Австралияда яшовчи аёл ўзига омад кулиб боққанидан бехабар ҳолда ютуқли лотерея чиптасини бир ойдан ортиқ вақт давомида чўнтагида олиб юрди, дея хабар беради Upi манбаси.
Аёлнинг айтишича, лотереяни дорихонадан қайтим эвазига олган ва икки кундан кейин чипта ҳақида умуман унутган. Орадан маълум вақт ўтгандан сўнг, у янгиликлар дастури орқали ютуқли ўйин ташкилотчилари ўзларига ҳамон мурожаат этмаётган миллион долларлик жекпот ғолибини қидираётгани ҳақида эшитиб қолади.
Шу тасодиф ортидан ўзининг лотерея чиптаси ҳақида эслаган аёл уни текшириб кўришга қарор қилган. Қарабсизки, ўйинга тикилган йирик миқдордаги пул соврини ғолиби айнан у бўлиб чиқди. Энди жекпот совриндори ушбу маблағни банкдан олган ипотека кредитини сўндиришга ва заргарлик буюмлари сотиб олишга сарфламоқчи.