Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

06.07.2023


ЎЛИМ УСТИДАН ҒАЛАБА ҚОЗОНИШНИНГ БИР ЙЎЛИ БОР...

Сараланган сатрлар

Биз қаердан пайдо бўлганмиз? Келажакда бизни нима кутмоқда?

Бу борада илм-фан ҳамда дин вакилларининг қарашлари турлича. Олимлар дунё миллион йиллар аввал физик қонунлар асосида ўз-ўзидан яралганига доир кўплаб исбот-далиллар келтирса, диндорлар олам ва одамни, жамики мавжудотлар Ягона куч томонидан яратилганини таъкидлашади. Албатта, яратилиш Аллоҳ таолонинг иродаси билан содир бўлганига шубҳа йўқ, сабаби, айрим олимлар айтаётган ўша физик қонунлар ҳаракатга келиши учун ҳам Алоҳида Куч бўлиши керак-ку!

Бир нарса аниқ: Худони рад қилмайдиган илм ва жаҳолатга берилмаган дин одамларга нажот беради!

Аммо технология тараққий этган жамият кишилари ўзини яратувчи ўрнида кўраётгани ҳам бор гап. Сунъий интеллект борасида шундай фикр айтиш мумкин. Одам билиши, қилиши, ўйлаши, ҳис қилиши мумкин бўлган барча маълумотлар компьютерда жамланади ва қурилма инсонга хос барча вазифани бажаришга киришади. Аммо кун келиб сунъий интеллект ўзи шахсий қарорлар қабул қилиб, одамга қарши фаолият олиб бормаслигига ким кафолат бера олади?

Америкалик адиб Дэн Брауннинг "Ибтидо" асарида шу каби саволларга жавоб изланади. Қизиқарли сюжет, Испаниянинг тарихий, кўзга кўринган обидалари ҳақидаги кутилмаган, ғаройиб маълумотлар ўқувчи билимини оширади. Айрим фикрлар устида эса дабдурустдан баҳслашмаган маъқул - қарашлар қаҳрамонлар шахсий нуқтаи назари ўлароқ тақдим қилинади. 

Дэн Браун бир қатор бестселлерлар, жумладан, "Рақамли қалъа", "Фаришталар ва шайтонлар", шунингдек, дунё бўйлаб 80 миллиондан ортиқ нусхада сотилган "Да Винчи коди" каби асарлар муаллифи. У "Time" журнали эълон қилган "Дунёнинг энг нуфузли шахслар юзталиги"дан жой эгаллаган. Дэн Браун асарлари 50 дан зиёд тилга таржима қилинган.

*  *  *

Аслида, заминимиз мўминларга мерос қолиши керак эди. Лекин бахтга қарши, у техникага муккасидан кетган, ўз қалбига эмас, экранларга боқишни афзал кўрувчи ёшларга қолди.

*  *  *

Художўйлар худосизларни эшитишдан ҳамиша наф топиши мумкин: чунки иблисни тинглаб, Парвардигор сўзларининг қадрига етамиз.

*  *  *

Ватан олдида бурчини бажарганлар ҳамиша ҳурмат топади.

*  *  *

Биринчи таассуротни иккинчи марта уйғотиб бўлмайди.

*  *  *

Парламент бошқаради, қирол эса ҳукмронлик қилади.

*  *  *

Дебюсси ноталарни тартибга солди ва инсонга завқ улашди. Девордаги қийшайиб турган рамкани тўғрилаганимизда ёки топишмоқнинг жавобини топганимизда ҳам худди шунақа роҳатланамиз. Тартибга мойиллигимиз ДНКмизга ўйиб ёзилган.

*  *  *

Ишонч ҳамиша яшаб қолади, ҳатто энг даҳшатли қийинчиликлар ҳам ишончни йўқотолмайди.

*  *  *

Бир вақтлар инсонда ёлғиз қолишга фурсат топиларди: автобусда, ишга пиёда кетаётганда ёки кимнидир кутаётганда одам ўзи билан мулоқот қилиши мумкин эди. Ҳозир эса ёлғиз қолди дегунча одамлар телефонига ёпишади, қулоқчин тақади ва аллақандай ўйинларга берилиб кетади. Улар технологиянинг қулига айланиб бўлди. Ўтмиш мўъжизалари янгиликлар тумани ичра кўздан йўқолмоқда.

*  *  *

Сиёсатда обрў - ҳамма нарса.

*  *  *

Аёл ҳамиша жиддий журналистика эркинлик ва демократиянинг тамал тоши, деб ҳисоблаган. Шунинг учун мағзава мавзуларни оммага етказадиган "ҳамкасб"ларидан кўпинча норози бўлиб юрарди. Бу журналистлар жавобгарликдан қочиш учун ҳар қандай аҳмоқона хабарни савол шаклида беришга ўрганиб қолишганди.

*  *  *

Сизнинг душманларингиз борми? Табриклайман. Демак, сиз ҳаётда нимагадир эришибсиз!

*  *  *

Қилич кўтарганлар, албатта, қилич зарбидан ўлажак.

*  *  *

Ёвузлар билан урушаётганлар ўзи ёвузга айланиб қолишдан сақланиши керак.

*  *  *

Ўлимни доим ёдингда сақла. Ҳатто энг қудратли инсонларга ҳам ҳаёт вафо қилмайди. Ўлим устидан ғалаба қозонишнинг бир йўли бор - ҳаётимизни афсонага айлантиришимиз керак. Атрофимиздагиларга яхшилик қилиш, меҳрибон бўлиш ва ёрдам бериш учун ҳар бир имкониятдан фойдаланмоғимиз даркор. Биз доим муҳаббат билан яшамоғимиз лозим.

*  *  *

Тажрибасиз мергандан кутиладиган асосий хавф - у тепкини тўсатдан босишга мойил бўлади.

*  *  *

Энг хавфли террорчилар - бомбани ўрнатиб, портлатадиган одамлар эмас, балки уларга бомба учун пул етказиб берадиган етакчи раҳбарлардир. Улар оломон узра адоват уруғини сочади, пиёда аскарларини вайронкорликка ундайди. Бутун дунёда тартибсизлик келтириб чиқариш учун атиги битта мутаассиб етарли. У заиф ақл эгалари орасида диний тоқатсизлик, миллатчилик ёки нафрат оловини гуриллатиб ёқишга қодир.

*  *  *

Баъзан чин ҳақиқат энг қизиқ ёлғондан ҳам қизиқроқ бўлади.

*  *  *

Инсондаги яратувчанлик ва муҳаббат бирлашганда зулматни нурафшон айлагувчи қудратга айланади.

*  *  *

Уинстон Черчилл айтган доно сўзларни унутмаймиз: "Буюкликнинг баҳоси масъулиятдир".

*  *  *

Дунёда бир бурда нонга зор, фарзандларини оч қолдирмаслик учун ўлиб-тирилиб меҳнат қиладиган миллионлаб одамлар бор. Фақат илоҳий ишончгина уларни ҳар тонг ўрнидан туриб, олға яшашга ундайди, қийинчиликларнинг ўткинчи эканига, яхши кунлар келишига умид беради.

*  *  *

"Менинг эътиқодим ҳеч қачон ўлмайди, жаноб Кирш.

У сизнинг илмингиздан кўра боқий яшайди".

Қолаверса, мободо Киршнинг технология ҳукмронлиги тўғрисидаги башорати ҳақиқатга айланса, инсоният ҳаётида тасаввур қилиб бўлмас ахлоқий бебошлик даври бошланади.

"Ҳозир биз эътиқодга ҳар доимгидан ҳам муҳтожмиз".

*  *  *

Инсонлар ўзи шунақа: сунъий интеллект билан муносабатларига ҳам ҳиссиётларни аралаштиради.

*  *  *

Севги ҳеч қачон, ҳеч кимга бўйсунмайди. Биз ўзимизни кимнидир севишга мажбурлай олмаймиз. Худди шу каби қалбда уйғонган севгини тўхтатишга ҳам қодир эмасмиз. Биз севгини эмас, севги бизни танлайди.

*  *  *

Ўз ўтмишини эслолмаганлар уни яна қайта яшашга маҳкумдир.

*  *  *

Тарих кўп маротаба телбавор кимсаларнинг муросасизлик ҳамда тажовузкорона миллатчилик билан ҳокимиятга қайта келганига гувоҳ бўлган. Бу вазият ҳатто энг эҳтимолдан узоқ мамлакатларда ҳам содир бўлган.

*  *  *

Мен болалигимдан бери ич-ичимдан борлиқ ортида онг турганини ҳис қилиб келганман. Ҳар сафар математиканинг аниқлиги, физиканинг ишончлилиги, коинотнинг симметриясига гувоҳ бўлганимда, олдимда қуруқ фан турмаганини сезаман. Булар мен учун кимнингдир тирик излари, биз тушуна олмайдиган қандайдир буюк кучнинг соясидир.

*  *  *

- Мана бу мисолнинг жавоби тўғрими? - деб сўради у чизиқларга ишора қилиб.

I+XI=X

- Нотўғри, - деди аёл ўйлаб ўтирмай...

Шунда Лэнгдон аёлнинг қўлидан ушлаб, ўзи томонга олиб ўтди.

Худди ўша мисол, фақат тескари кўринишда.

X=IX+I

- Баъзан яширинган ҳақиқатни кўриш учун нуқтаи назарни ўзгартириш кифоя.

*  *  *

"Муҳаббат - чекланмаган манба.

Уни ким биландир баҳам кўрсак тугаб қолмайди.

Керак бўлганда юрагимизнинг ўзи севгини яратади".

Ота-она янги туғилган фарзандига бор муҳаббатини бахшида этади. Аммо бу уларнинг бир-бирига бўлган муҳаббатини озайтириб қўймайди.

*  *  *

Севги - ҳар кимнинг шахсий иши, унинг тафсилотларидан бутун олам воқиф бўлиши шарт эмас.

*  *  *

Мулоқот ҳамиша муросадан кўра муҳимроқ бўлган.

*  *  *

Вазифани қандай қўйиш ҳам санъат.

*  *  *

Сунъий интеллектга бўлган иштиёқ ортидан миллиардлаб доллар бойлик оқиб келарди. Инсондаги очкўзлик эса ахлоқий меъёрлар қўйган чегарани тан олмасди.

*  *  *

Инсонлар буйруққа бўйсуниш орқали эмас, балки ҳаётий мисолларга гувоҳ бўлиш ёрдамида тажриба орттиради. Китобларингиз, сериалларингиз, янгиликлар ва қадимий афсоналарингизга қарасак, одамзод ҳамиша эзгулик йўлида ўз жонини қурбон қилганларни улуғлайди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo