Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Ла-Манш остида туннель қурган компания Яккабоғ-Қарши магистрал сув қувурини барпо этади

01.02.2024


Ла-Манш остида туннель қурган компания Яккабоғ-Қарши магистрал сув қувурини барпо этади

Қашқадарё ва дунё

"Eiffage" компанияси (Франция) Қашқадарё вилоятида жаҳон андозаларига жавоб берадиган ва узоқ муддат хизмат қилишга мўлжалланган сув қувурларини қуриш, энергия ва сув тежамкор технологияларини татбиқ этиш ҳамда сув инфратузилмасини самарали бошқариш тизимини жорий этиш лойиҳасини муваффақиятли амалга оширишни мақсад қилган.

"Дунё" ахборот агентлигининг хабар беришича, бу ҳақда "Eiffage" компаниясининг халқаро сув ва атроф-муҳит бўйича директори Николя Сюро Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси дипломатлари билан ўтказилган учрашув чоғида сўз юритди. Бунда у вилоятимизда кейинги беш йил ичида рўёбга чиқарилиши режалаштирилган "Яккабоғ-Қарши магистрал сув қувурини қуриш ҳамда мавжуд сув тақсимлаш иншоотларини реконструкция қилиш" лойиҳасини назарда тутган.

Илгари хабар берганимиздек, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 2022 йил октябрь ойида "Ўзсувтаъминот" акциядорлик жамияти ва "Eiffage Génie Civil" компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Унга асосан "Eiffage Génie Civil" компанияси лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши (ТИА)ни ишлаб чиқиб, Яккабоғ-Қарши йўналишидаги 82 километр узунликдаги магистрал сув қувури ҳамда тўртта 10 минг куб метр ҳажмли сув сақлаш иншоотларини қуриш учун барча зарурий чораларни кўриши лозим эди. Шу мақсадда Франциянинг Молия вазирлиги томонидан 123,2 миллион евро миқдорида имтиёзли кредит ажратилиши мўлжал қилинган.

"Қашқадарё сув таъминоти" акциядорлик жамияти мутахассисларининг маълум қилишича, ўтган йил июль ойида "Eiffage" компаниясининг вакиллари вилоятимизга келиб, лойиҳа амалга оширилаётган жой ва мавжуд шарт-шароитларни батафсил ўрганишган ва ТИА учун зарур бирламчи ҳужжатларни тайёрлаб кетишган. Шу жараёнда лойиҳага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб, сув сақлаш иншоотларини қуриш ўрнига сув ишлаб чиқариш иншоот (скважина)ларини таъмирлаш ва тиклаш зарурлиги ҳақида фикрлар билдирилган.

"Дунё" АА мухбирининг маълум қилишича, яқинда Францияда "Eiffage" компанияси ва ўзбекистонлик дипломатлар ўртасида ўтказилган мулоқот чоғида сув қувурларини қуриш, энергия ва сув тежамкор технологияларини жорий этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистонда  қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларни "Eiffage" компанияси томонидан ташкил этиладиган ўқув дастурларида малака оширишларини таъминлаш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишларда ўзаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва улар юзасидан тегишли музокаралар ташкил этишга келишиб олдилар.

Маълумотларга кўра, "Eiffage" Франциядаги энг йирик қурилиш ва инжиниринг компанияларидан бири бўлиб, у кўплаб мамлакатларнинг йирик қурилиш лойиҳаларида иштирок этмоқда. Компания узунлиги 50 километрдан ортиқ бўлган Ла-Манш канали остидаги туннель, баландлиги 343 метр бўлган дунёдаги энг баланд автомобиль кўприги сифатида тан олинган "Милло виадук" кўприги ва тезюрар темир йўл каби муҳим объектларни барпо этган.

Ўз навбатида "Eiffage Génie Civil" компанияси "Eiffage" гуруҳининг "Infrastructures" бўлинмаси таркибий қисми ҳисобланиб, саноат ва фуқаролик қурилиши, транспорт инфратузилмаси, сув таъминоти станциялари ва чиқиндиларни тозалаш иншоотлари, гидротехника қурилмаларини лойиҳалаштириш ва бунёд этиш ҳамда яна бир қатор жабҳаларда фаолият кўрсатади. Унинг мутахассислари иштирокида Францияда Пьер Моруа стадиони, Иври-Париж XIII чиқиндиларни қайта ишлаш маркази, Сена Авал оқова сувларни тозалаш станцияси ва бир қатор автомагистраллар, шунингдек, Кот-д'Ивуарда Сингробо-Ахуати гидроэлектрстанцияси, Мавритания ва Сенегалда Гранд Торту-Ахмейим кони газ терминали, Колумбияда Пуэрто Антиокия бандаргоҳи каби кўплаб йирик объектлар лойиҳалаштирилган ва қурилган.

Report typo