҳамма ҳайвонлар тенгдирлар, бироқ айрим ҳайвонлар бошқаларидан кўпроқ тенгдирлар" кўринишида бўлган экан...

Молхона эгаси Жонс фермани чўчқалардан тортиб олиш учун қўшин тортиб келганида, икки ўртадаги урушда ҳайвонлар ғалаба қозонади. Урушда қозонилган ғалаба шарафига ҳар бир ҳайвонга биттадан олма берилади.

Бор кучини ҳайвонизм ғояларини қора меҳнати билан рўёбга чиқаришга бағишлаган Боксёр номли от ишга ярамай қолганида қассобга топшириб юборилади. Ҳайвонлар бундан бошда ҳайрон, сўнг норози бўлиб турганларида, уларга "Фургон қачонлардир қассобхонага тегишли бўлган, аммо яқинда уни ветеринар шифохона сотиб олган, лекин ҳали эски ёзувларни бўяшга улгурмаган. Ҳамма тушунмовчилик шундан келиб чиққан" деган тушунтириш берилади.

Меҳнатни бошқалар  қиладию, ҳузур-ҳаловатни фақат чўчқалар кўради. Бунга қарши норозиликлар бўлмаслиги учун ора-орада қатллар уюштирилади ва шу тариқа тузумга қаршиликларнинг олди олинади.

Умуман, асарда мустабид тузумларнинг воқеа-ҳодисаларни сохталаштириш, ҳукм юргизишдаги услублари ўзига хос тарзда баён қилинади. Оригиналида "Animal Farm" деб номланувчи асарни "Молхона" шаклида ўзбек тилига Карим Баҳриев ўгирган.

Асардан иқтибослар

Сноубол, бундан ташқари, ҳайвонлар қўмитаси деб аталадиган ташкилотларни тузиш билан шуғулланарди. Бу иш билан шуғулланиш унга чарчоқ билмас бир қувват бахш этарди. У товуқлар учун тухум ишлаб чиқариш Қўмитасини, сигирлар учун тоза думғазалар Лигасини, ёввойи ўртоқлар учун иккиламчи таълим Қўмитасини (унинг мақсади каламушлар ва қуёнларни қўлга ўргатиш эди), ёш қўйлар орасида тоза жун етиштириш Ҳаракатини, Ёш чўчқалар Иттифоқини ва бошқа кўплаб қўмиталарни ташкил этди.

* * *

Инсоннинг ўзига хос белгиси - унинг қўлларидир, бу қўл ёрдамида у ўзининг барча ёвузликларини амалга оширади.

* * *

Агар Ассамблея мажлисларида ўзининг улуғ нотиқлик маҳорати туфайли Сноуболнинг қўли баланд келса, Наполеон орқаваротдан ҳал қилинадиган ишларга устаси фаранг эди. Уни айниқса қўйлар ҳурмат қиларди. Гоҳида қўйлар, нима бўлаётганидан қатъи назар, жўровоз бўлиб ёки алоҳида "Тўрт туёқ - аъло, икки туёқ - расво"ни барашни бошлар ва Ассамблеянинг иши тугарди.

* * *

...ҳайвонлар ҳамиша айни пайтда гапириб турганларни қўллаб-қувватлаб кетаверардилар.

* * *

 ...бу барча умрбод очлик ва калтакланишлардан қутулган, ҳамма қобилиятига кўра меҳнат қиладиган ва худди у ўша кеча адашган ўрдакларни ҳимоя қилгани каби, кучлилар заифларни ҳимоя этадиган ҳайвонлар ҳамжамияти бўлади деб орзу қилганди... Бунинг ўрнига эса, у нега бундай бўлганини билмасди, ҳеч ким миясига келган эркин фикрини айта олмайдиган, фикр айтганлар ёнига дарров кўппак кучуклар ғингшиб, пайдо бўладиган, сенинг эркни талаб қиладиган жонивор биродарингни қандай қон тўкиб, парча-парча қилишларини кўзинг билан кўриб ўтиришга мажбур бўлган, айбсиз жониворлар даҳшатли жиноятларга иқрор бўладиган жамият қурилди.

* * *

Ҳайвонлар оғир меҳнатда эришган ва эришмаган ҳар бир ютуқ учун, ҳар бир муваффақият учун Наполеонга миннатдорчилик билдириш одатга айланди. Бир товуқ иккинчи товуққа шундай деганини эшитиш мумкин эди: "Доҳиймиз ўртоқ Наполеоннинг доно раҳбарлиги остида мен беш кунда олтита тухум туғдим" ёки иккита сигир сувлоқда туриб, доҳийни шундай олқишларди: "Ўртоқ Наполеонга раҳмат, унинг раҳбарлиги остида сувлар шунақа мазали бўлиб кетди!"

* * *

Қичқироқ тушунтирардики, чўчқалар ҳар куни "статистика", "ҳисобот", "қайднома" ва "эслатма" сингари сирли ҳужжатлар устида тер тўкадилар. Бу жуда катта, зич ёзилган ва ёзиб тугалланганидан сўнг, оловда ёқиб юбориладиган қоғоз варақлари эди. Молхонанинг ривожланиши шунга боғлиқ, деб тушунтирарди Қичқироқ. Бироқ на чўчқалар, на кўппаклар ўз меҳнатлари билан бирор озуқа ёки маҳсулот яратмасдилар; лекин бу улкан жамоанинг иштаҳаси юҳодай эди.

* * *

Ҳайвонлар сездиларки, муаммонинг ечими йўқ, ҳар ҳолда, уларнинг бундай мавзуларни мулоҳаза қилишга вақтлари деярли йўқ. Фақат кекса Бенжамин ўзининг узун умридаги ҳар бир чизиқни эсларди, у билардики, бу дунёда ишлар ҳамиша шундай давом этган, яхши ҳам, ёмон ҳам бўлмаган. Қуйидагилар ишлаган, юқоридагилар еб-ичган, ҳайвонлар учун ҳамиша очлик, қашшоқлик ва ҳайроналик ҳасрати. Бу фоний дунё ҳаётининг рад қилиб бўлмас тартиботи шундоқдир.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo