Билиб қўйган афзал
Кейинги пайтларда телевизорда, интернетда, кўча-кўйда лаби шиширилган, юз шакли ўзгартирилган хотин-қизларга тез-тез дуч келяпмиз. Хўш, бу борада динимиз ҳукми қандай? Пластик жарроҳликка рухсат бериладими? Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати бунга қуйидагича муносабат билдирди:
Пластик жарроҳликнинг жоиз ва ножоиз турлари бор. Жоиз турига туғма ёки ҳаёт давомида орттирилган нуқсонларни кетказиш ва даволаш киради. Ножоиз тури мўътадил, соғлом аъзони янаям чиройли қилиш мақсадида катта ё кичик қилиш ёки бошқа шаклга киритишдир.
Пластик жарроҳликнинг ножоиз тури шариатимизда катта гуноҳ бўлиб, Аллоҳ таоло яратган хилқатни ўзгартириш ҳисобланади. Бу ишни қилган ҳам, қилдирган ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан лаънатлангандир.
Зарурат юзасидан қилинадиган пластик жарроҳликка тана аъзосини ўз вазифасига қайтариш, моддий ёки маънавий зарар бўлса, ортиқча бармоқни олиб ташлаш ёки ёпишиб қолган бармоқларни ажратиш, қийшиқ бурунни тўғрилаш, соч экиш ва шунга ўхшаш амалиётлар киради. Бундай нуқсонлар куйиш, касаллик ва бошқа сабаблар билан пайдо бўлган бўлса ҳам, уни пластик жарроҳлик йўли билан даволаш жоиз. Чунки даволаниш ҳанафий ва моликий мазҳабида мубоҳ иш бўлса, шофеъий ва баъзи ҳанбалийлар наздида мустаҳабдир ("Фатҳу бабил иная" китоби ва "Кувайт фиқҳ энциклопедияси").
Шу каби, зарарли ортиқча вазнни камайтиришнинг жарроҳликдан бошқа йўли қолмаса, инсонга безарар бўлиш шарти билан пластик жарроҳлик жоиз бўлади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Аржафа ибн Асъад разияллоҳу анҳунинг урушда бурни кесилиб кетганида кумушдан, кумуш мос келмагач тиллодан бурун қилиб олишга рухсат берганлар (Имом Термизий ривояти).
Жоиз бўлган жарроҳликда ҳам, бошқа аъзоларга зарар етмаслиги ёки кутилган фойдадан каттароқ зарар келмаслиги керак. Бу амалиётлар беморнинг рухсати билан ўз соҳасининг моҳир кишилари томонидан амалга оширилади.
Соғлом аъзоларни ҳою-ҳавасга берилиб, ўзгаларга тақлид қилиб юз шакли ёки рангини ўзгартириш, бурун, лаб ёки кўкракни катта ёки кичик қилиш каби ишлар шаръан жоиз эмас. Зеро, шайтон инсонларга Аллоҳ таоло яратган нарсаларни ўзгартиришга буюради, Қуръони каримда шундай дейилади: "(Шайтон айтди:) "Уларга буюраман - Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар". Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди" ("Нисо" сураси, 119-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан бу мавзуда шундай ривоят қилинади: "Пайғамбаримиз алайҳиссалом қош тердирувчи, тишларининг орасини очувчи, баданига игна билан расм чиздирувчи; Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчи аёлларни лаънатлаганларини эшитдим" (Имом Аҳмад ривояти). Шуни таъкидлаш керакки, бу ҳадисда зикр қилинган ношаръий ишларни эркаклар ҳам қилиши мумкин эмас. Касаллик бўлмасдан, одатий ҳолатда юзга ажин тушишини пластик жарроҳлик ёки укол билан кетказиш жоиз эмас.