Эътиборли жиҳати, бугун бу ишни тадбиркорлик йўналиши сифатида танлаб, уни муҳим даромад манбаига айлантирганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Қарши шаҳри Арабхона маҳалласида яшовчи Даврон Ҳамраев ҳам оила аъзолари билан биргаликда анъанавий усулда гилам тўқиш фаолиятини йўлга қўйган.
- Гилам тўқиш билан оилавий шуғулланамиз, - дейди у. - Бу ҳунарни турмуш ўртоғим, фарзандларим ҳам яхши ўзлаштирган. Мамлакатимизда тадбиркорлар, ҳунармандлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, имтиёзлардан унумли фойдаланиб, шу ҳунар асосида ўз тадбиркорлик фаолиятимизни йўлга қўйиш, ишни кенг миқёсда олиб боришга қарор қилдик. Ҳозир бир неча турдаги гилам ва бошқа тўқувчилик буюмлари ишлаб чиқармоқдамиз. Шу билан бирга, турли кўргазмаларда намойиш этаяпмиз.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, бугун гиламчилик саноати жуда ривожланиб кетган. Бозорда саноат усулида тўқилган, бежирим дизайнга эга гиламлар кўп. Аммо бу анаъанавий усулда, қўлда тўқилган гиламлар урфдан қолди, дегани эмас. Ҳар иккисининг ҳам харидорлари топилади.
- Айни пайтда гилам билан биргаликда қўлда йигирилган жун ипдан турли буюмлар, мисол учун, хуржун, сумка, ҳамён, шунингдек, безак сифатида фойдаланиш учун кичик шолчалар тўқишни ҳам ўзлаштирдик, - дейди Даврон Ҳамраевнинг турмуш ўртоғи Гўзал Боқиева. - Албатта, қўлда, машаққатли меҳнат эвазига яратилган буюм ҳар доим кишининг эътиборини тортади. Бизнинг маҳсулотларимиз ҳам ички бозорда харидоргир. Қолаверса, буюртма қилувчилар ҳам кўп. Шу боис ишни янада кенгайтириш, шогирдлар тайёрлаб, уларни ҳам шу фаолиятга жалб этиш ҳақида ўйлаяпмиз.
Албатта бир ҳунарни шунчаки ўзи учун бажариш бошқа, ундан тадбиркорлик йўриғида фойдаланиш бошқа. Яъни, иккинчисининг ҳунар эгасига ҳам, атрофдагиларга ҳам нафи кўпроқ. Ҳунармандларнинг давлат даражасида қўллаб-қувватланаётгани моҳияти ана шунда намоён.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