Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

31.08.2020


МЎЪЖАЗ ВА МУҲТАШАМ МЎЪЖИЗАЛАР

Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигига

Истиқлол бизга нима берди? Ҳаётимизда қандай ўзгаришлар ясади?

Аввало, одамлар ўзгарди. Уларнинг онгу тафаккури янгиланди. Дунёқараши ўсди. Ён-атрофимизда кечаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси шаклланди. Муҳими, эртанги кунга ишончи ортди.

Балки шунинг учундир, ҳаётимизнинг ҳар дами янгиликлар, ўзгаришларга бой. Биргина бунёдкорлик ишларини олайлик. Аҳолига қулайлик яратиш, бандлигини таъминлашга қаратилган янги объектлар ҳали у туманда, ҳали бунисида, чекка-чекка қишлоқларимизда фойдаланишга топширилаяпти. Миқёсни узоқдан олмай, биргина ўтаётган ой давомида ишга туширилган, фаолияти йўлга қўйилган объектларни, амалга оширилаётган лойиҳаларни кўриб чиқсак, истиқлол ислоҳотларининг натижалари яққол кўринади.

Миришкорда 50 гектар майдонда лимонзор барпо этилмоқда

Янги Миришкордаги самарадорлиги паст дея баҳолаб келинган 100 гектар ер майдонида замонавий ишлаб чиқариш массиви барпо этилиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз.

Туман иқтисодиёти ва саноатини ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида бу жойда ҳар бири 1 гектардан иборат 52 та лимонарий бунёд этилади. Лимонлар ҳосилга киргунга қадар улар орасига помидор, бодринг, булғор қалампири каби маҳсулотлар етиштириб, лимонарий қуриш учун сарфланган харажатларни тўлиқ қоплаш ва фойда олишга ўтиш имкони бор.

- Жами 100 гектарлик майдоннинг қолган қисмида эса интенсив усулда бодомзор, ўрикзор ва токзор ҳосил қилинади, - дейди Миришкор тумани ҳокими ўринбосари Акмал Сариқов. - Бундан ташқари, мазкур мажмуадан паррандачилик фабрикаси, интенсив балиқ кўли, 1000 тонналик совуткич, сутни қайта ишлаш, томат пастаси ишлаб чиқариш мини заводлари ўрин олади. Ҳудуд атрофига жойлаштирилаётган контейнерларда тикувчилик, маҳсулотларни қадоқлаш ва қадоқлаш идишларини тайёрлаш, ширинликлар тайёрлаш, нон ва нон маҳсулотлари, макарон ишлаб чиқариш, музқаймоқ тайёрлаш, асал, писта қадоқлаш, прессланган исириқ ишлаб чиқариш цехларининг фаолияти йўлга қўйилади.

Эътиборлиси, Қарши-Миришкор йўли ёқасида жойлашадиган мазкур мажмуа учун "ақлли бекат", тадбиркорликка ўқитиш маркази барпо этилди, 7/24 тизимида ишловчи мини маркет ва кафе, шунингдек, ўғитлар ва кимёвий воситалар ҳамда уруғликлар дўкони қуриш ишлари якунланмоқда. Бир сўз билан айтганда, сув бор пайтда бор, йўқ пайтда хор бўлиб ётган бу ерларда ҳадемай ҳаёт қайнайди.

10 минг гектардан ортиқ ер майдонига ҳаёт қайтади

Сўзимизни яна Миришкор тумани мисолида давом эттирсак. Мазкур туманнинг Янгиобод қишлоғи ҳудудида ҳам фойдаланишдан чиқиб кетган ҳайҳотдек ерлар бор. Уларнинг 18 гектари "Ҳар бир ёшга - бир гектар" лойиҳаси доирасида қишлоқ ёшларига бўлиб берилди.

20 миллион сўм нари-берисида маблағ сарфланиб, коллектордан сув чиқарилди. Натижада бу ерда меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳар бири энг камида 20 миллион сўмдан даромад олиш имконига эга бўлмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бошида бу ерда деҳқончилик қилиб, даромад олиш мумкинлигига кўпчилик ишонмаган. Энди эса ташландиқ ердан беринг, дейдиганларнинг ҳисоби йўқ.

