Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

02.03.2017


ЛАЭТОЛИДАГИ ИЗЛАР КИМНИКИ?

ВУЛҚОН ВАЙРОНАСИДАГИ СЎҚМОҚ

1978 йилда Шарқий Африкада ибтидоий одам қолдиқларини топиш бўйича қидирув ишларида муҳим роль ўйнаган палеоантрополог ва ёзувчилар оиласининг вакиласи Мэри Лики Лаэтолида қазиш ишларини олиб боради. Мазкур қишлоқдан 20 километр нарида сўнган Садиман вулқони жойлашган. Қарийб тўрт миллионча йил аввал у ҳаракатдаги вулқон эди. Бир сафарги отилишида мазкур вулқон тузилиши майда дарё қумини эслатувчи карбонат кулини ер юзига итқитиб ташлайди. Вулқон отилиши, афтидан, бир суткадан ортиқ давом этмаган. Лекин бутун теварак-атроф бир сантиметр қалинликдаги кул қатлами билан қопланган. Вулқон отилганидан сўнг дарров ёмғир ёғади. Кул ивиб қолади, унинг юзида худди эндигина ётқизилган асфальтда қолгани каби бу ердан нима юриб ўтган бўлса, изи қолаверади: филлар, жирафа, антилопа, каркидон, тўнғиз... каби. Кейин бу изларни тропик қуёш қуритади. Мэри Лики гуруҳи шу кул қатламига қадар кавлаб келиб, филнинг бир нечта йирик изига дуч келишди, бу излар ёнида эса одам оёғи изига жуда ўхшаш бўлган излар занжири бор эди. Бу ақл бовар қилмас топилма эди: чунки одамнинг келиб чиқиши ҳақидаги расмий фанда амал қилган назарияга кўра, гоминидлар (одам аждодлари) фақат учламчи даврга келибгина (тўғрироғи, 1,8 миллион йил аввал, ундан илгари эмас), тик юрадиган бўлишган. Олимлар эса 3,7 миллион йил олдин қолдирилган изларни топишганди. Бу эса одам эволюциясининг даврийлик шкаласи ҳақидаги илмий тушунчани бош-оёқ ўзгартириб юборарди. Ҳатто экспедициянинг айрим аъзолари излар шунчалик узоқ вақт мобайнида сақланиб қолиши мумкинлигига ишонишлари қийин бўлди. Бу топилма нуфузли олимлар ўртасида қанчалик қизғин баҳс ва эътирозларга сабаб бўлганини тасаввур қилса бўлади. Бироқ давр тўғри аниқланганига Мэрининг ишончи комил эди, бу қадимий излар одамнинг тик юрувчи аждоди томонидан қолдирилган. Ўзининг комил ишончию ғайрат-шижоатини у барча сафдошларига юқтирди ва иш қизиб кетди. Палеонтологларнинг биргаликда зўр бериб ишлашлари натижасида 23 метр масофада элликтача издан иборат ҳалқа топилди. Изларни емирилишдан сақлаш учун Тим Уайт уларнинг ичига жуда кам миқдорда қуйилган махсус қотиргичдан фойдаланди. Америкалик Луиза Роббинс текшириб кўриб, оёқ излари ҳақиқатда икки нафар гоминид (қадимги одамсимон маймун)га тегишли экани ҳақидаги нуқтаи назарни баён қилди. Эҳтимол, икки одам бирга юришган, улардан бири (оёқ кафти ўлчови каттароғи) эркак, бошқаси эса тахминларга кўра ҳомиладор аёл бўлган. Изларга қараганда, бу турга мансуб гоминидлар миллион йилдан кам бўлмаган вақтдан бери икки оёқда юрган.

ДАРАХТДАНМИ ЁКИ ДАРАХТГА?

Мэри Лики ўша йилнинг ўзида АҚШга келади ва топилма ҳақида журналистларга сўзлаб беради. Унинг кашфиёти дунё олимларини ҳайратга солди. Назария тарафдорлари ҳатто Мэрини қалбакилаштиришда айблашга уринишди. Дарвин таълимотига кўра, қолдиқлари топилган маймун учламчи даврга мансуб дриопитек (дарахтда яшаб, мевалар билан озиқланувчи қадимги маймун, қолдиқлари Шарқий Африка ва Евроосиёдан топилган) бўлиб, дарахтдан ерга тушган ва тик туриб юрувчига айланган. Энгельс ўзининг меҳнат назариясини дарвинча таълимотга илова қилган ҳолда, мазкур қарашни янада ривожлантирди. Энгельс таълимотига кўра, қўлнинг ривожланиши ва меҳнат туфайли маймун одамга айланган.  Лекин кўпчилик олимларда маймун одамнинг аждоди эканига шубҳа уйғотадиган жиддий бир жиҳат бор. Маймунларнинг орқа оёқлари ушловчи вазифасини бажаради, шох ва лианаларга маҳкам, эпчил тирмашиш ва дарахтдан дарахтга тез ўтиш имконини берувчи пишиқ бош бармоғи бор. Одам оёғининг кафти эса таянч учун хизмат қилади ва ушлаш хусусиятига эга эмас. Антрополог В.В.Бунак, инглиз анатоми Фредерик Вуд Жонс, америкалик палеонтолог Г.Осбори, антрополог Г.А.Бонч-Осмоловскийлар маймун одамнинг аждоди бўлолмайди, чунки у ушлай оладиган оёқларга эга ва бундай оёқ таянч вазифасини бажара олмасди, деб ҳисоблашди. Ва ҳозирги кунда яна бир гипотеза кенг тарқалди: маймун одамга айланиш учун дарахтдан ерга тушмаган, аксинча, тескари жараён юз берган – маймунсимон одам қандайдир сабаб билан дарахтга чиқиб олган ва маймунга айланган. Очиғи, савол туғилади: бу дегенерат (“чала одам”) қай тариқа ўзининг таянч аъзосини ушловчи органга айлантирган? Бунинг учун улар оёқ кафтининг беш бармоғини бирлаштирувчи метатарзал боғлиқликни бузишларига ва бош бармоқнинг биринчи оёқ кафти ва понасимон суяк ўртасида жойлашган тик бўғимини юмалоқ суякка айлантиришларига тўғри келарди. Агар улар бундай қила олишса, унда нима учун маймун панжаси эволюция жараёнида одамники каби оёққа айлана олмаган?

