Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шомурод ШАРАПОВ

30.12.2016


Лангар ота зиёратгоҳи: АСРЛАР СИЛСИЛАСИДАГИ МУВОЗАНАТ

 

Аввало “Лангар” атамаси қандай маъно ифода этишини аниқлаштириб олсак. Лангар – ҳаракатни бир маромда, мувозанатда тутиб туришни англатади. Масалан, лангар чўпи дорбознинг мувозанатини сақлайдиган восита бўлса, кемаларнинг маълум вақт тўхтаб туришига ёрдам берадиган вазни оғир илмоқсимон темир буюм ҳам лангар деб аталади.

Манзилгоҳларнинг бу ном билан аталиши эса асосий карвон йўлларининг одамлар нисбатан кўпроқ тўхтаб ўтадиган, қисман яшайдиган баландликдаги жойлари билан боғлиқ. Шунингдек, ўз даврида бундай ерларда даврининг улуғ алломалари макон топиб, диний ва  дунёвий илмларни ташвиқ қилиш баробарида аҳоли ўртасидаги барқарорлик, тинчлик, ҳамжиҳатликнинг мувозанатда туришига хизмат қилган. Мамлакатимиз бўйлаб Лангар номи билан аталадиган қишлоқлар кўплигининг боиси шунда. Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларидаги, Жом тоғининг жанубий ён бағридаги, Кўкбулоқ тоғи кунботаридаги, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Навоий вилоятининг Хатирчи, Фарғона вилоятининг Фарғона, Тўрақўрғон ва Қува туманларидаги Лангар номи билан юритиладиган манзилгоҳлар шулар жумласидандир.

Қамаши туманидаги Лангар ота мақбараси бунёд этилгунига қадар унинг ўрнида аввал ҳам қандайдир дахма мавжуд бўлган. Маълумки, мақбаранинг бунёд этилиши шайх Абул Ҳасан Ишқийнинг ўғли шайх Муҳаммад Содиқ номи билан боғланади. Демак, Абул Ҳасан Ишқий дафн этилган дахманинг устида шайх Муҳаммад Содиқ томонидан ушбу мақбара қурилган ва дахма шу тариқа мақбара ичида, чуқурроқда қолиб кетган.

Таниқли қадимшунос олим Абдисобир Райимқуловнинг таъкидлашича, Лангар ота мақбарасига тасаввуф таълимотининг ишқия тариқати шайхлари Абул Ҳасан Ишқий, унинг ўғли шайхзода Муҳаммад Содиқ ва невараси Абул Ҳасан Охунд дафн этилган.

Ўрта аср муаррихи Ибн Хавқалнинг ёзиб қолдиришича, мазкур қишлоқ ҳудуди қадимда Кеш вилоятига бўйсунувчи Сиям туманига қарашли бўлган. Бу туманнинг номи, айниқса, милодий 776 йиллардан сўнг жуда машҳур бўлган. Араб халифалигига қарши бош кўтарган Муқанна бошчилигидаги маҳаллий қўзғолончилар шу ҳудудларда жон сақлашган. Абу Райҳон  Берунийнинг қайд қилишича, Сиям тумани ва унга яқин жойларда сохта пайғамбар Маздак ғоялари тарқалган.

Далиллардан Буюк Ипак йўлининг ҳали тўлиқ ўрганилмаган тармоғи бўйида жойлашган Лангар қишлоғи тарихи узоқ асрларга бориб тақалиши кўриниб турибди. Археологик қазишма ишлари пайтида топилган Сомонийлар даври ғиштлари буни исботлайди. Демак, IX-X асрларда Сомонийлар сулоласи даврида ҳам бу манзилгоҳ фаолият кўрсатган.

Лангар қишлоғида бўлганимда шу ерлик кексалар қишлоқ яқинидаги баланд тепаликда қадимий йирик қўрғон бўлгани, ҳозир ҳам унинг қолдиқлари сақланаётганини, ҳатто яқинда тепалик устидан пишиқ ғиштдан қурилган чуқурлиги 50-60 метрлик қудуқ топилганини айтишди. Улар айтган тепаликни кузатганимда кенг сайҳонлик чеккасида мураккаб усулда бунёд этилган тош қудуқ, қадимий ғишт ва сопол бўлакларига кўзим тушди. Бу ердаги қўрғон қайси асрларга бориб тақалади-ю, қайси шаҳар ўрни эканлигига қадимшуносларимиз яқин-орада аниқлик киритишар.

XIV-XVI асрларга келиб эса бу ҳудуд муқаддас ислом динининг ривожига катта ҳисса қўшган илм марказларидан бирига айланиб улгурган эди. Ҳатто, олис юртлардан келган илмга ташна кишилар тасаввуф алломаларидан сабоқ олишгани манбалардан маълум.

