Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

16.11.2017


МЎЪЖИЗАКОР НЕЪМАТ

- Қадимги Миср, Греция ва Рим ҳакимлари сутнинг инсон организмига таъсирини кузатган ва бу ажойиб маҳсулотни “саломатлик манбаи”, “оби ҳаёт” деб атаган. Машҳур Гиппократ эса турли ҳайвонлар сутининг шифобахш хоссалари ҳақида тўхталиб, эчки ва бия сути силга, сигир сути подагра билан камқонликка даво бўлади деб ҳисоблаган. Машҳур олим Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида ҳам сутнинг шифобахшлиги, болалар ва кексалар учун энг яхши озуқа эканлиги таъкидланган.

Улуғ рус физиологи, академик И. Павлов ўз лабораториясида биринчи марта сутнинг фойдасини илмий жиҳатдан асослаб берди. Унга кўра, сут иштаҳа бўлмаган пайтда меъда шираси ажралиб чиқишига ёрдам берувчи энг яхши восита ва овқат ҳазми ёмон беморлар учун айниқса яхши дори ҳисобланади.

Олимлар  айниқса она сутининг тенгсиз мўъжиза эканлигини қайд этиб, у авлод соғломлиги учун курашишнинг муҳим омили эканини ҳамда гўдакни кўкрак сути билан боқиш лозимлигини таъкидлашади. Бироқ кейинги йилларда содир бўлаётган экологик-физиологик ўзгаришлар баъзи аёлларда она сутининг керакли миқдорда ажралмаслигига ва унинг таркибида ёш организм учун зарур бўлган озиқ моддалар, витаминлар, гормонлар, ферментлар ва бир қанча биологик фаол моддаларнинг етарлича бўлмаслигига сабаб бўлмоқда. Бунинг оқибатида она сутидан тўймаган чақалоқларни қўшимча равишда сигир сути ёки сунъий аралашмалар билан боқиш зарурияти келиб чиқмоқда. Бироқ, қанчалик мукаммаллаштирилган бўлмасин, сунъий озуқа кўп жиҳатлари билан она сутига тенглаша олмайди. Сунъий сут ёки сут ўрнини босадиган озиқ моддалар билан овқатланиб катта бўлганлар орасида модда алмашинуви касалликлари, хафақон, атеросклероз, аллергия ва ҳатто юрак ишемияси хасталиклари кўп учрайди. Демакки, она сути алмаштириб бўлмайдиган даражада ноёб, шифобахш бўлиб, таркиби ўта мураккаб тузилган. Унда ёш организмнинг ўсиб-улғайиши учун зарур, тез ва осон ҳазм бўладиган озиқ моддалардан ташқари, бир қатор биологик фаол моддалар - гормонлар, ферментлар ва минераллар мавжуд. Хусусан, унинг таркибида 87,4 фоиз сув, 0,91 фоиз казеин, 1,23 фоиз албумин ва глобулин, 3,76 фоиз ёғ, 6,29 фоиз сут шакари ҳамда бошқа минерал модда ва витаминлар мавжуд.

Она сути таркибидаги оқсиллар ёш организмдаги касалликлар уйғотувчи вируслар ҳамда бактерияларни ўзига бириктириб, уларни ичак шиллиқ қаватига ўтказмайди. Шу йўл билан бола организмини ичак яллиғланиши ҳолларидан муҳофаза қилади. Айниқса, оғиз сути таркибидаги иммуноглобулинлар мурғак организмда ҳали тараққий этиб улгурмаган иммун тизимининг ўрнини қоплайди ва табиий пассив иммунитет ҳосил бўлишида иштирок этади. Сигир сути ёки сунъий аралашма билан боқилган болалар она сутига тўйган болаларга нисбатан кўп касалланади. Чунки сигир сути ва сунъий яратилган аралашмалардаги оқсиллар бир томондан дағал ва катта таначалар ҳолида бўлса, иккинчи томондан бола организми учун ётдир. Шу боис ҳам момоларимиз кўкрак сутига тўймаётган гўдакларга эчки сути беришади. Чунки у кимёвий таркибига кўра она сутига яқин бўлиб, витамину минерал моддаларга бой. Ёғ доначалари ҳам сигир сутиникидан икки баробар кичик, оқсиллари эса нозик бўлади. Эчки сути таркибида сигир сутига қараганда кам миқдорда лактоза (сут шакари) бўлади, шунинг учун у бола организмида диареяни келтириб чиқармайди ва ёмон таъсир кўрсатмайди. Уни организм тез ва осон қабул қилади.

Сутнинг бебаҳо неъматлиги яна шунда намоён бўладики, у бола билан она ўртасида узоқ муддатли физиологик ва психологик ўзаро боғлиқликни таъмин этувчи ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. Бола она сутини эмаётганда унинг организмида анча мураккаб физиологик-биокимёвий жараёнлар содир бўлади. Озуқа ошқозон-ичак тизимига тушиб, бу ерда мавжуд рецепторларни қўзғатади. Натижада қонда эндокрин, энкефалин деб аталган турли нейропептидлар концентрацияси ошади. Бу эса ўз навбатида олий нерв тизимидаги ҳужайраларда қўзғалиш ва тормозланиш жараёни нисбатини ўзгартириб бола организмида роҳатланиш туйғусини қўзғатади. Шунингдек, она боласини эмизар экан, ундаги эндокрин безлари фаоллашади. Натижада модда алмашинуви жараёни тезлашади, организм тетиклашади, бош мия пўстлоғи қўзғалади, қон томирлари кенгайиб, асаб тизимларида ажойиб ҳолат юз беради ва бу онанинг ўз фарзандига нисбатан меҳр-муҳаббат туйғусини оширади. Худди шу меҳр-муҳаббат болада  ростгўйлик, сахийлик, жасурлик ва бошқа инсоний фазилатларнинг шаклланишида муҳим роль ўйнайди.

Юқорида баён этилган далиллар она сути алмаштириб бўлмайдиган ноёб ва мўъжизакор неъматлигини  яна бир марта тасдиқлайди. Шундай экан, гўдак ҳаётининг илк кунлариданоқ ғамхўрлик кўрсатиш, яхши озиқлантириш ва парваришлаш учун оналарга шароит яратиб бериш муҳим вазифа ва соғлом фарзанд ўстириш йўлидаги энг тўғри қадамдир.

Сожида АЛЛАЁРОВА ёзиб олди.

Report typo