БИЗ НАЯПИТЕКЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚҚАНМИЗМИ?

Рус олими Л.И.Ибраев назариясига кўра, одам қирғоқбўйи наяпитек (ярим сувда яшовчи одамсимон маймун)ларидан келиб чиққан. Улар 2-3 миллион йил аввал плиоценда, яримсаваннанинг тоғолди ҳудудларидаги дарё, кўл ва ирмоқ бўйларида яшаган, сувда чўмилган, қисқичбақа, қурбақа, моллюска, балиқ, тошбақа ва турли ҳашаротларни овлашган, қуш тухумлари, соҳилбўйи резаворлари, дарахт мевалари ҳамда бошқа илдизу егуликларни тўплашган. Наяпитеклар овлаш ва чиғаноғу тошбақа косасини очишда майдаланган тош, таёқ ва суяклардан фойдаланишган. Л.И.Ибраевнинг фикрича, олд панжаларининг егуликни тутиб туриш билан бандлиги наяпитекларни тик ҳолатда юришга мажбур қилган. Саёз сувликларнинг туби эса юмшоқ бўлгани боис уларда юриш учун оёқ кафти катта ва текис бўлиши керак эди.

Одам тишларининг тузилиши ҳам наяпитеклардан мерос. Гоминидлар тишининг маймун тишидан муҳим фарқи – бошқаларидан ажралиб, чиқиб турадиган сўйлоқ тишларнинг йўқлигидир. Равшанки, юмшоқ ва силлиқ моллюскалар ёки балиқларни ейиш учун бундай сўйлоқ тишларнинг наяпитекларга кераги йўқ эди. Қайтага, сўйлоқ тиш уларга чиғаноқнинг ичини сидириб ейишга халал берарди. Худди шу сабабли одамнинг қадимий аждодларининг қозиқ тишлари қисқариб, курак тишларга айланган.

Л.И. Ибраев ўз гипотезасини исботлаш учун яна бошқа кўпгина далилларни келтиради. Ва унинг назарияси ҳам одамнинг келиб чиқиши ҳақидаги бошқа назариялар сингари ҳаётга татбиқ этилишга ҳақли.

ФАЭТОН АВЛОДЛАРИ

Кўпчилик назариялар одам табиий танланиш асосидаги эволюция жараёнида пайдо бўлган, деган фикрни илгари суради. Ва бу жараён узлуксиз ва тадрижий давом этади. Аниқроғи, одамлар – эволюция маҳсулидир, айтиш керакки, Ер фарзандларидир. У ҳолда, одам Ердаги ҳаётга энг мослашмаган мавжудотлардан бири эканини қандай изоҳлаш мумкин? Бунинг бир исботи сифатида Ердаги бошқа организмлар орасида инсонда хасталиклар кўп учрашини келтириш мумкин. Шу ўринда биз гўё ўзга сайёраликка ўхшаймиз. Эҳтимол, чиндан ҳам бошқа сайёрадан келгандирмиз? Масалан, рус фантаст ёзувчиси Александр Казанцев илмий давраларда кенг ёйилган одамзоднинг ўзга сайёрадан келгани ҳақидаги гипотезани ривожлантирар экан, ўз асарларида (“Фаэтлар” ва бошқа) Марс ва Юпитер орбиталари ўртасида жойлашган Фаэтон сайёрасида бир замонлар улкан тамаддун гуллаб-яшнагани, сайёрани бутунлай яксон қилган ниҳоятда қудратли қуроллар қўлланган урушда ҳалокатга учрагани (ҳозир ўша жойда астероид ҳалқаси бор) ҳақида ёзади. Омон қолган фаэтлар эса Марсга учиб ўтишади, кейин эса Қуёшнинг бора-бора совиши натижасида яшаш учун қулайлашган сайёра - Ерга ўтишган. Қолаверса, ким ҳам бизнинг тамаддунимиз ягона ва такрорланмас, деб айта оларди? Эҳтимол, одамзод сайёралараро урушлар ва табиат ҳодисалари (астероид тушиши каби) туфайли бир неча марта ҳалокатга учраган бўлиши ҳам мумкин. Сўнг яна қайта вужудга келиб, ибтидоийликдан то бугунги кўринишга қадар тараққиёт босқичини ўтаган.

Дарвоқе, Лаэтоли ҳақида. 2011 йилда профессор А.Н.Зайцев раҳбарлигидаги тадқиқотчилар гуруҳи (Санкт-Петербург университети) томонидан Садиман вулқони оёқ излари топилган вулқон кулининг манбаи эмаслигини исботлади. Бу хулоса кулнинг таркибида мелилит минерали йўқлиги, кимёвий таркиби билан нефелин ва пироксендан фарқ қилиши туфайли келиб чиққан. Унда бу ердаги кул аслида қаердан пайдо бўлган? Шу нарса ҳақида бош қотириш керакка ўхшайди...

Муаллиф: Михаил ЮРЬЕВ.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

Report typo