1889 йили Бухоро амирлигининг шарқий ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар олиб борган полковник Бельявский Лангар қишлоғида қад ростлаган тарихий обидалар ҳақида ўз хотираларини ёзиб қолдирган. Бу ердаги зиёратгоҳ ва архитектура ёдгорликлари хусусида рус ҳарбий муҳандиси Б.Кастальский биринчи марта илмийликка яқин баҳо берган эди. У Термиз шаҳридан қайтаётган пайтда Лангар қишлоғига кириб ўтади ва бу ердаги обидалар билан танишиб, уларни суратга ҳам олади. Мазкур фотосуратлар 1888 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган биринчи Туркистон фотокўргазмасида намойиш этилади ва томошабинлар эътиборини қозонади. Шундан сўнг бу ерга келган рассом Б.Литвинов Лангар қишлоғида жойлашган тарихий обидалар, қадимий ёдгорликлар билан танилади, таассуротларини жамлаб, мақола ёзади ва уни 1910 йили “Туркестанское ведомости” газетасида чоп эттиради. Бундан ташқари, XX асрнинг 30-йилларида археолог С.Кабанов, 60-йилларида М.Массон бу ерда бир неча кун бўлиб, тарихий ёдгорликларни ўрганиб чиқади. Улардаги ёзувларни ўқийди ва Лангар шайхларининг ҳаётига оид кўплаб маълумотлар тўплайди.

Лангар ота мақбарасининг ичида бешта қабр бўлиб, улардан учтаси ўз ўлчами ва қўйилган ёдгорлик тошлари билан алоҳида ажралиб туради. Тошларнинг сиртига моҳирлик билан араб имлосида битилган ёзувларни ўз касбининг устаси бўлмиш тоштарош хаттотлар амалга оширгани кўриниб  турибди.

Шу ўринда мақбара ичидаги қабрларнинг жойлашиши хусусида ҳам фикр юритсак. Шайхлар хонадонига мансуб бўлмаса-да, ўзининг ижтимоий мавқеи билан юқори лавозимлардан бирини эгаллаган Амирбек Содиқ ибн Баҳодирнинг қабри шайх Муҳаммад Содиқ қабрининг жануб томонида, яъни унинг оёқ учида жойлашган. Мовароуннаҳр тарихида бундай ҳолат учраб туради. Масалан, Соҳибқирон Амир Темур ўз пири Мир Саййид Бараканинг, Самарқанд ҳукмдори Ялангтўш Баҳодир ҳам ўз пири комилининг оёқ томонига дафн этилган.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, лангарлик шайхларнинг одамлар орасида тутган мавқелари ниҳоят даражада баланд бўлган. Уларнинг вафотидан сўнг ҳам бу эътибор ошса ошадики, асло камаймайди. Кўплар ўзини шайхлар қабристонига кўмишларини васият қилган.

Масалан, Бухоро амирлигида мавқеи амирдан кейинги даражада турган Султон Кўкалдош оталиқнинг қизи Қумрибека ўз васиятига биноан Лангар ота мажмуасида дафн этилган. Унинг қабри мажмуанинг ғарбий томонида жойлашган бўлиб, бухоролик тоштарошлар томонидан ишланган мўъжаз қабртошга марҳуманинг 1547 йил рамазонида вафот этгани битилган. Бундан ташқари, Робия Султон бинти Амир Али, амирзода Давронжон Муҳаммад, шунингдек, Амир Абул Ҳамид ибн Мирзо, Нажа авлиё Рубаддин хожа ва Саййиб Муҳаммад хожа ҳам шу ерда дафн этилган.

Мақбара биносининг пештоқидан бошқа ҳар уч томони – икки ёни ва орқа деворлари юзалари учта равоқсимон саёз токчаларга тенг бўлиб чиқилган. Ҳар бир токча марказида мақбаранинг ичига ёруғ тушиши учун дераза – панжаралар ўрнатилган. Панжаралар ўз даврида ёнғоқ ёғочидан юксак маҳорат билан ишланган. 1961 йилда М.Массон бошлиқ санъатшунослик комплекс экспедицияси ходимлари бу мақбарани ўрганаётган пайтда панжаралар қисман сақланган бўлган. М.Массоннинг ёзишича, бирон бир мих ва елим ишлатилмасдан ясалган бу панжаралар ўша давр ёғочсозлик санъатининг юксак даражадаги усулида юқори малакали усталар томонидан катта маҳорат билан ясалган. Афсуски, бу панжаралар бизнинг кунларгача сақланиб қолмаган, лекин мақбара атрофидаги археологик қазишма давомида бу панжараларнинг парчалари қисман топилди.

