Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) талқини бўйича жаҳон чемпиони, британиялик ўта оғир вазнли спортчи Тайсон Фьюри боксдаги фаолиятини тугатишни режалаштираётгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг ватандоши Диллиан Уайтга қарши ўтказилган жангда рақиби устидан нокаут билан ғалаба қозонганидан сўнг гапирган.
"Турмуш ўртоғимга 14 йиллик чиқишларимдан кейин рингга қайтмасликка ваъда бергандим. Мен сизларни, мухлисларни яхши кўраман. Сизлардан миннатдорман, "Уэмбли" (стадиони)да жанг қилиш менга ёқди. Илиқ қарши олгани учун Буюк Британияга раҳмат. Мен сўзида турадиган одам бўлишим керак - ўйлашимча, ҳаммаси шу. Бу "Лўлилар қироли"нинг (лақаби шундай) боксдаги охирги чиқиши бўлиши мумкин", деган у жангдан кейин.
Шунга қарамай, боксдаги фаолиятини якунлашини эълон қилган Фьюри спортдан кетмаслиги, шунчаки рингни октагонга алмаштиришини истисно қилмаган: "Мен бокс бўйича жаҳон чемпиони, аралаш яккакурашчи Нганну UFC чемпиони. У жуда яхши спорт формасида, кўриниши ажойиб. Бизнинг жанг рингда ёки октагонда ўтадими, бу муҳим беллашув бўлади. Сиз ҳали спорт тарихида бунақасини кўрмагансиз".
Эслатиб ўтамиз, Тайсон Фьюри енгилмас боксчи саналади. Унинг ҳисобида 32 ғалаба (23 таси нокаут билан), битта дуранг бор.