Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

17.11.2020


КУРАШ ТУГАГАЧ, ҚУРОЛ ҲАМ ДАРДИСАРГА АЙЛАНАДИ

Сараланган сатрлар

"Ёзиш - далиллар ўрнига шунчаки ҳарфларни қўйиб чиқиш эмас, ёзиш - хавфли саёҳатга отланиш деган гап" деган эди япон адиби Кобо Абэ. 1924-1993 йилларда яшаган муаллиф "Яшик одам", "Қумдаги аёл", "Худди одамдек", "Бегона юз" каби асарларида ўзи таъкидлагани каби ҳақиқий воқеликда чинакамига ларзага солувчи нарсалар бисёрлигини исботлади.

Ҳозирги давр адабиётининг энг антиқа ва жумбоқли асари сифатида баҳоланган "Қумдаги аёл" романи чўлда ноёб қурт-қумурсқа излаб юрган тадқиқотчининг қум уюмлари орасида ҳаёт кечираётган аёл  уйига бориб қолиши воқеалари билан бошланади. Уй ҳам қаерда: қум уюмлари ҳосил қилган жарликда. Мудом юқоридан қум ёғиб туради, тозалаб турмасанг, кулба босиб қолиши мумкин, қумнинг иссиғидан кечаси ётиб бўлмайди, юзни ёпмасанг, тонггача бутун тананг майда зарраларга кўмилади. Албатта, ҳашаротшунос бу ерда қолмоқчи эмас, бироқ тоби қочиб бир муддат қумли харобада бўлишига тўғри келади. Ўзига келгач, қайтаман деса, юқорига чиқадиган арқон жойида йўқ. У қилади, бу қилади, бу ерни тарк этишга зўр бериб чиранади, бироқ уддасидан чиқолмайди - қум уюмлари тиккага кўтарилиш имконини бермайди. Боз устига аёл ҳам унинг кетишига қарши. Тепадан эса қишлоқда яшовчилар аҳён-аҳёнда ҳаёт кечиришга яроқли нарсалар ташлаб кетишади.

Ҳашаротшунос бир гал бу ердан қочишга эришади, аммо тепадагилар ушлаб, яна қумжарга келтириб ташлашади. Тақдирга тан берган тадқиқотчи эса вақт ўтиб қум сув тўплашини сезиб қолади. Сув эса бу ерда яшовчилар учун энг бирламчи маҳсулот, бир пайтлар зўр бериб қочишга уринган одам энди бу ердаги одамларга ёрдам беришга киришади. Ноёб ҳашаротларни йиллар давомида ўрганиб айтарли натижа топмаган  мутахассис ўзи мутлақо кутмаган жойда кашфиётга эришади.

Миқёсни кичикроқ олиб, асардаги рамзни оила мисолида талқин қилсак, оила, турмуш масалаларига худди қум уюмлари орасида яшаш машаққати каби қарайдиган инсонлар ҳам йўқ эмас. Улар аллақандай ҳашаротларни ўрганиш каби "буюк" мақсадлари оила аталмиш тор доирада йўқликка маҳкум бўлганидан куюнишади ва чинакам кашф этувчига макон аҳамиятсиз эканини хаёлларига келтиришмайди...

Агар қумликни бир хонадон ва "юқори"ни жамиятнинг бошқа, бошқарувчи қисми, деб қарасак, инсон ва жамият ўртасидаги муносабатлар кўринади. Жамият учун жон куйдириб хизмат қиласизу, унинг учун унутилган, арзимас буюмсиз: қумлар орасидами, чўлнинг ўртасидами, биров қизиқмайди. Юксалишга интиласиз, қумга итқитиб ташлашади. Хуллас, инсон ўзининг қаерда ва кимга керак эканини англаб яшаса, у ўша ерда бахтли ва қадрлидир...

1963 йилда Япониянинг Йомиури мукофотига, 1968 йилда Францияда чет эллик муаллифга энг буюк бадиий асар учун бериладиган мукофотга сазовор бўлган роман, албатта, айтганимиздан кенгроқ ва теран маъноларни ўзида мужассам этгани шубҳасиз. Роман асосида режиссёр Хироси Тэсигахара тасвирга олган кинофильмга Канн халқаро кинофестивалининг энг яхши чет эл тилидаги асар мукофоти берилгани ҳам эътиборга моликдир.

Ўйлаймизки, асар мутолааси адабиёт ва ҳаёт ҳақидаги қарашларингизни янада бойитади.

* * *

Жазо таҳдиди бўлмаса, қочиш қувонч бахш этмайди.

* * *

Суиқасд ва бахтсиз ҳодисалардан далиллар қолади; ўғирлаб кетишлар юз берган тақдирда ҳар доим уларнинг сабабларини аниқлаш мумкин. Аммо йўқолишнинг бошқача бирор сабаби бўлмаса, йўқолган одамнинг изини топиб олиш жуда қийин бўлади.

* * *

Узлуксиз ҳаракатдаги қумнинг бу манзараси уни таърифлаб бўлмайдиган даражада тўлқинлантирар ва шошилтириш учун савалаётгандек туюларди. Қумнинг одатда тасаввур қилинадиган бесамарлиги шунчаки қуруқлигидан эмас, балки бирор мавжудот дош беролмайдиган муттасил ҳаракати билан изоҳланади. Бу ҳар куни бири-бирига чирмашиб оладиган одамларнинг мунгли ҳаётига нақадар ўхшаш.

...Агар қўзғалмас қоя улоқтириб ташланса ва ўзингни қум ҳаракатига бахшида қилсанг, рақобат ҳам тугайди. Ахир саҳрода ҳам гуллар ўсади, қумурсқа ва йиртқичлар яшайди...

У тасаввурида қумнинг ҳаракатини кўз олдига келтирар ва хаёлот дунёсига шўнғирди - ўзини ҳам ана шу поёнсиз оқимда кўрарди.

* * *

Буни, ҳа шундай, Рим империясининг сабуляцияси деб атайдилар... Умар Хайём куйлаган шаҳарлар-чи... Уларда тикувчилик устахоналари, қассоблик дўконлари, бозорлар бўлган. Уларни чирмашиб кетган кўпдан-кўп йўллар ўраб олган, йўлларни эса ҳеч нарса жойидан қўзғатолмайдигандек эди. Шулардан ақалли бирортасининг йўналишини ўзгартиш учун давлатлараро бир қанча йил урушиш керак бўларди... Собит эканлигига бирорта одам ҳам шубҳаланмаган қадимий шаҳарлар... Аммо оқибатда улар ҳам 1/8 мм диаметрли ҳаракатчан қум оқими қонунига бардош беролмадилар.

* * *

Чинакам эркак пўлат ва темир бетондан қилинган қанчадан-қанча деворларни бузиб қочиб кета олиши мумкин. Қулфга кўзинг тушиши билан, унинг калити бор-йўқлигини суриштирмай туриб, умидсизланиш ярамайди.

* * *

Норозилик изҳор қила туриб овқатни паққос туширавериш кулгили бўлади. Ҳатто ит ҳам овқат бераётганларида суллоҳлик қилмай, жим туради.

* * *

Агар шиллиқ қуртнинг кўзлари билан қаралса, қуёш ҳам бейсбол тўпининг тезлигида юрса керак.

* * *

Ўқитувчилар доимо ўзларига хос алоҳида бир ҳаёт кечирадиларки,  бошқалар бунга ҳасад билан қарайдилар. Йил сайин уларнинг олдидан ўқувчилар худди дарё сувларига ўхшаб оқиб ўтиб кетадилар, ўқитувчилар эса худди чуқурликка кўмиб қўйилган тошлардек шу оқимнинг тагида қолаверишга мажбурлар. Улар орзу-умид ҳақида бошқаларга гапирадилару, ўз орзу-умидларини эса ҳатто тушларида ҳам кўролмайдилар.

* * *

У аллақайси китобда ҳам ўқиган эди: манзара чизиш санъати қашшоқ табиатли жойларда ривожланган бўлиб, газеталар эса, одамларнинг бир-бирлари билан алоқалари сусайган саноат районларида кўпроқ тараққий топган экан.

* * *

Ҳа, тўғри... бундан ўн йилча муқаддам, вайрон-валангорлик даврида ҳамма ҳам, ҳеч қаёққа бормасам, деб орзу қиларди. Озодликни улар шундай тасаввур қилишарди. Ҳозир улар ўша озодликдан тўйганлар деб айтиш мумкинми?..

* * *

Ўқишга арзийдиган бирорта ҳам мақола йўқ. Хаёлий ғиштлардан қурилган хаёлий минора. Зотан,  дунёда арзийдиган нарсаларгина мавжуд бўлса, воқелик тақилиш хавфли бўлган мўрт, омонат шиша буюмга айланиб қолган бўларди. Аммо ҳаёт ҳам бамисоли газетадаги мақолаларнинг ўзи. Шунинг учун ҳам ҳар ким ҳаётнинг бемаънилигини тушуниб, компас марказини ўз уйига ўрнатади.

* * *

Кема ҳалокатига учраганлар очлик билан ташналикдан эмас, озиқ-овқат билан сув етмай қолиши мумкин деган ваҳимадан ҳалок бўладилар.

* * *

Жуда тўғри: вақт худди отга ўхшаб бирдан шаталоқ отиб, олиб қочмайди. Аммо замбилғалтакка ўхшаб имилламайди ҳам.

* * *

Кураш тугагач, қурол ҳам дардисарга айланади.

* * *

...соқчи ҳамиша душманнинг ҳамласини кутиб, доимо сергак тураркан. Ниҳоят, посбон муштоқ бўлиб кутган душман келибди. Шунда у дарҳол карнайини чалиб, хабар берибди. Бироқ, таажжубки, асосий кучлардан ҳеч қандай жавоб бўлмабди. Ўз-ўзидан равшанки, душман ҳеч қандай машаққатсиз посбонни бир зарб билан ер тишлатган. У жон бераётиб, душманнинг дарвоза, девор ва уйлардан ҳеч қандай қаршиликка учрамай, худди ҳаводек ўтиб келаётганини ғира-шира кўргандек бўлибди. Аслида эса душман ҳавойи эмас, қўрғон ҳавойи экан. Ёввойи даштдаги қовжираган дарахтдек якка-ёлғиз посбон бир умр хулёни қўриқлаб келган экан...

* * *

Дунё шундай нарсаки, унда ҳаёт кечириш - вазиятлар занжири билан баробардир... Бошқа сўз билан айтганда, унинг бутун латофати ўлимга мансубдир.

* * *

Ёввойи ҳайвонлар ҳақидаги, уруш ҳақидаги фильмларнинг латофати ҳам худди шунда-да! Гарчанд улар воқеликка жуда яқин бўлсалар-да, ҳаттоки кишини юрак ўйноғигача олиб борсалар-да, аммо кинодан чиқишинг билан ташқарида сени кечаги куннинг давоми бўлган бугунги кун қарши олади...

* * *

Агар нуқсонсизликнинг қандайдир бир андазаси бўлмаса, нуқсонни аниқлашнинг ҳам имкони бўлмасди.

* * *

Инсон ҳаёти - сочиб юборилган қоғоз парчалари эмас. У ёпиқ, қунт билан тикилган кундаликдир.

* * *

Ёзувчи бўлиш истаги - одатий худбинликдир. Бу қўғирчоқ ўйнатувчи бўлиш ва бу билан ўзини бошқа қўғирчоқлардан ажратиб кўрсатишга интилишдир. Аёллар худди шу мақсадда пардоздан фойдаланишади.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo