Бунёдкорлик
Қарши шаҳридаги Кунчиқар маҳалласида фуқаролар йиғини янги биносининг очилиш маросими катта тантанага айланиб кетди.
Тадбирда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири Турсинхон Худайбергенов, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Муротжон Азимов, шаҳардаги барча маҳаллалар оқсоқоллари ва фаоллари иштирок этди.
Очилиш маросимида таъкидланганидек, маҳалла давлат ва жамият ўртасида ўзига хос бир кўприк бўлиб, юртимизда тинчликни таъминлаш, фаровонликни ошириш, олиб борилаётган ислоҳотларни татбиқ этиш, ёшларни Ватанга содиқ қилиб тарбиялашда муҳим вазифаларни бажариб келмоқда.
- Айни пайтда маҳалламизда 1049 та хонадон, 1870 та оила мавжуд бўлиб, 4083 нафар аҳоли яшайди, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шодиой Мансурова. - Маҳалла фаоллари анча йиллардан буён таъмирланмаган, эски кўринишдаги бинода фаолият юритиб келаётган эди. Гузаримизнинг 2019 йилги "Обод маҳалла" дастурига киритилиши биз учун айни муддао бўлди. Дастур доирасида 2019-2020 йилларда ичимлик суви қувури ҳам барпо қилиниб, канализация тизими яхшиланди. Шунингдек, 420 ўринли 41-ихтисослаштирилган мактаб-интернат, хусусий мактаб қурилди. Тадбиркоримиз томонидан 155 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қуриб битказилган бўлса, 75 ўринли давлат боғчаси капитал таъмирланди.
Янги қурилган маҳалла биносида маҳалла раиси, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд бўлиб, ҳар бири замонавий моддий-техника воситалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланган. Бу эса улар фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш имконини беради.
Шоҳиста БОЗОРОВА