Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

06.08.2019


ҚУРОЛ ВА УНИНГ ЎҚ-ДОРИЛАРИ МУОМАЛАСИ ҚАНДАЙ ТАРТИБГА СОЛИНАДИ?

Қандай қурол турлари мавжуд?

Ҳужжатда қурол, қурол муомаласи, совуқ қурол, ўқотар қурол ва қурол эгаси каби сўзларга таъриф берилган. Унга кўра, қуроллар фуқаровий, хизмат ва жанговар қурол турларига бўлинади. Ов ва спорт билан шуғулланиш учун ҳамда ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол фуқаровий қурол ҳисобланади. Унга ов қуроли, спорт қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли киради. Газли қуроллар ва электрошок қурилмалари ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли ҳисобланади. Фуқаровий ўқотар қурол қаторасига ўқ узишни истисно этиши ва ўқдон сиғими ўн дона патрондан ортиқ бўлмаслиги керак. Фуқаровий ва хизмат қуроли олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда Миллий гвардия органларида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, махсус хат-хабарларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг ходимлари ҳамда давлат органлари мансабдор шахслари томонидан шахсий     хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол хизмат қуроли жумласига киради. Бу тоифага кирувчи давлат органлари мансабдор шахсларининг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Қонунда фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласига татбиқ этиладиган чекловлар ҳам белгиланган.

Ов қуролларига сойли стволли; силлиқ стволли ўқотар қурол, шу жумладан, сойли қисмининг узунлиги 140 миллиметрдан ошмайдиган; комбинацияланган (сойли стволли ва силлиқ стволли), шу жумладан, алмаштириладиган ва жойлаштириладиган сойли стволли ўқотар қурол; оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик қурол; тиғли совуқ қурол (ов пичоқлари, ов ханжарчалари ва ханжарлар); сигнал берувчи қурол киради.

Спорт қуролига эса сойли стволли; силлиқ стволли ўқотар қурол; тиғли совуқ қурол (рапиралар, шпагалар ва қиличлар); улоқтирувчи қурол (камонлар, арбалетлар ва найзалар); оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори бўлган пневматик қурол; сигнал берувчи қуроллар киради.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти хавфсизлиги давлат хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ҳарбий тузилмалари қуроллантирилган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат  вазифаларини бажариш учун мўлжалланган қурол жанговар қурол жумласига киради. Жанговар қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш фақат махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар томонидан амалга оширилади. Жанговар қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Қурол ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига кимлар эга?

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига қуйидагилар эга: махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар; махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар; қурол ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи юридик шахслар; қуролни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахслар; овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар; қуролни коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар; Ўзбекистон Республикаси фуқаролари; чет эл фуқаролари; Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар.

18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари фуқаровий спорт қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини, 21 ёшга тўлган фуқаролар фуқаровий ов қуролини олиш ҳуқуқига эга.

Рухсатнома олиш тартиби қандай?

Фуқаровий қуролни олишга доир рухсатнома учун Ўзбекистон фуқароси доимий яшаш жойи бўйича Миллий гвардия органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилиши керак: ариза, шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт), қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига оид билими текширувдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тиббий хулоса, йиғим тўланганини тасдиқловчи ҳужжат, овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси (ов қуролини олиш учун), овчилар жамоат бирлашмасининг тавсияномаси (сойли стволли ов ўқотар қуролини, шунингдек, оғиз қисмидаги қувват 65 жоулдан юқори ва калибри 9 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролини олиш учун); отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан берилган спортчи гувоҳномаси (спорт қуролини олиш учун).

Миллий гвардия органлари томонидан бериладиган 3 ойлик рухсатномалар асосида фуқаровий ва хизмат қуроли олиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари, фуқаролари, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Миллий гвардия органларининг рухсатномаси асосида фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини белгиланган тартибда сақлаш ҳуқуқига эга. Уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунда белгиланган.

Фуқаровий ва хизмат қуролини сақлаш ҳамда олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган шахслар зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида ўз ҳаёти ва соғлиғини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда мол-мулкни ҳимоя қилиш учун қуролни қўллаши мумкин. Фуқаровий қуролни ов ва спорт билан шуғулланиш учун қўллаш, шунингдек, хизмат қуролини қўллаш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси олган, унинг эгалигида турган сойли стволли ов ўқотар қуролининг умумий сони - учтадан, силлиқ стволли ўқотар қуролнинг умумий сони - бештадан ошмаслиги керак. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари

Report typo