- Бу бир қараганда арзимас лойиҳа бўлиб туюлиши мумкин, - дейди маҳалла раиси Ҳайдар Бобоев. - Бироқ вилоятнинг ҳар бир туманида камида 2-3 тадан шу каби лойиҳа амалга оширилганини ҳисобга олсак, бунинг натижасида минг гектарга яқин ер ўзлаштирилиб ва шунча ёшнинг бандлиги таъминлангани кўринади.

Қайд этиш лозим, Қашқадарёда ана шундай катта-кичик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши натижасида жорий йилнинг ўзида 10 минг гектардан ортиқ "оборот"дан чиқиб кетган ва самарасиз ер майдонларига қайта жон ато этиб, уларни боғу роғга, экинзорларга айлантириш кўзда тутилган. Бу келгусида элимиз дастурхони тўкин бўлиши, юртимизнинг экспорт салоҳияти ошишига хизмат қилади.

5 миллион долларлик томат пастаси экспорт қилинади

Халқимизда тўйга тўяна билан боришдек хайрли амал бор. Шунга биноан қамашиликлар байрамни бир нечта муҳим объектни фойдаланишга топшириш билан кутиб олмоқдалар.

Уларнинг дастлабкиси Баландчайла маҳалла фуқаролар йиғинидаги "Агро-Восток" масъулияти чекланган жамиятига қарашли помидор пастасини асептик қадоқлаш цехи бўлиб, лойиҳа қиймати 12 миллиард сўмни ташкил қилади. Лойиҳа доирасида мева-сабзавотчилик кластери ташкил этилгани ҳам эътиборга молик.

Кластерга 170 та боғ ва мева-сабзавотчилик фермер хўжаликлари бириктирилди. Уларга уруғ ва кўчатлар етказиб берилиб, 340 гектар майдондан помидор ҳосили олинди.

Бу ерда йилига 15 минг тонна помидорни қайта ишлаш ҳисобидан 5 миллион долларлик 2500 тонна томат пастасини экспорт қилиш мўлжалланмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, МЧЖ фаолиятининг қайта йўлга қўйилиши натижасида 340 та мавсумий иш ўрни яратилди.

Бундан 25-30 йил олдин қишлоқда меҳмонхона фаолиятини йўлга қўйиш мумкин, деса ҳеч ким ишонмасди. Чунки бунга на эҳтиёж, на шароит бор эди. Қамашидаги Қизилтепа маҳалласида "Росквилк Ташкент" хусусий корхонаси 20 ўринли, замонавий типдаги меҳмонхона, ресторан биноси, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасини байрамга туҳфа сифатида ҳозирлаган, десак ишонасизми? Албатта, ишонасиз. Чунки бу каби ташаббуслар тобора ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораяпти.

Қутлуғ айёмга навбатдаги туҳфалар - Ўрта Дара маҳалласида 120 ўқувчига мўлжалланган 35-мактаб филиали, Қирққиз маҳалласида 84-мактаб биноси фойдаланишга топширилишидир.

Зафар маҳалласида эса "Нуронийлар маскани" биноси кексалар ихтиёрига берилади. 471 миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилган масканда кутубхона, спорт зал фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, туманда фаолиятини тиббий ниқоб тикиш билан бошлаган цех маҳсулотларини экспортга чиқариш арафасида турибди. "Турсунов Муҳаммадали Тўлқинович" масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикувчилик цехи "GULI HAYO" бренди билан  маҳсулотлар чиқариб келмоқда.

60 нафарга яқин хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаган цех фаолиятини кенгайтириб, йил якунига қадар иш ўринлари сонини 150 тага етказишни режа қилган.

- Болалар ва катталар кийимлари, ётоқхона учун кўрпа ва чойшаблар, матрас ҳамда бошқа турдаги маҳсулотларимизни бозорга олиб чиқаяпмиз, - дейди тикувчилик цехи раҳбари Сожида Умарова. - Кузги кийимларни тикишни ҳам бошладик. Қозоғистон республикасига чойшабларни экспорт қилиш бўйича шартнома имзоладик ва яқин кунларда маҳсулотимизни жўнатамиз.

