Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

29.08.2024


Маҳалла тараққиётига муносиб ҳисса

Эътироф

Ғузор туманидаги "Saxovat-1998" масъулияти чекланган жамиятининг раҳбари Имомали Эламанов "Маҳалла тараққиёти учун энг яхши бизнес лойиҳа" республика кўрик-танловида биринчи ўринни эгаллади.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, "Бизнесни ривожлантириш банки" ва Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтказилган бу танловда тадбиркорларнинг янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган бизнес-лойиҳаларига устуворлик берилди. Шу нуқтаи назардан Ғузор тумани Батош қишлоғида жойлашган "Saxovat-1998" МЧЖнинг оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида имтиёзли кредит олиб, текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйгани ва жорий йилда 32 нафар ишсиз фуқаро, шу жумладан, "Аёллар дафтари"га киритилган 3 нафар ва ногиронлиги бўлган 10 нафар хотин-қизнинг доимий бандлигини таъминлаб, тайёр кийим-кечакларни республикамизнинг турли вилоятларига етказиб бераётгани юқори баҳоланди. Ғалаба қозонган ғузорлик ёш тадбиркор чет элда ўтказиладиган халқаро бизнес-форумда иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.

Report typo