Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЖОНИМОВ

12.05.2020


ЛОЙИҲА - ҚОҒОЗДАГИ РЕЖА, ОРЗУ-УМИДЛАР ИФОДАСИ.

Гап унинг тўла-тўкис амалга ошишида

Тақдимот

Миришкор туманидаги Янги Миришкор қишлоғи ҳудудида самарадорлиги кам бўлган 100 гектар ер майдони ўрнида замонавий комплекс барпо қилинади. Мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш кооперациясини ташкил этиш лойиҳаси тақдимотида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди.

Туман иқтисодиёти ва саноатини ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг вилоят  бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этиладиган мазкур лойиҳага кўра, бу жойда ҳар бири бир гектардан иборат бўлган 52 та лимонарий бунёд этилади. Лимонлар ҳосилга киргунга қадар унинг ёнида помидор, бодринг, булғор қалампири каби маҳсулотлар етиштириб, лимонарий қуриш учун сарфланган харажатларни тўлиқ қоплаш ва фойда олишга ўтиш имкони бор.

100 гектарлик майдоннинг қолган қисмида эса интенсив усулда бодомзор, ўрикзор ва токзор ҳосил қилинади. Бундан ташқари, мазкур мажмуадан паррандачилик фабрикаси, интенсив балиқ кўли, 1000 тонналик совуткичли сиғим, сутни қайта ишлаш, томат пастаси ишлаб чиқариш мини заводлари ўрин олади. Кооперация атрофида контейнерлар жойлаштирилади ва уларда тадбиркорликка ўқитиш маркази, тикувчилик, ширинликлар, нон ва нон маҳсулотлари, макарон ишлаб чиқариш, музқаймоқ, қурут тайёрлаш ва асал, писта қадоқлаш, исириқ пресслаш цехлари фаолияти йўлга қўйилади. Қарши-Миришкор йўли ёқасида жойлашадиган мазкур мажмуа учун "ақлли бекат" барпо этиш,    7/24 тизимида ишловчи мини маркет ва кафе, шунингдек, ўғитлар ва кимёвий воситалар ҳамда уруғликлар дўкони қуриш мўлжалланган.

Тақдимот маросимида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш механизмлари, молиялаштириш манбалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Банк вакилларининг таъкидлашича, энг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири - тадбиркорлар имтиёзли кредит фоизини ҳар олти ойда тўлашидир. Лимонарийлардан олти ойда ҳосил олиш имкони бор, натижада тадбиркор ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмайди.

Вилоят ҳокими ушбу мажмуани янада кенгайтириш бўйича ўз тавсияларини бериб, интенсив боғлар яратиш ва нав танлашда ҳудуднинг табиий иқлим шароитига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам самарадорлиги кам бўлган яхлит жойларни танлаб олиб, узумчилик, боғдорчилик комплекслари бунёд этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Сўнгра эса шу жой одамларининг удумига кўра хайрли иш бошланганини англатувчи рамзий қозиқ қоқилди. Тўпланганлар шу қамишзор гуллаб-яшнаган масканга айлансин, деб ният қилиб, тадбиркорларга оқ фотиҳа бердилар.

Маълумки, ҳар лойиҳанинг, хайрли ишнинг бошланиши мана шу каби тантанавор кечишига ўрганиб ҳам қолдик. Ваҳоланки, бу ҳали қоғоздаги режа, орзу-ниятлар ифодаси, холос. Гап унинг тўла-тўкис амалга ошишида. Бинобарин, тақдимоти юқори даражада ташкил этилиб, олқиш, мақтовлар олган қатор лойиҳаларнинг бугунидан кўп қатори биз ҳам бехабармиз.

Б.ЖОНИМОВ

Report typo