Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

29.03.2022


Лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти нимадан иборат?

 Учинчи сектор

“Ўзбекистонда зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида вилоятимизда ўтган йил ва шу йилнинг уч ойи мобайнида қарийб 250 нафар киши касб-ҳунарли бўлиб, бир йўла бизнес асосларини ҳам ўрганди. 

Бу ҳақда мазкур лойиҳанинг вилоятимиздаги ижрочиси – “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан ташкил этилган давра суҳбатида маълум қилинди.

Маҳаллаларда ёшларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ёшлар, хотин-қизларга юридик ва ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш бўйича ижтимоий ҳамкорлик механизмлари: тажриба ва истиқболлар” мавзусига бағишланган бу тадбир Қарши шаҳридаги Дўстлик уйида ўтказилди. Унда вилоят ҳокимлиги ҳамда адлия, бандлик, ички ишлар, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаларининг вакиллари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги мутасаддилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллари иштирок этишди.

 

Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги филиали кўмагида амалга оширилаётган муҳим лойиҳа доирасида вилоятимизда 2020 йил октябрь – 2022 йил март ойлари оралиғида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова ҳисобот берди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа маблағлари ҳисобидан Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида вилоят бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда тўртта йўналиш (тикувчилик иши, компьютер саводхонлиги, қандолатчилик иши ва официантларни тайёрлаш) бўйича бепул касб-ҳунар ўрганиш курслари ташкил қилиниб, замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар, зарур хом ашё ва материаллар билан таъминланди.

 

Бу жараёнда юқори малакали мураббийлар ва амалиётчи-усталар ёрдамида лойиҳанинг мақсадли гуруҳига кирувчи 248 нафар киши, шу жумладан 225 нафар хотин-қиз билим ва кўникма олиб, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни эгаллади. Барча тингловчилар учун тадбиркорлик асослари ва бизнесни режалаштириш бўйича ҳам машғулотлар ўтказилди. Уларни муваффақиятли тамомлаган иштирокчилар бизнес-режа тузиб, мамлакат миқёсида ташкил этилган кичик грантлар танловида қатнашди. Бу танловда вилоятимиздан Ғузор туманидаги Бўстон ва Қарши шаҳридаги Наврўз маҳаллаларида яшовчи хотин-қизлар ғолиб чиқиб, тикувчилик ва қандолатчилик соҳаларида тадбиркорлик билан шуғулланиш учун зарур асбоб-ускуналар ва анжомларни қўлга киритишди. Бугунги кунда уларнинг иккаласи ҳам ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида шахсий бизнесини бошлаб юборган.

 

Бошқа битирувчилар ҳам курсларда олган билим ва кўникмалардан фойдаланиб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида меҳнат қилишаяпти ёки ўз бизнесини очишга эришаяпти.

Лойиҳа доирасида мақсадли гуруҳ вакиллари учун юридик, психологик ва ижтимоий маслаҳатлар бериш ҳам йўлга қўйилиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ёшлар ва хотин-қизларга шу пайтгача  1949 та маслаҳат тақдим этилди. Шунингдек, маҳалла фаоллари, ёш волонтёрлар ва журналистлар учун мавзуга оид туркум семинар-тренинглар ўтказилган.

 

“Yuksalish” марказига шу ва бошқа ишларни амалга оширишда яқиндан кўмак берган ҳамкор ташкилотларга давра суҳбатида самимий миннатдорлик билдирилди. Лойиҳани вилоятимизда рўёбга чиқаришда “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс марказини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги филиалига ташаккурнома йўлланди.

 

Report typo