Тарихда маҳалла бор эдими?
Зардуштийларнинг муқаддас китоби "Авесто"да жамоа бўлиб яшаш тарзи, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар ва бошқа шу каби масалалар тартибга солинган. Жумладан, мазкур даврда ишлаб чиқариш, жамоаларни бошқариш сайланган оқсоқоллар қўлида бўлиб, улар жамоа ҳаёти билан боғлиқ барча ишларни оқсоқоллар кенгаши орқали ҳал этишган. Жамоа манфаатлари ушбу кенгаш томонидан ҳимоя қилинган ва улар маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда мустақил бўлган. Бу эса ўз навбатида, бутун тарих давомида маҳалла инсонлар билан бирга, уларнинг яхши ва ёмон кунларида ҳамнафас бўлиб, муҳтожлар, заифларга ёрдам қўлини чўзиб келиш ваколатларига эга бўлганидан далолат беради.
Ал-Хоразмий, ал-Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк мутафаккирлар асарларида ҳам адолатли жамият ва инсоннинг қадр-қиммати улуғланиши билан бир қаторда жамоа бўлиб яшаш тарзи, унинг жамият ҳаётидаги ўрни, жамоа томонидан амалга ошириладиган вазифа ва ваколатлар тўғрисида фикр-мулоҳазаларни учратиш мумкин.
- Маҳаллалар айниқса Амир Темур тузган давлатда жадал ривожланган ва уларнинг ваколатлари янада кенгайтирилган, - дейди тарихчи Очил Бўриев. - Бу даврда маҳалла оқсоқоли - "кадхудо" деб аталган ҳамда маҳаллий аҳоли томонидан сайланган ва унга эътибор, ишонч катта бўлган. Зиммасига жавобгарлик, масъулият юкланиб, бошқарув масалаларида катта ваколатлар берилган. Жумладан, "Темур тузуклари"да: "Кадхудолар деҳқонлар ва экин майдонларига ишлов берувчилар кўнглини хушнуд этиб, ўзларига қаратсинлар. Фақиру мискин, бирон касб қилишга ожиз - кўрларга нафақа белгиласинлар", дейилган. Шунингдек, "Темур тузуклари"да ёзилишича, Соҳибқирон ўзи барпо этган бепоён ва қудратли салтанатни бошқаришда маҳалланинг мутасадди шахсларига таянган, улар билан яқин мулоқотда, доимий машваратда бўлган, кези келганда улар фаолиятини бевосита қўллаб-қувватлаган.
Собиқ тузум даврида
Собиқ шўролар маҳаллаларни туман, шаҳар, қишлоқ кенгашлари раҳбарлигида бошқарган. Лекин у даврда маҳаллалар бошқарув тизими сифатида "чалажон" ҳолатга келтириб қўйилган. Улар халқнинг дастлабки жамоат ташкилоти сифатида фаолият кўрсатиши учун ҳеч қандай ҳуқуқ, ваколат, имкониятга эга бўлмаган.
- Шўролар тузуми манфаатларини ифода этувчи "Овул совет" ва "Шаҳар совети" номини олган худудий атамалар билан иш олиб борувчи фуқаролик органларининг қандай вазифаларни адо этиши билан аҳоли, тўғриси, қизиқмас ҳам эди, - дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Қурбон Сариқов. - Бу фуқаролик органлари "маълумотнома берадиган", "аҳоли сонини рўйхатга оладиган ёки рўйхатдан чиқарадиган", "халқ мол-мулкини ҳисоблаб, солиққа тортилувчилар рўйхатини тузувчи идора" каби вазифаларни бажаради, холос. "Халқнинг ташвиши нима, уни қандай муаммолар қийнаётир?", "Оилалар тинчми, уларнинг моддий аҳволи қандай?", "Фарзандлари учун қандай шароитлар яратиш керак?", "Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар борми?" каби саволлар уларни умуман қизиқтирмасди. Мана шундай ташвиши бор фуқаролар бу "идоралар" остонасидан ҳатлаб кирмасди.
Бугун-чи?
Бугунги кунда маҳаллалар аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказларига айланишига ҳаракат қилинмоқда.
- Президентимизнинг жорий йил 2 апрелдаги "Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони маҳаллалар зиммасига катта вазифалар юклади, - дейди Қурбон Сариқов. - Эндиликда мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича "маҳалла-сектор-Халқ қабулхонаси-маҳалла" йўналишида ҳамкорлик занжири жорий қилинди. Янги тизимдан асосий мақсад муаммоларни жойида аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишдир.
Сарҳисоб
Республикамизнинг барча ҳудудлари сингари вилоятимизда ҳам Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги "Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ жорий йилнинг май-июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бўлиб ўтди. Раисликка энг муносиб деб топилган 768 номзод сайланган бўлса, уларнинг 547 нафари янги сайланган раислар 3 йил давомида маҳалла ишига бошчилик қилиб, пировардида аҳоли фаровонлиги, ҳудуд ривожига ҳисса қўшадиган бўлди.
- 30 йилдан буён маҳалла тизимида фаолият олиб бораман, - дейди Қарши шаҳридаги Чақар маҳалла фуқаролар йиғини раиси Норгул Мустафоқулова. - Шундан келиб чиқиб қарайдиган бўлсам, бундан 10-15 йил олдинги маҳалла раислари билан бугунгиларининг фаолияти бир-биридан фарқ қилади. Бугун талабга яраша ваколатлар кўлами ҳам кенгайди. Улар маълум ҳудуд йўлбошчиси сифатида ҳуқуқий саводхон бўлиши талаб этилади.
Айтиш жоиз, янги сайланган раислар учун 88 соатлик ўқув ташкил этилиб, унда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ва кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясида самарадорликка эришиш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, диний ақидапарастлик, гиёҳвандлик, одам савдоси сингари ҳолатларнинг олдини олиш каби масалаларда маҳалланинг ваколати ва бошқа қатор вазифалар бўйича билимлар оширилди.
Ижтимоий ҳимоя
"Маҳалла" хайрия жамоат фондининг асосий вазифаларидан бири - аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш бўлиб, ушбу йўналишда фуқаролар йиғинлари билан ўзаро ҳамкорликда бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётир.
- Айниқса, кексаларни эъзозлаш, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронлар, эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Қурбон Сариқов. - Жорий йил Давлат дастури доирасида Яккабоғ туманидаги "Саховат" интернат уйи ҳамда Шаҳрисабз туманидаги аёллар Мурувват уйида яшаётган 400 нафарга яқин кексаларга ёстиқ-чойшаб тўпламлари, шахсий гигиена воситалари, кийим-кечаклар берилди. Маҳаллаларда истиқомат қилаётган 100 ёш ва ундан катта ёшдаги фахрийларни жалб этган ҳолда "Аср билан юзма-юз" мавзусида тадбирлар ташкил қилинмоқда. Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, оилавий бизнесларини ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Айни пайтда улар парранда, чорва боқиб, иссиқхона ташкил этиб манфаатдорлик кўрмоқда. Шунингдек, фонд томонидан 20 дан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кексалар ва ногиронларнинг уй-жойларини таъмирлашга моддий ёрдам кўрсатилди.
Бир сўз билан айтганда, маҳаллалардаги тотувлик, иноқлиқ ва фаровонлик мамлакат тараққиётида муҳим ўрин эгаллайди.
Шоҳиста БОЗОРОВА