Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Маҳалла: САЙЛОВЛАР МУҚОБИЛЛИК, ОШКОРАЛИК ВА ҚОНУНИЙЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ АСОСИДА ЎТАДИ

Акмал САИДОВ

03.03.2017


Маҳалла: САЙЛОВЛАР МУҚОБИЛЛИК, ОШКОРАЛИК ВА ҚОНУНИЙЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ АСОСИДА ЎТАДИ

Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан истиқлол йилларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришнинг ўзбекона тизими, таъбир жоиз бўлса, миллий демократия дарсхонаси бўлмиш маҳалла ўз ривожланишининг тубдан янги, юксак босқичига кирди.

Авваламбор, давлатчилигимиз тарихида илк бор “маҳалла” тушунчаси Асосий қонунимизда ўз аксини топиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва конституциявий мақоми қатъий белгилаб қўйилди.

Ҳозирги кунда мазкур конституциявий қоида негизида маҳаллалар фаолиятини ҳуқуқий кафолатлашга қаратилган элликдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд ва улар мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Ушбу қонун ҳужжатларининг ҳаётимизга чуқур жорий этилиши туфайли истиқлол йилларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг ривожига катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2010 йил 12 ноябрда парламент палаталари қўшма мажлисида тақдим этган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ қатор янги қонунлар ишлаб чиқилмоқда.

Айниқса, 2013 йилда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирда қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ҳар икки қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги роли ва аҳамиятини янада оширди. Ўз навбатида, маҳалладек қадимий ва ноёб миллий институтнинг ҳозиргача тўлиқ фойдаланилмаган салоҳиятидан кенг миқёсда самарали фойдаланиш учун қулай имконият яратди.

Хусусан, янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонун асосида 2013 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилди.

Бу жараёнда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини янада такомиллаштириш, раислар ва уларнинг маслаҳатчилари энг муносиб фуқаролар ичидан сайланишини таъминлашга қаратилган янги қоидалар амалда дастлабки синовдан ўтказилгани ва ижобий натижалар яққол кўзга ташланганини қайд этиш ўринлидир.

Истиқлол йилларида ушбу сайловни ташкил этиш бўйича бой миллий тажриба орттирилди. Айни чоғда, Ўзбекистоннинг маҳалла    институти ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги амалий тажрибаси хорижда кенг эътироф этилмоқда.

Энг муҳими, маҳалла тизими самарадорлигини янада ошириш ва юртимизнинг бу борадаги тажрибасини дунё миқёсида тарғиб этишда барча маҳаллалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлим ва бўлинмалари фаол иштирок этмоқда. Бу, шубҳасиз, ушбу тизимнинг тобора такомиллашиб, халқ ишончини оқлаётганини кўрсатади.

Маълумки, фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддати шу йил май-июнь ойларида тугайди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги қарорига мувофиқ, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчиларининг  навбатдаги сайловини ўтказиш муддати 2016 йилнинг май-июнь ойлари этиб белгиланди.

Сайловда мамлакатимиз бўйича 9 минг 764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва оқсоқолларнинг 99 мингдан ортиқ маслаҳатчиси сайланади. Яқинда бўлиб ўтган халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг айни шу масалага бағишланган мажлисида вилоятда бу борада амалга ошириладиган ишлар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Вилоятда 660 оқсоқол ва 6 мингдан ортиқ маслаҳатчи сайланади.

Айни вақтда жойларда сайловни муносиб ўтказишга доир семинар ва семинар-тренинглар ташкил этилаётгани эътиборлидир. Ана шу амалий анжуманларда аҳолини, хусусан, ёшларни ва аёлларни сайлов жараёнига кенг жалб қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ва ҳуқуқий билимларини ошириш чораларини кўриш масалаларига алоҳида урғу берилмоқда.

Бўлажак сайлов Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида сифат жиҳатдан янги, кучли фуқаролик жамияти қарор топаётган социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий шароитда ўтади. Таъбир жоиз бўлса, бу – Истиқлолнинг чорак асрлик қутлуғ тўйи билан бир қаторда, жорий йилдаги энг улкан ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, ушбу сайловни юксак савияда, муқобиллик, ошкоралик ва қонунийлик тамойилларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш ғоятда муҳимдир.

Акмал САИДОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси аъзоси.

Report typo