Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Феруза ЭШМАТОВА

17.02.2017


МАҲАЛЛА: САЙЛОВЧИЛАР МУНОСИБЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЯПТИ

Дарҳақиқат, юртимизда маҳалла институтининг ваколатлари кенгайтирилиб, нуфузи ошиб, олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштироки тобора катта аҳамият касб этиб бормоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан илгари маҳаллий давлат бошқаруви органлари ваколатига кирувчи 30 дан зиёд вазифа муваффақиятли бажариб келинаётгани ана шундан далолатдир.

Айниқса, Президентимиз томонидан  илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқариш билан боғлиқ бўлган ва аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат дастурларини амалга оширишда, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини таъминлаш соҳасида маҳалла институти янада муҳим ўрин эгалламоқда.

Республикамиз халқ хўжалигининг барча соҳаларини ривожлантиришда, ҳудудларни ободонлаштиришдаги маҳалланинг ўрнини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, 2015 йилга келиб республикамизда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллаларда 7062 та “Маслаҳат маркази” ташкил қилинганлигини қайд этиш жоиз.

Албатта, бу каби муҳим вазифаларни самарали амалга ошириш учун фуқаролар йиғинларини малакали раҳбар-кадрлар бошқариши зарур. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги тегишли қарорига асосан жорий йилнинг май-июнь ойларида ўтказилаётган фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловида номзодларни танлашга жиддий эътибор қаратилаётгани ана шундан. Энг муҳими сайловда сайловчилар ҳам замон билан ҳамнафас, фидойилик кўрсатиб, масъулиятни ўз зиммасига оладиган, аҳолининг қалбига йўл топиб, бир мақсад сари сафарбар эта оладиган, ташаббускор ва ташкилотчилик қобилиятига эга номзодларни қўллаб-қувватлашаяпти. Шунингдек, уларнинг маслаҳатчилари ҳам ана шундай фазилатларга эга бўлиши лозимлигига эътибор қаратилмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўтаётган сайловнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари олдида турган  муҳим вазифаларни теран англайдиган, маҳалланинг демократик ислоҳотларни ўтказишдаги ролини ҳис этадиган энг муносиб, масъулиятли ҳамда катта ҳаётий тажрибага, одамлар билан ишлаш ва мулоқот қилишнинг амалий кўникмаларига эга бўлган, эл ичида ҳурмати баланд фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимига сайланишини таъминламоқда. Бу эса шубҳасиз мамлакатни модернизация қилиш ва жамиятни янгилаш борасидаги ғоят муҳим вазифаларни рўёбга чиқаришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг обрў-эътибори ва аҳамияти ошишига ёрдам беради.

Феруза ЭШМАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

Report typo