- Гепатит юқумли вирусли касаллик бўлиб, унинг бир нечта тури мавжуд. А гепатит вируси соғлом киши организмига оғиз орқали тушиб, нажас ва сийдик билан ажралиб чиқади. Шу боис, одатда у билан гигиена қоидаларига риоя қилмайдиган болалар оғрийди. У юқишидан бошлаб, 7-50 кун оралиғида тана сарғаяди. Инкубация даврининг охирида бадан сариқлашмагунча касаллик юқумли бўлади. Кўпинча тана ҳарорати ошиши, гриппга ўхшаш аломатлар билан кечади, ундан ташқари, пешоб тўқ рангга киради, нажаснинг эса, аксинча, ранги очлашади. Соғлом одам бемор ёки вирус ташувчи билан кўришганда, унинг буюмларидан фойдаланганда, шунингдек, сув, озиқ-овқат ва бошқалар орқали унга касаллик юқиши эҳтимоли бор. Санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинмаганда, яъни овқатланишдан аввал, ҳожатхонага кириб чиқилгандан кейин қўллар совунлаб ювилмаганда, сабзавот ва мевалар ювилмай истеъмол қилинганда вирус ички аъзоларга тушади. Бу дарднинг яна бир номи “ифлос қўл касаллиги” дейилиши боиси шунда.
Гепатитнинг B тури жуда хавфли ҳисобланади. У “зардобли гепатит” деб ҳам аталади ва қондан ўтади. Даражаси турлича бўлиб, жигар циррозига олиб келиш хавфи мавжуд. Тиш чўткаси, стоматологик асбоблар, маникюр анжомлари, шприцлар касаллик ўтказувчилардир. Ундан ташқари, ҳомиладор онадан боласига, шунингдек, жинсий алоқа орқали ҳам ўтиши мумкин. Одатда, касаллик юққанидан бошлаб 50-180 кун ичида намоён бўлади. Тана ҳароратининг ошиши, бадан қақшаб оғриши, қайт қилиш ва кўнгил айниши унинг аломатларидир. Касалликнинг олдини олиш учун стерилланган асбоблардан, бир марталик шприцдан фойдаланиш керак. Гепатит B ни даволашда иммунитетни оширувчи дорилар, гормонал препаратлар ва антибиотиклар қўлланилади. Энг яхши профилактика воситаси бу - касалликка қарши эмлашдир.
Гепатитнинг С тури энг оғир шакли бўлиб, асосан, қон қуйиш орқали юқади. Айрим ҳолларда жинсий алоқа орқали ва оғироёқ аёлдан ҳомиласига ўтиши мумкин. Дунё миқёсида тахминан 500 миллион одам С гепатити вирусини ташувчи ҳисобланади. Касалликнинг инкубацион (яширин) даври 20-120 кун давом этади. Одатда инфекция билан зарарланган одамларнинг 25 фоизидагина сарғайиш ҳолатлари кузатилади. Кўпинча касаллик ҳеч қандай клиник белгиларсиз ўтади. Шу сабабли С гепатитига чалинган беморлар ўзларида хасталик белгиларини сезишмайди. Касалликнинг илк даврини ўтказиб юбориб, сурункали турга ўтганида шифокорга мурожаат қилишади. Кўпинча фуқаролар ишга, ўқишга кириш ёки чет элга чиқиш муносабати билан тиббий кўрикдан ўтишади. Қон таҳлилларини ўтказиш жараёнида уларда С гепатити вируси борлиги аниқланса, шундан кейингина шифокорга мурожаат қилишади. Шифокор қабулига келган беморларнинг 87 фоизи ҳеч қандай безовталикдан шикоят қилишмайди, 23 фоизигина ҳолсизлиги, иштаҳасизлиги, кўзининг оқи сарғайганидан нолишади. Қони таркибида билирубин ва ферментлар меъёридан ошиб кетган, УТТда жигарида ўзгаришлар кузатилган беморлар касалхонага даволаниш учун ётқизилади.
1989 йилнинг охирида аниқланган С гепатит вируси замонавий тадқиқотлар натижасида энг маккор вирус ҳисобланади. У жуда ҳам ўзгарувчан бўлганлиги боис беморнинг иммун тизими С гепатит вирусига қарши ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришга улгурмайди. Шу сабабли бу касаллик, асосан, сурункали кечади ва инсон организмига узоқ йиллар давомида яширин ҳолатда зиён етказиб боради. Бундай беморлар даволаниб чиққанларидан кейин ҳам бир йилгача диспансер назоратида туришлари, парҳез қилишлари, оғир меҳнат қилмасликлари, йилда бир маротаба юқумли касалликлар шифокори кўригидан ўтиб туришлари зарур.
Гепатитнинг D тури вируси мустақил яшай олмайди, шунинг учун у гепатит B га қўшилган ҳолда жигарга зиён етказади. Гепатит D ҳам қон қуйиш натижасида юқади. Кам ҳолларда онадан ҳомилага ва жинсий алоқадан юқади. Унинг аломатлари гепатит B никига ўхшаш, асорати анча оғир бўлиши мумкин. Юққанидан сўнг бир ҳафтадан олти ойгача муддатда намоён бўлади.
Гепатитнинг Е тури гепатит А га ўхшаб кетади. Ифлосланган сув орқали юқади. Бу касаллик аксарият ҳолларда иссиқ об-ҳаволи мамлакатларда учрайди. Аломатлари ич кетиши, тана ҳароратининг озгина кўтарилиши ва умумий ҳолатнинг ёмонлашувидир. Гепатит А дан фарқли томони - ҳомиладор аёлнинг учинчи уч ойлигида вирус ўлимга олиб келиши мумкин. Касаллик 2-4 ҳафтада тузалади, лекин бошқа гепатит турларидан фарқли ўлароқ, нафақат жигарга, балки буйракка ҳам зиён етказади.
Тиббиётнинг истиқболи - касалликларни даволашда эмас, балки уларнинг олдини олишда. Бунинг энг самарали усули эса аҳолининг тиббий билимини янада ошириш, гигиена талабларига қатъий риоя қилинишига эришишдир.
Ш.БОЗОРОВА ёзиб олди.