Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

24.11.2020


“Ўлик жонлар”га 4 миллиард 593 миллион сўм маош тўланган

23 ноябрь куни вилоят ҳокимлигида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ва Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Саидлазиз Саидкаримов иштирокида давлат бюджети маблағларининг маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари томонидан ноқонуний сарфланишининг олдини олиш бўйича Қашқадарё вилоятида ўтказилган ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда бир қатор ташкилот ва муассасаларнинг аниқланган коррупцион ҳолатлари бўйича ҳам маълумотлар берилди.

Қайд этилишича, 2019 ва 2020 йилларда вилоятдаги мактабларда жами 11 миллиард 350 миллион сўмдан ортиқ маблағ асоссиз сарфланган. Бунда нақд пул камомади 4 миллиард 153 миллион сўмни, аслида соҳада ишламайдиган, лекин рўйхатда мавжуд “сохта” ходимларга тўланган маблағ 4 миллиард 593 миллион сўмни ташкил этмоқда.

1 миллиард 673 миллион сўм маблағ эса ортиқча ҳисоблаш натижасида ўзлаштирилган бўлса, директор жамғармасидан нотўғри фойдаланиш натижасида 811 миллион сўм хато кетган, 119 миллион сўм эса қурилиш-таъмирлаш ишларига қўшиб ёзиш орқали ўзлаштирилган.

Айтиш ўринли, тизимда ишламайдиган кишиларга тўланган маблағларнинг энг кўпи Деҳқонобод тумани халқ таълими бўлими ҳиссасига тўғри келиб, бу ерда 1 миллиард 938 миллион сўм асоссиз йўналтирилган. Қамаши туманида эса 1 миллиард 789 миллион сўм, Яккабоғда 500 миллион, Чироқчида 351 миллион сўм “ўлик жонлар”га тўланган.

Қурилиш-таъмирлаш ишларига қўшиб ёзиш орқали ўзлаштирилган 119 миллион сўм маблағнинг ҳаммаси Қарши шаҳар халқ таълими тизими ҳиссасига тўғри келмоқда.

Молиявий хато ва камчиликлар умумий суммасига кўра, Чироқчи тумани 1-ўринда турибди – 4 миллиард 708 миллион сўм.

 

Report typo