Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

07.07.2022


МЎМИН КИШИ УЗРЛАРНИ АХТАРИБ КЎРАДИ, МУНОФИҚ ЭСА АЙБЛАРНИ...

Сараланган сатрлар

Биласиз, индинга юртимиз мўмин-мусулмонлари Қурбон ҳайитини катта хурсандчилик билан нишонлайдилар. Қурбонликка аталган жонлиқлар сўйилиб, бева-бечоралар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олинади. Бу муборак кунлар кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни кучайтириш кунларидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ байрам кунларида мўминлар ахлоқига мос ва хос бўлган яхшиликлар қилиш, дийдорлашиш, бир-бирларини ҳайит билан қутлаш, меҳрибонлик, саховат, оқибат кўрсатиш каби фазилатлар кўпроқ намоён бўлади.

Шунга монанд биз ҳам сиз азизларга ҳайитлик сифатида Абу Ҳомид Ғаззолий қаламига мансуб "Иҳйоу улумид дин" асарининг "Қалб китоби"дан иқтибосларни тақдим этишни лозим кўрдик. Ўйлаймизки, жамлаганларимиз барчага манфаатли бўлади.

* * *

Талаб қилинадиган ҳам, хитоб қилинадиган ҳам, итоб қилинадиган ҳам қалбдир. Агар у покиза тутилса, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш бахтига эришиб, натижада нажот топиладиган ва агар уни гуноҳларга белаб, ифлос қилинса, умидлар пучга чиқиб бадбахт бўлинадиган нарса ҳам қалбдир.

* * *

Қалб шундай нарсаки, агар инсон уни танимаса, ўзини ҳам танимабди, агар ўзини танимаса, Роббини ҳам танимабди. Ким қалбига жоҳил бўлса, бошқаларга ундан ҳам жоҳилроқдир. Зеро, инсонларнинг кўплари қалблари ва нафсларини билмайдилар ҳамда ўзлари билан нафслари ўртасига парда тортилган.

* * *

Баданда руҳнинг юриши, ундан аъзоларга ҳаёт, сезиш, кўриш, эшитиш ва ҳидлаш каби ҳаёт нурларининг оқиб чиқиши гўё уйнинг бурчакларида айлантирилаётган чироқдан таралаётган нурга ўхшайди. Чунки чироқ уйнинг қайси бурчагига бормаса, фақат ўша ер ёришади. Ҳаёт бир деворда ҳосил бўлган нурга ўхшайди. Руҳ эса гўё чироққа ўхшайди. Руҳнинг ичкарида юриши уйнинг атрофида бир ҳаракатлантирувчининг қўзғаши билан ҳаракатланишига ўхшайди. Табиблар ҳам "руҳ" лафзини тилга олишганида унда шу маънони назарда тутишади. У бир кўзга кўринмас буғки, уни қалбнинг ҳарорати пиширади, дейишади. Буни   шарҳлаш бизнинг вазифамиз эмас, зеро бу баданларни муолажа қиладиган табибларнинг мақсадларидир. Аммо бу қалбларни оламларнинг Робби яқинлигига етаклашга қадар даволовчи дин табибларининг мақсадларидир, бас, бу руҳни шарҳлашга асло тааллуқли эмас.

* * *

Инсоннинг бадани гўё бир шаҳарга ўхшайди ва уни идрок эта билувчи ақли эса гўё ана шу шаҳарнинг тадбирли бир подшоҳига ўхшайди. Унинг ботиний ва зоҳирий ҳисларидан бўлмиш идрок этувчи қуввати аскар ва ёрдамчиларига, аъзолари эса унинг халқига ўхшайди. Ёмонликка буюрувчи нафси, яъни шаҳвати ва ғазаби мамлакати тўғрисида у билан олишиб, халқини ҳалок қилишга уринаётган душманга ўхшайди. Демак, бадани чегарага, унинг нафси эса ана шу ерда турадиган бир чегарачи аскарга ўхшайди. Агар у душмани билан урушса ва уни енгиб ғолиб бўлса, албатта бу ишларни ўзи хоҳлаганидек бажарса, ғазотдан зафар билан қайтган ғозийдек олқишланиб, у мақталгандек мақталади.