Мақбара ташқи ва ички гумбазларга эга. Ташқи гумбаз силлиқланган ва кесма усулида шакл берилган ғишт плиткалар билан қопланган ҳамда диаметри 5,73 метр бўлган цилиндрик кўринишдаги барабан устига ўрнатилган. Барабан иншоот ичидаги бир-бири  билан кесишувчи тўртта равоқ устида жойлашган.

Мақбаранинг ички томони ривожланган ўрта асрларда Марказий Осиё ҳудудида кенг расм бўлган меъморий безаклар билан безатилган. Керакли ўринларда муқарнаслардан ҳам маълум даражада фойдаланилган. Ички гумбазнинг ичкари томони ва равоқларнинг бир-бирига туташган жойидаги қизғиш лойли асосга юксак маҳорат билан “қирма” усулида гулсимон нақшлар туширилган.

Ҳозирги пайтда мақбара, айрим ўзгаришларни ҳисобга олмаса, ўзининг қадимий кўринишини тўла сақлаб қолган. Мақбаранинг тўрт бурчаги  асрлар ўтиши билан бироз чўккани сабаб айрим жойларида ёриқлар пайдо бўлган. Бизгача мақбара бир неча марта таъмирланган. Охирги таъмирлаш ишлари 1990 йилларнинг биринчи ярмида ўтказилган. Бу даврдаги таъмирлаш ишлари маҳаллий усталар томонидан малакасиз, тарихий меъморий обидаларни таъмирлашнинг махсус усулларига риоя қилинмаган ҳолда олиб борилган бўлса-да, ҳарҳолда мақбара ичига ёғин-сочин сувлари сизиб ўтишининг олди олинган.

Мақбаранинг  шимолий томонида чамаси 400-500 метр масофадаги алоҳида баландликда яна бир тарихий иншоот сақланиб қолган. Масжид эканлиги айтиладиган ушбу обида ҳамда мақбаранинг сатҳи ва баландлиги бир-бирига мос тушиши ўша давр меъморларининг юксак маҳоратидан дарак беради. Вақт ўтиши билан қишлоқ аҳолиси кўпайиши натижасида эски масжиднинг жануб томонида беш устунли қўшимча иншоот бунёд этилган. Масжид шифтига вассажуфт тахланган. Унинг меҳроб қисми нозик дид ва юксак маҳорат билан безатилган. Меҳроб атрофи сулс усулида ёзилган арабий имло билан тўлдирилган. Шунингдек, мовий фонга оқ рангли ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ажойиб мозаика киши диққатини ўзига жалб қилади. Одатда бундай ҳашаматли меҳробни йирик шаҳарлардаги масжидлардагина кўриш мумкин. Қолаверса, масжид деворларидаги юлдузсимон нақшларга олтин суви юритилган.

Қишлоқ қарияларининг айтишича, юлдузсимон нақшлар ўртасида бир пайтлар қимматбаҳо тошлар бўлган экан. Кейинчалик уларни ўғирлаб кетишган. Юлдузсимон нақшлар устида, масжид деворининг шифтида турли кўринишдаги тамға нусхалари нақшланган. Улар ҳақида ҳам турли ривоятомуз фикрлар мавжуд.

Масжидда арабий ёзувнинг кўфий усулида битилган қадимий Қуръон нусхаси сақлаб келинган. Ушбу муқаддас китоб жайрон терисига битилган бўлиб, унинг ҳозирда ўн уч варағи сақланиб қолган, холос.

Ушбу китоб устида тадқиқот олиб борган Санкт-Петербург шаҳридаги Шарқшунослик институти профессори Ризвоннинг аниқлашича, Лангар масжидидаги ушбу Қуръоннинг бошқа варақлари турли сабабларга кўра хорижий мамлакатларга олиб кетилган. Профессор Ризвон катта машаққатлар билан Лангар Қуръонининг етишмайдиган варақларини турли мамлакатлардан топишга эришган ва уларнинг фотонусхаларини олган, сўнг яхлит ҳолатга келтириб, Лангар масжидига совға қилган.

Булар - ноёб тарихий ёдгорлик – Лангар ота зиёратгоҳи ҳақидаги фикрларнинг бир қисми, холос. Кўриб турганингиздек, бу муқаддас қадамжода улкан тарих жо бўлган. Лангар шайхлари ким, уларнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси қандай – бу алоҳида, кейинги мавзу. Юқорида  айтганларимиз эса ота-боболаримизнинг нозик дид ва уқувидан далолат бериши билан бирга, маънавий бойлигимизнинг муҳим бўлаги сифатида барчамиз учун қадрлидир.

Шомурод ШАРАПОВ

Report typo