Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мусо МУРОДОВ

11.05.2017


ЛЕЙТЕНАНТ ВАЛИЕВ

Ниҳоят бир куни вақт топиб, ўша курсдошим билан лейтенант Валиев дафн этилган қишлоққа бордик. Чекка бир қишлоқда, катта бир тепалик ён бағрида атрофи чиройли панжаралар билан ўралган, турли анвойи гуллар экилган, саранжом-саришта ҳолда сақланаётган қабр турибди. Ҳамроҳимнинг таъкидлашича, бу ердан ҳеч қачон одам оёғи аримас экан. Қишлоқнинг қоқ ўртасида украин, рус миллатига мансуб офицерлар билан бирга унинг ҳайкали ҳам қад кўтариб турибди. Деярли ҳар бир хонадонда лейтенант  Валиевнинг каттакон портретини учратасиз. Бу сурат ватандошимизнинг ҳарбий билетидан катталаштириб олинган экан. Қишлоқ аҳли шу ҳамюртимиз туфайли биз ўзбекистонлик талабаларни ҳам ўз фарзандидек кутиб олди, Валиевнинг шу қишлоқни, шу юрт одамларини деб жон берганини, у кўрсатган қаҳрамонликни қайта-қайта такрорлашдан чарчашмасди...

Иккинчи жаҳон уруши! Бу даҳшатли қирғинбаротда қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг ёстиғи қуриди. Бус-бутун шаҳарларнинг кули кўкка совурилди. Миллионлаб болалар етим қолди.

Фашист босқинчиларига қарши аёвсиз курашда 1,5 миллиондан ортиқ ҳамюртларимиз қўлига қурол олиб, мардонавор жанг қилган бўлса, уларнинг ярим миллиондан кўпроғи жанггоҳлардан қайтмади.

Куни кеча мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан намойиш этилган кўрсатувларни томоша қилатуриб, бутун дунё халқларини ларзага солган Иккинчи жаҳон уруши етказган жароҳатлар, фашист босқинчиларининг ваҳшиёна қилмишлари ҳақидаги лавҳага кўзим тушиб қолди. Инсоният кушандаси бўлмиш бу газандаларни йўқ қилишда, қонли уруш оловини пасайтиришда    Ўзбекистон халқи ҳам катта матонат ва жасорат намуналарини кўрсатганидан қалбим фахр-ифтихорга тўлди.

Урушда кўрсатган жасоратлари билан бир қаторда, халқимизнинг фронт ортидаги заҳматлари, урушда етим қолган болаларни бағрига олиб, ўз фарзандидек оқ ювиб, оқ тарагани, уларни ҳеч кимдан кам қилмай, ўкситмай катта қилгани ҳар қандай жасорат, мардликдан юқори туради.

- Ўзбекистон халқи менинг жигарларим, ака-укаларим, опа-сингилларим, - деди Россия халқ артисти Иосиф Кобзон.  – Эсимда, биз қариндошларимиз билан – улар 10 нафардан кўп эди - Тошкентнинг Янгийўл туманидаги бир ўзбек оиласига келиб қўшилдик. Бу оилада ҳам 10 нафарга яқин киши яшайди. Қисқа вақт ичида бир-биримиз билан қадрдон бўлиб кетдик. Топганимизни ўртада баҳам кўрамиз. Меҳр-оқибатни, инсонийликни, қадр-қимматни мен шу ерда кўрдим, шу ерда топдим. Ўзбек халқига, Ўзбекистонга ҳурматим чексиз. Улар олдида доим таъзимдаман...

Шундай меҳридарё оилалардан бири, бу – тошкентлик Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи. Бу оила урушда ота-онасидан ажралиб қолган 14 ўғил-қизни ўз қарамоғига олиб, уларни ўз фарзандларидек тарбия қилган.

Ўзбекистонда меҳр кўриб, шу ерда таълим-тарбия олган кўплаб ана шундай кишилар бугун турли соҳаларда катта муваффақият қозониб, дунёнинг турли давлатларида умргузаронлик қилишмоқда. Аммо улар бу юртни, қачонлардир уларга ота-оналик қилган халқни ҳеч қачон ёдларидан чиқаришмайди. Бири Исроилдан,    бошқаси Америкадан туриб, ўзбек халқига ўзларининг чуқур миннатдорликларини изҳор қилишади. Бағрикенг, меҳридарё халқимизга билдирилаётган бундай чексиз ҳурмат-эҳтиромдан киши қалби-шуурида шундай бир илиқлик пайдо бўладики, шу халққа мансублигингдан ғурурланиб кетасан киши.      

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов уруш ва у келтирган кулфатлар ҳақида сўзларкан, шундай деганди: “Ўйлайманки, ҳар қайси халқнинг бағрикенглиги ва олижаноблиги, керак бўлса, одамийлиги ва инсонпарварлиги нафақат ўз яқинлари, балки бегона одамларнинг бошига мусибат тушганда улардан ўз меҳри ва ёрдамини аямаслигида яққол кўринади, синовдан ўтади.

Меҳр-оқибат – халқимизнинг энг олий, ноёб фазилати. Юртдошларимиз фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган бир миллионга яқин болалар, аёллар ва қарияларни қабул қилгани, уларга бошпана бергани, ҳатто охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларни ўз бағрига олиб, меҳр-мурувват кўрсатгани халқимизнинг одамийлик фазилатлари, олижаноблигининг амалий намоёни бўлди, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди”.

Орадан йиллар ўтса-да, эзгулик учун курашган кишилар ёди ҳеч қачон унутилмайди. Буни мамлакатимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳукуматимиз томонидан уруш ва меҳнат фахрийларига чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Улар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда инсон қадри муқаддас, хотираси абадий эканининг ёрқин намунасидир.

 

Мусо МУРОДОВ

Report typo