Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • Луси КАМАУ: Ўзбеклар оилада фарзанд тарбиясига муҳим вазифа сифатида қарашади, бунга кўп вақт ва маблағ ажратишади

Нилуфар ДАВЛАТ қизи

15.06.2023


Луси КАМАУ: Ўзбеклар оилада фарзанд тарбиясига муҳим вазифа сифатида қарашади, бунга кўп вақт ва маблағ ажратишади

Замондош портретига чизгилар

Мамлакатимизда энг билимли ва иқтидорли ўқувчилар саралаб олинадиган Президент мактабларида таълим бериш учун кучли мутахассислар жалб қилинган. Бунда маҳаллий ўқитувчилар билан бир қаторда юқори салоҳиятга эга хорижий педагог кадрлар ҳам танланган.

Қарши шаҳридаги Президент мактаби ўқитувчиси Луси Камау Кенияда туғилиб, зиёли оилада катта бўлган. У 2010 йилда Кампала халқаро университетини, 2012 йилда эса Кения университети магистратурасини тамомлаган.

Халқаро даражага эга бўлган Луси Кения академиясида, Бреберн Имани халқаро мактаби, Ажман академияси ва турли мамлакатларда жойлашган яна  бир қатор нуфузли таълим масканларида фаолият юритган. 2021 йилдан буён эса Қарши шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиларига математика фанидан дарс бериб келмоқда.

- Оилада 3 опа-сингилмиз, онам олий маълумотли бўлганлиги сабабли бизнинг билим олишимизга жуда катта эътибор қаратган, - дея фахр билан сўз бошлайди суҳбатдошимиз. - Опам олий даражадаги иқтисодчи, синглим эса жамоатчилик билан ишлашни ёқтирганлиги учун  халқаро муносабатлар йўналиши бўйича таҳсил олган ва яқинда фан доктори бўлди. Ўзим ҳам илмий  изланишдаман. Математика фанлари бўйича фалсафа доктори даражасини олиш арафасидаман.

Вилоятимиздаги энг нуфузли таълим масканларидан саналган Президент мактабининг профессионал ўқитувчисидан  Ўзбекистон ва Кения таълим тизимлари ўртасидаги фарқ ҳақида ҳам қизиқиб кўрдик.

- Фарқ жуда катта, Кенияда таълим Кембридж таълим дастурига асосланган, - дейди Луси Камау. - Синфлар гуруҳланган. Бошланғич, ўрта, катта синф ўқувчилари алоҳида-алоҳида ўқитилади. Ўзбекистонда бугунги кунда таълим тизими жаҳон стандартлари асосида йўлга қўйилган. Назария ва амалиётнинг чамбарчас боғланиши таълимда катта ислоҳотга йўл очаётгани аниқ.

Маълумки, Африкадаги энг ажойиб мамлакатлардан бири саналган Кения иқлим шароити ва бой ҳайвонот дунёси билан қитъадаги сайёҳлик марказларидан бири саналади. Луси хоним билан мазкур ўлкадаги анъаналар, маросимлар, маҳаллий инсонларнинг кундалик ҳаёт тарзи ҳақида ҳам гаплашдик.

- Ўзбек маданиятидан фарқли равишда бизда ҳар бир қабилада ўзгача урф-одатлар бор, - дейди у. - Кенияда  давлат тили ҳам иккита - бу инглиз ва суахили тилларидир. Мамлакат одамлари ўз шеваси - 70 дан ортиқ тилларда мулоқот қилишади.  Кения миллий ошхонаси ўзида Африка, Ҳиндистон, Европа таомларининг тайёрланиш усулларини бирлаштирган. Асосий овқатлар гуруч, товуқ ва мол гўшти, эчки гўшти ёки маккажўхори каби маҳсулотлардан тайёрланади. Кениянинг машҳур таомларидан бири неаматача деб номланиб, сизлардаги шашлик-кабобга ўхшаб кетади.

Яна бир урф-одатларимиздан бири - тўйларда келиннинг онасига куёв томонидан ўзбеклардаги қалин пулига ўхшаш совға берилади. Ўзига хос томони, бўлажак қайнонага ўз бувисига берилган совғанинг қиймати миқдоридагича совға топширилади.

