Қайд этиш жоиз, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танлов мамлакатимизда бизнес муҳитини жадал ривожлантириш, иқтисодиётда хусусий секторнинг роли ва аҳамиятини ошириш, тадбиркорларнинг касб маҳорати ва билим даражасини юксалтириш борасида зарур шарт-шароитлар яратиш имконини бераяпти. Шунингдек, ушбу тадбир ички бозорни сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва бандликни оширишга ҳисса қўшаётган, ўз фаолиятида юқори натижаларга эришаётган ташаббускор ишбилармон ва тадбиркорларни муносиб рағбатлантириш учун айни муддао бўлаётгани билан ҳам аҳамиятли.
Танлов доирасида ташкил этилган экспозицияда озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббиёт препаратлари, маиший техника, либослар, мебель буюмлари, заргарлик безаклари, қурилиш материаллари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар тақдим этилди.
Анъанага кўра, "Туркистон" саройида "Ташаббус-2016" кўрик-танлови ғолиб ва совриндорлари номлари эълон қилинди. Қувонарлиси, мазкур босқичда вилоятимиз шарафини ҳимоя қилган шаҳрисабзлик кулол Рустамжон Музаффаров "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" йўналишида иккинчи ўринга муносиб кўрилди.
- Танловда ҳунармандлар намойиш этган бир-биридан бежирим ижод намуналарини кўриб, рақобат кучли бўлишини сезгандим, - дейди ёш ҳунарманд. - Шундай бўлса-да, ҳакамлар ҳайъати ишларимни юқори баҳолашди ва якунда совриндорлар қаторидан жой олдим. Танловда 25 турдаги кулолчилик буюмлари билан қатнашдим. Кулолларнинг 7-авлоди вакилиман. Ижодимда асосан темурийлар давридан буён сақланиб келаётган Шаҳрисабз кулолчилик мактаби анъаналарини акс эттираяпман. Тарихдан маълумки, Амир Темур бобомиз нозик дид билан ишланган кулолчилик буюмларини қадрлаган, уста кулолларни эса муносиб тақдирлаган. Бу даврнинг ўзига хослиги шундаки, кулоллар кўпроқ лаган, коса ва товоқ каби сопол буюмларини ясаган ва уларни бўяшда сиёҳрангга тез-тез мурожаат қилган. Идишларда денгиз, балиқ, анор ва қуёш кўпроқ тасвирланган. Айни шу жиҳатлар менинг ишимда ҳам устуворлик касб этаяпти. Бу эса ютуқларимнинг бош омили бўлаяпти. Мисол учун, 2015 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон сифат белгисини қўлга киритдим. Бу ҳужжат уч мезон - маҳсулот сифати, харидоргирлиги ва қадимий анъаналарнинг барҳаётлигига кўра берилади.
Шундай қилиб, кўрик-танловнинг асосий йўналишлари, жумладан, "Йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида Наманган вилоятидаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Аиша Ҳоме Техтиле" қўшма корхонаси раҳбари Жобир Камолиддинов ғолиб бўлди. Тошкент вилоятилик Исматилла Дадабоев "Йилнинг энг яхши фермери" деб топилди. Тошкент шаҳрилик ишбилармон, каштачилик ва сўзана маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Мадина Қосимбоева "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" деб эълон қилинди.
М.ЖЎРАЕВ.