Тикувчилик цехига туркиялик ҳамкорлар чақирилмоқда. Жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлган туркиялик ишбилармонлар экспорт талабларига жавоб бера оладиган маҳсулотлар чиқаришда ёрдам кўрсатиши режалаштирилган.

120 турдаги 32 мингга яқин хизмат

Куни кеча Чироқчи туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Биласиз, салкам уч йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган Давлат хизматлари агентлиги жойларда аҳолига 100 дан ортиқ турдаги хизматларни кўрсатиб келмоқда. Соҳада замонавий ахборот технологияларининг жорий этилиши вақт ва нақдимизни тежаб, турли сарсонгарчиликларнинг олди олинмоқда.

Чироқчидаги марказнинг янги биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган бўлиб, замонавий ахборот технология воситалари билан жиҳозланган. Энди марказга ташриф буюрувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хоналарда қулай шароитларда хизмат кўрсатилади. Марказга киришингиз билан сизни рўйхатга олиш бўлимида хушмуомала ходимлар яхши кайфият билан кутиб олишади.

Электрон навбат тизими 2 та мониторда акс этиб туради. Интернетга уланиш учун бепул Wi-fi тизими ўрнатилган. 16 та қабул ойнасида кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.

Замонавий архитектура дизайни асосида жиҳозланган марказ биносига келган мурожаатчиларнинг фарзандлари учун ҳам қулай шароит яратилган бўлиб, болалар ўйин майдончаси, тиббиёт хонаси, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш  бўлими, тадбиркорлар учун Бош вазир қабулхонаси, нотариал хизмат хонаси, фуқаролик паспортини бериш ва алмаштириш бўйича туман ички ишлар бўлими хоналари ташкил этилган.

Жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида  туман Давлат хизматлари маркази томонидан 120 турдаги қарийб 32 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган.

Чўл ҳудуддаги 40 минг киши ичимлик суви таъминотида муаммо сезмайди

Биласиз, Муборак туманининг катта қисми чўл ҳудуд, бу ерда асосий муаммо ичимлик суви билан боғлиқ. Шуни назарда тутиб, Косон ва Муборак туманлари марказлари ҳамда Китоб-Шаҳрисабз ерости сув конидан сув олиш қувурига яқин бўлган қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, уни Саудия ривожлантириш ва халқаро ОПЕК жамғармалари ҳисобидан амалга ошириш мўлжалланмоқда.

- Ушбу лойиҳанинг қиймати 50,95 миллион АҚШ доллари бўлиб, ижро даври 5 йил, яъни 2019-2023 йиллар давомида амалга ошириш белгиланган, - дейди Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги "Коммунхизмат" агентлигининг вилоятимиздаги лойиҳаларни мониторинг ва баҳолаш бўйича ҳудудий  координатори Улуғбек Муродов.

Мазкур лойиҳа амалга ошиши натижасида Муборак туманида 40 минг нафардан ортиқроқ киши ичимлик суви борасида муаммога дуч келмайди.

Муборак ҳақида гап бораркан, бу ерда ташкил қилинаётган кичик саноат зоналари хусусида ҳам тўхталмасак бўлмас. Тадбиркорларга "ноль" қийматда берилган биноларда ун маҳсулотлари, совун, сода ва газ қувурларини тозаловчи кимёвий суюқлик ишлаб чиқарувчи 2 та цех ташкил этилиб, фаолияти янада такомиллаштирилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Бу ерда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун барча қулайлик яратилган. Хусусан, кичик саноат зонаси ҳудудидаги йўлга асфальт ётқизилди, 4 трансформатор ўрнатилиб, электр таъминоти яхшиланди. Табиий газ тармоғи тортиб келинди, ҳовуз қурилиб, ичимлик суви билан таъминланди.

Яна бир янгилик шуки, туман марказида илк марта хусусий меҳмонхона қурилмоқда. 25 ўринга мўлжалланган мазкур маскан Кончилар маҳалласида қад ростлайди. Замон талабларига тўла мос 3 қаватли ушбу бинода меҳмонлар учун барча шарт-шароитлар яратилади. Энг муҳими, мазкур истиқболли лойиҳа амалиётга татбиқ қилиниши натижасида 15 та янги иш ўрни яратилади.

Айни пайтда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Уйда - пойабзал цехи

Истиқлолнинг 29 йиллик тантанасини касбиликлар 1,7 миллиард сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қурилган маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биноси ҳамда аҳоли дам олиш маскани, қурилиш қиймати 1,2 миллиард сўмлик "Ермулккадастр" давлат корхонаси туман филиали маъмурий биноси, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам биноси, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар учун турар жой каби иншоотларни ўз эгаларига топшириш билан нишонламоқчи.

Яқинда Оққамиш маҳалласилик Ижодбек Саидов уйида цех очиб, эркаклар учун ҳар хил турдаги замонавий оёқ кийимлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ҳали фаолият бошланганига кўп вақт ўтмай, пойабзаллар харидорларини ҳам топиб улгурди. Ишнинг ривожига қараб тадбиркор ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, 15 та янги иш ўрни ташкил қилиш ҳаракатида.

Аввал Германиядан, энди Украинадан

Навбатдаги манзилимиз - Қарши тумани. Бу ерда совет даврида жон куйдириб ишлаб косаси оқармаган, истиқлолдан кейин лол қоларли даражада натижаларга эришган кишилар, тадбиркору фермерлар сони анчагина. Улардан бири иш бошлаганига 14 йил тўлган "Бахт" фермер хўжалигидир. Бу ерда асосий фаолият чорвачиликни ривожлантириш ҳамда сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Хўжаликда наслдор қорабайир отлари, туялару туяқушларни кўриш мумкин. Қорамоллар сони 600 бошдан ошиб кетган. Хўжаликда товуқ, курка, товус ва қуён боқилади. Сутни қайта ишлаш комплексининг ўзида 30 дан ошиқ ишчи меҳнат қилади. Қорамол ва йилқи боқувчилари билан ҳисоблаганда, 100 дан ошиқ киши ризқини шу ерда ишлаб топади.

Яна бир муҳим томони, хўжаликнинг имконияти кенгайиб, хориж давлатлари билан ҳамкорликда ишлашни ҳам йўлга қўйган. 2017 йил Германиядан, бир неча кун олдин эса Украинадан зотли моллар келтирилди.

Даромад ортган, фаровонлик ҳам

Истиқлол эпкинларининг Деҳқонободга таъсири ҳақида сўз бораркан, биринчи  навбатда калий заводи ёдга келади. Аҳамиятлиси, ушбу заводда илк маҳсулот ишлаб чиқарилганига ҳам 10 йил бўлибди.

Ўтган вақт мобайнида бу ерда 2,2 миллион тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарилиб, йил охиригача 350 минг тонна калий хлорид ишлаб чиқариш прогноз қилинган. Ўн йил давомида 30 дан ортиқ хорижий мамлакатга 300 миллион долларлик калий ўғити экспорт қилингани ҳам аҳамиятга молик.

2010 йилда заводнинг соф фойдаси 2 миллиард 274 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 5 миллиард 575 миллион сўм даромад кўрилган.

Албатта, буларнинг барчаси деҳқонободликлар ҳаётининг янада фаровонлашишида муҳим ўрин тутаётир.

Қутлуғ айём муносабати билан туман марказида кутубхона, ёшлар маркази каби ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилмоқда.

Иситиш қозонидан девор плиталаригача...

Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрамини Шаҳрисабз шаҳридаги "Ибрагимова Дилдора Нугмановна" хусусий корхонаси жамоаси юқори натижалар билан кутиб олмоқда. Тадбиркор учун Пиллакашлик маҳалласидаги  саноат зонасидан 80 сотих ер майдони ажратилган.

Тегишли маҳсулотлар сақланадиган, сиғими 150 тонналик совуткич, 16 бош бўрдоқи, 72 бош қўй, 4 бош соғин сигир, 6 минг бош товуқ, 8 сотих иссиқхона... Бир корхона учун ёмон рақамлар эмас, тўғрими?