Кения ва Ўзбекистон ўртасидаги  ўхшашлик  ва фарқли жиҳатлар ҳақида гапирар экан, Луси Камау тўй-базмлар мавзусига ҳам тўхталади:

- Ўхшаш жиҳатлар: икки мамлакат аҳолиси ҳам меҳмондўст, базмларни яхши кўришади. Бироқ ўзбекларда туғилган кун, турли байрамлар, кичик тадбирлар ҳам катта тантана қилинади. Тўйларда юзлаб, ҳатто минглаб кишилар иштирок этишининг гувоҳи ҳам бўлдим. Аммо Кенияда ундай эмас,  тадбирлар тор доирада нишонланади. Сабаби моддиятга бориб тақалади.

Яна бир фарқли жиҳатига келсак, Кенияда фасллар сизга маълум бўлгани каби тўртта эмас, иккита: биринчиси ёмғирли, иккинчиси қуруқ. Экваторга яқин бўлгани учун об-ҳаво шароити соҳилдан узоқроқ бўлган барча худудларда ҳаво ҳарорати бир хил: +23 даражани ташкил этади ва бундай об-ҳаво деярли бутун йил давомида сақланиб туради.

Таъкидланишича, Шарқий Африкадаги ушбу давлатнинг тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади ва Кения қайсидир маънода цвилизациянинг илк  ўчоқларидан бири саналган. Шимолда Эфиопия, шарқда Сомали, ғарбда Уганда ва жанубий Судан, жануби ғарбда Танзания билан чегарадош. Жануби шарқдан Ҳинд океанига уланиб кетган. Кения узоқ вақт Буюк Британиянинг мустамлакаларидан бири саналиб, 1963 йилда мустақилликка эришган.

- Кенияда туяқушлар, шунингдек, жирафа, зебра ҳамда эксклюзив катта бешлик: фил, шер, каркидон, леопард, буфало  каби ноёб ҳайвонлар  ҳам мавжуд, - дейди Луси Камау. - Қўриқхоналар ва миллий боғлари дунёга машҳур.

Ўзбекистондаги нима Кенияда бўлишини истардингиз?

- Шак-шубҳасиз ўзбеклардаги ота-она ва фарзандлар муносабати, дейман, - дейди у. - Икки йилдан буён Қашқадарёда яшаяпман, ўқувчиларим ва уларнинг оилалари, ота-оналари, ҳатто бобо-бувиларининг бир-бирига бўлган эътиборини кўриб ҳавас қиламан. Ўзбеклар оилада фарзанд тарбиясига муҳим вазифа сифатида қарашади, бунга кўп вақт ва маблағ ажратишади. Мен Кенияда ана шуни кўришни орзу қилардим. Чунки Кениядаги аксарият оилаларда ота-она асосан жуда кўп ишлайди ва фарзандига вақт ажрата олмайди. Болага катта опа-акалари ёки қўшнилар энагалик қилади. Кенияда кўпгина ота-оналар пул топиш бирмунча қийин бўлганлиги учун фарзандини боқиш ва кийинтириш, унинг еб-ичиши учун туну-кун ишлайди.  

Суҳбатлашар эканмиз, кулиб турган самимий чеҳра соҳибаси орқали кенияликлар жуда дўстона ва хушмуомила халқ эканлигига амин бўлдик. 40 ёшни қаршилаётган Лусидан шахсий ҳаётдаги режалари ҳақида ҳам ўзбекона қизиқиш билан сўрадик.

- Ўзбек йигитига турмушга чиқиш... Йўқ...Йўқ. Ўзбек оиласини, ўзбек маданиятини жуда ҳурмат қиламан, ҳавас қиламан. Аммо кениялик инсонга турмушга чиқишни истайман. Биласизми, ўзбек халқи, айниқса қашқадарёликлар менга жуда ёқади. Меҳрибон, саҳий, мард, ажойиб одамлар. Таомлари ҳам ўзгача, айниқса, Қарши оши, тандир гўшти менга жуда манзур бўлди. Юртингиз бўйлаб саёҳат қилдим. Тенгсиз юрт, жуда чиройли.

Ҳар жабҳада ўзига хос иқтидор соҳибаси бўлган халқаро даражадаги ўқитувчининг дарс машғулотлари ва ўқитувчи-ўқувчи муносабатлари ҳақидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашдик:

- Ўқувчини дарс жараёнида қамраб олишга катта эътибор қаратаман, - дейди Луси Камау. - Ҳар бир машғулотда ўқувчи маълум бир натижага эриша олиши мен учун жуда муҳим.

Ўқувчи ва ўқитувчи ўртасидаги девор бўлиши керакми?

- Йўқ!!!. Ўқувчи дарсда қанчалик эркин бўлса, устозидан ҳамма саволларини сўрай олади ва табиийки, билими ошади, - таъкидлайди у. - Ҳар қандай "девор" ўзаро  муносабатни узоқлаштиради. Ўқитувчи ҳар доим ўқувчи билан ҳамкорликда, дўст бўлиб ишлаши шарт.

Китоб ўқиш, илмикомиллик сари  интилиб яшаётган қаҳрамонимизнинг севимли асарлари ҳақида ҳам суҳбатлашдик:

- Илм мен учун катта ва енгиб бўлмас куч саналади, - дея суҳбатни давом эттиради Луси Камау. - У ҳар қандай ҳаётни ўзгартира олади ва ўз соҳибининг тенгсиз ютуғи саналади. Мен бўш вақтимда фалсафий, мотивацион асарларни ўқишни яхши кўраман.

- Луси билан икки йилдан буён бирга ишлаш жараёнида ундаги билим ва шижоатга ҳавас қилганман, - дейди биз билан суҳбатда филиппинлик  ўқитувчи Анна Патриция. - Уни жуда ҳурмат қиламан ва яхши кўраман. Ички энергияси, ҳаёт тарзи, фикрлари менга жуда ёқади.  

Луси Камау билан суҳбат жараёнида устоз сифатида Ўзбекистондаги ёшлар келажаги ҳақидаги фикрларига ҳам қизиқдик.

- Ўзбекистонда жуда ёрқин ўзгаришлар бўлмоқда. Ҳозирги кунда, айниқса, таълимга бўлган эътибор жуда катта, - дейди Луси Камау. - Инглиз  тилини ўргатиш, ўқув машғулотларининг шу тилда ўтказилиши келажакда ёшларнинг дунёга чиқишида  муҳим саналади. Мен Кениядаги, Европадаги, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларидаги нуфузли  таълим масканларида ишлаганман. Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг ютуғи шундаки, улар ҳар томонлама ҳавас қиларли. Европада амалиётга интилишади, БААда ота-оналар ўзбеклардек фарзандларининг билим олишлари учун қайғуришади ва етарлича таъминлаб беришади. Бироқ фарзандлари ўқишни исташмайди, ички иштиёқ, хоҳиш йўқ. Мен билган ўзбек ўқувчилари эса яратилган шароитлардан унумли фойдаланишади. Кўпроқ билим олишга ва янада яхши натижаларга эришишга ҳаракат қилишади.

Айни шу мавзу доирасида суҳбатдошимиздан Қарши шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари ҳақида ҳам сўрадик. У эса: ўқувчиларимиз келажаги ёрқин. Масканимизда ҳам ёшлар Кембридж тизимида ўқитилади. Улар дунёдаги исталган олийгоҳ, хорижий топ институтларга кира олади. Халқаро  миқёсда беллаша оладиган, ноёб фикрлайдиган ҳамда исталган ғояларни мустақил айта оладиган ёшлар етишиб чиқишмоқда.  Мактабимиз ўқувчиларининг имконияти жуда катта. Булар яхши лидер ва келгусида бутун дунёда ўз сўзини айта оладиган инсон бўлишларига ишончим комил, - дея жавоб қайтарди.

- Луси Камау ўзининг билими, киришувчанлиги, меҳрибонлиги ва ўқувчиларга бўлган талабчанлиги, жонкуярлиги билан барчани меҳрини қозонган, - дейди мактаб  директори ўринбосари Бекзод Маматқулов.

Суҳбат жараёнида гарчи миллати, дини, ирқи бошқа бўлса-да, қаҳрамонимизнинг ўзбек элига меҳри чексизлигини ва меҳмондўст, бағрикенг халқимизга нисбатан миннатдорлик туйғулари юксак эканлигининг гувоҳ бўлдик. Айниқса, Луси Камаунинг ўзбекча сўзларни чиройли талаффуз қилаётганлиги ҳамда унинг ижросида "Отмагай тонг" қўшиғи маромига етказиб айтилгани бизни янада ҳайратлантирди.

Нилуфар ДАВЛАТ қизи

 

 

Report typo