* * *

Қалблар идишларга ўхшайди, модомики идишлар сув билан тўла ҳолда бўлса, унга ҳаво киролмайди. Қалблар ҳам Аллоҳдан бошқа нарса билан машғул бўлса, унга Аллоҳ улуғлигининг маърифати кирмайди ва бунга ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзларида ишора бор: "Агар шайтонлар одам фарзанди  қалбларининг атрофида айланиб юрмаганларида албатта осмон подшоҳлигига қарай олган бўлардилар".

* * *

Инсон ейиш, ичиш ва насл қолдириш томонларидан бир ўсимлик кабидир. Сезиш ва ихтиёрий ҳаракатланиш жиҳатидан эса ҳайвон кабидир. У кўриниши ва қомати томонидан эса деворга ўйилган бир суратга ўхшайди. Унинг инсонийлик хусусиятлари эса нарсаларнинг ҳақиқатини билишликдадир.

* * *

Кимнинг қалбида бир насиҳатгўй бўлса, унинг учун Аллоҳ томонидан бир сақлагувчи бўлади.

* * *

Гуноҳлар кўпайиб кетса, қалбга муҳр босиб қўйилади. Кейин у ҳақни идрок этишдан ва динни тузатишдан ожиз бўлиб қолади. Охират ишини енгил санаб, дунё ишини улуғлайдиган бўлиб қолади. Охиратга бўлган ғами ҳам озайиб кетади. Сўнгра охиратдан, ундаги буюк ишлардан бирор нарса қулоғига чалинса ҳам, биридан кириб, иккинчисидан чиқиб, қалбга ўрнашмайди. Шу билан бирга қалбни тавба қилишга ва ўзини ўнглаб олишга ҳаракатлантира олмайди ҳам.

* * *

Маймун ибн Миҳрон айтишларича, агар банда бир гуноҳ қилса, қалбига бир кичкина қора доғ қўйилади. Агар (ўзини гуноҳдан) узоқлаштириб, тавба қилса, доғи кетиб сайқалланади. Агар (гуноҳга яна) қайтадиган бўлса, қалбидаги кичкина қора доғ катталашади, ҳатто уни бутунлай босиб олади. Мана шу қалбни эгаллаб олишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтишларича, "Мўминнинг қалби топ-тоза, унда ёритиб турадиган чироқ бўлади. Кофирнинг қалби эса қорайиб кетгандир".

* * *

Пайғамбар алайҳиссалом ҳам айтадилар: "Қайси бир киши билган нарсасига амал қилса, Аллоҳ таоло унга билмаган нарсасини мерос қилиб беради".

* * *

Али розияллоҳу анҳу айтганлар: "Ақлни иккита ақл деб кўрдим, бири - табиий ва иккинчиси - эшитиш орқали бўлгани. Агар эшитиш орқали ҳосил бўлган ақл бўлса-ю, табиийи бўлмаса, унинг фойдаси йўқдир, гўё қуёш бўлсаю, кўзнинг нури бўлмаса, фойдаси бўлмаганидек".

* * *

Али розияллоҳу анҳу дунё ва охиратга учта мисол келтирганлар: "У иккиси тарозининг икки палласига ўхшайди. (Бирини оғирлатсангиз, иккинчи енгиллашади.) Машриқ ва мағрибга ўхшайди. (Бирига яқинлашсангиз, иккинчисидан узоқлашасиз.) Яна икки кундошга ўхшайди. (Бирини рози қилсангиз, иккинчиси хафа бўлади)".

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жаннат аҳлининг кўплари содда кишилар бўлади", деганлар (Баззор ривоят қилган ва заиф, деган). Яъни, дунё ишлари тўғрисидаги соддалик назарда тутиляпти.

* * *

Энг кичик васваса ҳамда фикр ҳам қалбни бузади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: "Мўмин қалбининг ўзгариши қозоннинг қайнашидаги ўзгаришдан ҳам қаттиқроқдир".