Уймовут маҳалласида ташкил этилган 1,96 гектар ер майдонида жойлашган кичик саноат зонасида ҳам фаолият босқичма-босқич бошлаб юборилган. Мазкур лойиҳанинг умумий  қиймати 9 миллиард 988 миллион сўмни, ишчи ўринлари сони эса 95 тани ташкил этади. Бу ерда тадбиркорлар ҳар хил турдаги иситиш қозонлари, Европа стандартлари асосида девор плиталари ва ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Буям ҳудуд равнақи, аҳоли турмуш даражаси юксалишида маълум аҳамият касб этади.

Кўп тармоқли мажмуа, ёшлар гузари, боғча ва маданият саройи...

Косонликлар юртнинг катта тўйига анча-мунча туҳфалар ҳозирлашган. Улардан шу кеча-кундузга оид айримларига тўхталамиз.

Умумий овқатланиш, тренажёр зали, бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларини ўз ичига қамраб оладиган "Илгизжон" номли 3 қаватли мажмуа қурилиб, 30 киши ишли бўлса, ёшлар гузари фаолиятини йўлга қўйиш орқали 40 та иш ўрни яратилади.

Туманда замонавий маданият саройининг қурилиш ишлари давом этмоқда. Маҳаллий бюджетдан ажратилган 1 миллиард 643 миллион сўм маблағ эвазига барпо қилинаётган 300 ўринли маданият саройида кино ва спектакллар, концерт дастурлари намойиш этилади.

Тадбиркор Баҳодир Баҳриев туман марказида 240 ўринли боғча қураяпти. Бунинг учун банкдан 3 миллиард 300 миллион сўм  имтиёзли кредит олган бўлса, бир ярим миллиард сўм ўз маблағидан фойдаланди. Айтиш жоиз, мазкур болалар боғчаси Косон туманидаги замонавий ва қулай масканлардан бирига айланиши кутилмоқда.

Бинолар ва мақсадлар янада бўй чўзмоқда

Энди вилоят марказига разм соламиз.

Қарши шаҳрида бунёд этилаётган Президент мактаби ҳам анча кўзга кўринарли қиёфа касб этиб улгурганидан хабарингиз бор. Ғишт ва пойдевор ишларининг 80 фоиздан ортиғи якунланди, айни пайтда фасад ва ички пардозлаш ишларига киришилган. 3 қаватли бинода ўқитувчилар учун меҳмонхона, ўқувчилар учун 168 ўринга мўлжалланган ётоқхона бунёд этилди. Спорт ўйингоҳи ва майдонлари, дам олиш учун кенг ҳовлилар бўлади.

Наво маҳалласидаги 22 гектар ер майдонида "Qarshi City" мавзесининг 16 қаватли турар жойлари бўй чўзмоқда.

Аҳолига сифатли, арзон ва хавфсиз йўловчи ташиш хизмати кўрсатиш бўйича замонавий ва кенг ҳажмли автобуслар келтирилмоқда.

Шунингдек, Қаршида савдо терминаллари (инфокиоска) ишлаб чиқарилмоқда.  "Promax" МЧЖ корхонасига тегишли 2 миллиард 500 миллион сўмлик лойиҳанинг 50 минг АҚШ доллари хорижий инвестиция ҳисобига тўғри келади. Ҳозирги вақтда корхонада 15 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Йиллик қувват - 1000 дона, ушбу савдо терминалларини бугун республикамизнинг барча нуқталарида учратиш мумкин. Ички бозор талаби тўлиқ қопланиб, маҳсулотларнинг 30 фоизини МДҲ давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.

Кўрдик. Юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби вилоятимиз ҳам истиқлол йилларида ҳар жиҳатдан тараққий этиб бормоқда. Бунга БИРГИНА АВГУСТ ОЙИДА бажарилган ишлар мисолида амин бўлдик. Рақамлар, лойиҳалар, янги иш ўринлари - бу нима? Фаровонлик рамзи. Амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш, яратиш ишлари фақат яхшиликка, эзгуликка хизмат қилаяпти, инсон қадр-қимматини янада юқори поғонага кўтармоқда, элнинг дастурхони тўкин, турмуши фаровон, тинчлик-осойишталикда умргузаронлик қилмоқда...

Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

Report typo