Ҳафталик давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши ижроси доирасида амалга оширилаётир.
Ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, мутолаа завқини уйғотиш, маҳалла ва ҳар бир оилада китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида таълим муассасалари, олис қишлоқларда кўчма кутубхоналар ташкил этилиб, китоб савдоси, ярмарка, учрашув ва давра суҳбатлари уюштирилмоқда. Шунингдек, "Бадиий асарлар билимдони", "Менинг биринчи китобим", "Мен ўқиган китоблар", "Мен китобни нечун севаман", "Энг ёш ва фахрий китобхон" каби ижодий беллашувлар, ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасида эса "Энг намунали маҳалла кутубхонаси", "Энг китобсевар маҳалла" кўрик-танловлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда.
- Ёшлигимни эслайман, онамиз сандал атрофида бизни йиғиб китоб ўқиб берарди, - дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Дилбар Хўжақулова. - Биз берилиб, маза қилиб тинглардик. Асарда қаҳрамон йиғласа, қўшилишиб йиғлардик, қувонса қувонардик. Бугун ҳар бир мактабда кутубхона бор, улар фонди бойитиб борилмоқда. Китоб ҳафталикларида ёшларнинг интилишини кўраяпмиз. Демак, бу интилишни рағбатлантириш керак.
Ғузордан бошланган "Маҳалла китобсеварлари" ҳафталиги вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом этмоқда.
Шоҳиста БОЗОРОВА