* * *

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар: "Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига кирдим. Йўлда бир аёлга йўлиққан эдим ва унга кўз қирим билан қараб, чиройи тўғрисида бироз ўйланиб қолган эдим. Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига кирганимда "Сизлардан бирингиз олдимга кириб келади, ваҳоланки унинг икки кўзида зино асари зоҳир бўлиб турибди. Қараш икки кўз зиноси эканини билмадингми? Тавба қиласан ёки албатта таъзирингни бераман", дедилар. Шунда мен: "Пайғамбардан кейин яна ваҳий келдими?" дедим. У киши: "Йўқ, лекин бу қалб кўзи, бурҳон ва ростгўй фаросатдир", дедилар".

* * *

Абу Сулаймон Дороний айтадилар: "Қалб қуриб қўйилган бир гумбаз ўрнидадир. Унинг атрофида кўпгина қулфланган эшиклар бор. Қайси эшик очилса, ўша эшик тарафда амал қилади".

* * *

Умар розияллоҳу анҳу аскарларнинг амирларига "Итоаткор кишилардан эшитган нарсаларингизни ёдда тутинг, чунки тўғри ишлар уларга равшан бўлади", деб мактуб юбордилар.

* * *

Жобир ибн Убайда Адавий айтдилар: "Аъло ибн Зиёдга қалбимда бўладиган васвасалардан шикоят қилдим. У киши: "Албатта унинг мисоли ўғрилар кириб ўтиб кетадиган уйнинг мисолига ўхшайди. Агар уйда бирор нарса бўлса, у билан машғул бўладилар. Агар ҳеч нарса бўлмаса, уйни шундай ташлаб ўтиб кетишади", дедилар". Яъни, албатта ҳавойи нафсдан холи бўлган қалбга шайтон кирмайди.

* * *

Ривоят қилинишича, Иблис алайҳиллаъна Исо ибн Марям алайҳиссаломга кўриниб: "Ла илаҳа иллаллоҳ, денг", деб айтганида, Исо алайҳиссалом Иблисга: "Бу ҳақ калима, лекин уни сенинг буйруғинг билан айтмайман", деган эканлар. Чунки шайтон шундай яхшилик остида фириб беради. Шайтоннинг мана шу йўллар билан фириб бериши сира тугамайди.

* * *

Бир киши Ҳасан Басрийга "Эй Абу Саид, шайтон ҳам ухлайдими?" деб савол берганида, у киши табассум қилиб: "Агар ухлаганида биз роҳатда бўлардик", деган эканлар. Демак, мўмин ундан қутулиши мумкин эмас. Лекин уни даф қилиш ва қувватини заифлаштириш учун йўл бор.

* * *

Зикр қилинишича, баъзи авлиёлар Иблисга: "Одам фарзандига қандай қилиб устун келасан?" дейишганида, шайтон: "Ғазаб ва ҳавойи нафсга эргашган пайтида уни ушлайман", деди.

* * *

Айтиладики, инсоннинг кўп ейишида олтита хатар бор: уларнинг биринчиси - унинг қалбидан Аллоҳдан қўрқиш кетиб қолади. Иккинчиси -     халққа раҳм-шафқат қилиш йўқолади, чунки у ҳаммани (ўзига ўхшаб) тўқ деб ўйлайди. Учинчиси - тоат қилишга малолланиб қолади. Тўртинчиси - агар бирор ҳикматли сўзни эшитса, ўзида ҳалимлик топмайди. Бешинчиси - агар у насиҳат ва ҳикматни гапирса, инсонлар қалбида ўрнашмайди. Олтинчиси - унда ҳар хил касалликлар қўзғалади.

* * *

Қачонки, бир инсон айб ахтариб одамларга ёмон гумон қилаётганини кўрсангиз, билингки, унинг ботини ҳам ифлос, ўша ифлослик ундан томиб туради, бошқаларни ҳам ўзига ўхшаш кўради. Мўмин киши узрларни ахтариб кўради, мунофиқ эса айбларни.

* * *

Ким жаннат учун яратилган бўлса, тоат қилиш сабаблари унга осон қилиб қўйилади. Ким дўзах учун яратилган бўлса, унга осий бўлиш сабаблари осон қилиб қўйилади ва унга ёмон дўстлар ҳукмрон қилиб қўйилади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo