Каштадўзлик
Каштачилик халқимизнинг қадимий миллий ҳунарларидан бири ҳисобланади. Азалий қадриятларимиз ва урф-одатларимиз билан чамбарчас боғлиқ бўлган бу санъат тури қўли гул чеварлар томонидан асрлар оша янада бойитилиб, сайқалланмоқда.
Фан ва техника ривожланиб, махсус тикув машиналари ёрдамида матога қисқа вақт ичида истаган шакл ва ўлчамда гул босиш имкони яратилган бугунги кунда ҳам қўл меҳнати ёрдамида ҳафталаб, ойлаб вақт сарфлаб тикиладиган миллий кашталаримизга эътибор асло сусайгани йўқ. Буни Чироқчи туманида фаолият юритаётган моҳир каштадўз Наргиза Шукурова фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
- Болалигимдан каштачиликка қизиқиб, шу ҳунарни ўрганганман, - дейди у. - Бугун эса у ҳаётим мазмунига айланди. Ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтиб, уйда турли каштадўзлик буюмлари тикиш билан шуғулланиб келмоқдаман. Ўнга яқин шогирдларим ҳам бор.
Наргиза Шукурованинг таъкидлашича, мазкур ҳудудда қўлда кашта тикишнинг иккита, яъни санама ва эркин кашта тикиш усуллари мавжуд. Санама кашта арқоқ ҳамда ўрим ипларини кесиштириб тикилган полотно ёки бўз шаклида тўқилган матоларга тикилади. Бунинг сабаби, кашта тикишда мато ипларини санаб тикишга қулайлиги. Санама кашта тури мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг тарқалган. Эркин кашта эса мато танламайди, туширилган тасвир чизиқлари асосида тикилади.
- Айни пайтда санама усулда ҳам, эркин усулда ҳам кашталар тикаяпмиз, - дейди у. - Талабга қараб, рўзғор учун керакли буюмларни тайёрлаймиз. Масалан, бугунги кунда келинлар сепи учун каштали ўрамалар, юкёпқич, гулкўрпа, ёстиқ, чойшаб, дастурхон, жойнамоз ва шу каби турли буюмлар тайёрлаяпмиз. Маҳсулотимизни буюртмачилар ҳамда ўзимизга тегишли савдо дўконлари орқали ички бозорга етказиб бермоқдамиз.
Моҳир каштадўз томонидан тайёрланган буюмлар харидорларда катта қизиқиш уйғотиши билан бир қаторда, турли танлов ва фестивалларда ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Жумладан, "Ташаббус - 2016" кўрик-танловининг туман босқичида Н.Шукурова биринчи ўринни эгаллаган бўлса, вилоят босқичида рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланган эди. Шунингдек, вилоятимизда ўтказилган турли кўргазмаларда ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб келмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.