- Юртбошимиз билан учрашув менда улкан таассурот қолдирди. У киши суҳбат чоғида маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши, бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши кераклиги, маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиб, ким нима билан машғул – ҳаммасини билиши лозимлигини таъкидладилар. Умуман, ушбу тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маҳаллани кечаю кундуз одамларнинг аҳволидан бохабар бўладиган масканга айлантиришга қаратилгани эътиборга молик.
Қайд этиш лозимки, мустақиллик йилларида маҳалланинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, вазифа ва ваколатлари доирасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йилларда маҳалла жамият бошқарувида ўз ўрнига эга бўлди. Бир пайтлар маҳаллага фақат тўй-маърака, оилавий муаммолар билан шуғулланувчи идора деб қаралган бўлса, бугун кундалик ҳаётимизда учрайдиган деярли барча масалалар шу ерда ҳал этилмоқда.
Маҳалламизда 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 2016 йилда маҳалла ҳудудидаги эски уйлар ўрнида 8 та замонавий кўп қаватли уй барпо этилди. Ҳудудда “Бинокор” спорт клуби, бир неча маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари, гўзаллик салони, чойхона фаолият юритмоқда. Хонадонлар газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган. Фуқароларимизнинг бугунги кунидан кўнгли тўқ, эртанги кунга ишончи мустаҳкам.
Яқинда “Бинокор дизайн” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилган маҳалла идорасининг янги биносига кўчиб ўтдик. Унда ишлаш учун барча шароит яратилган. Маҳалла раиси, котиб, маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилиб, компьютер, мебель, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Муҳташам мажлислар зали ва халқ қабулхонаси ҳам жой олган. Айниқса, профилактика инспекторининг хонаси маҳалла ҳудудидаги жамоат объектларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари орқали ҳудудни назорат қилиб туриш имконини берувчи монитор билан жиҳозлангани ҳудудимизда ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маҳалла идораси ёнида профилактика инспектори оиласи билан яшаши учун уч хонали турар жой барпо этилиб, хоналар тўлиқ жиҳозлаб берилди. Давлатимиз раҳбари ушбу хонадонда яратилган шароитлар билан ҳам танишиб, Қарши тажрибасини республикада қўллаш кераклигини таъкидладилар.
Маҳалла – муқаддас маскан. Унинг қувончи ҳам, ташвиши ҳам ўзимизники. Маҳалламиз тинч ва обод бўлса, ҳаётимизга файзу барака инади. Жамиятимиздаги меҳр-оқибат, аҳиллик ва бағрикенглик мустаҳкамланади. Мамлакатимиз янада фаровон бўлади.
Ана шу нуқтаи назарда маҳалламизда “Энг намунали оила”, “Энг ораста ҳовли” каби кўрик-танловлар, турли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш анъанага айлантирилгани амалга оширилаётган ибратли ишларимиз самарадорлигини, ҳудудда ҳамжиҳатлик, аҳил-иноқликни таъминлашга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этиш ўринли.
Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлаётир.