Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

24.08.2017


МАҲАЛЛА ТИНЧ БЎЛСА, ЮРТ ТИНЧ БЎЛАДИ

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 24-25 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи давомида Қарши шаҳридаги Гулшан маҳалласида бўлиб, фуқаролар йиғини ва профилактика инспекторининг ҳудудда фаолият олиб бориши учун яратилган шарт-шароитлар билан танишган эди.

Иш янгича тизим асосида йўлга қўйилган ушбу аҳоли пунктида профилактика инспекторининг иш жойи ва уйи ёнма-ён жойлашган. Инспектор хонаси маҳалла ҳудудидаги жамоат объектларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари ёрдамида ҳудудни назорат қилиб туриш имкониятини берувчи монитор билан жиҳозланган. Шунингдек, ходим мавжуд видеоконференцалоқа воситалари орқали зарур йиғилишларда ўз хонасидан туриб иштирок этиш имконига эга. Бу ҳам унинг кўпроқ  вақтини маҳалла ҳудудида ўтказишига имконият яратади.

Давлатимиз раҳбари ушбу иш тизими билан танишиб, профилактика инспекторига яратилган бундай шароитлар барча маҳаллаларда яратилиши, бу уларнинг кечаю кундуз ўзи бириктирилган ҳудудда бўлиб, маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган эди.

- Президентимизнинг кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда, айни пайтда шаҳримиздаги 9 та маҳаллада профилактика инспекторлари учун яшаш уйлари барпо этилди, - дейди Қарши шаҳар ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори, капитан Тўлқин Шодиқулов. - Келгусида бундай уйлар барча маҳаллаларда барпо этилади. Мазкур маҳаллаларнинг профилактика инспекторларига “Матиз” русумидаги хизмат автомашиналари ҳам берилаяпти. Бундан ташқари, шаҳардаги маҳаллаларга кириб-чиқиладиган асосий кўчаларга видеокамералар ўрнатилмоқда. Бу ҳам профилактика инспекторларининг ўз ҳудудига келиб кетаётган бегона машиналар ёки фуқароларни кузатиб боришида катта қулайлик беради. Ҳозирги пайтда 12 та маҳаллада бундай имконият яратилди. Бошқа маҳаллаларга ҳам видеокамералар ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Қарши шаҳрида 62 та маҳалла мавжуд. Илгари уларда 46 нафар профилактика инспектори хизмат олиб борарди. Яъни, 16 нафар профилактика инспектори иккитадан маҳаллага бириктирилган эди. Бу ҳолат уларнинг иш самарадорлигига путур етказар, доимий равишда бир маҳаллада бўлишига имкон бермасди. Тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида эндиликда барча маҳаллаларга алоҳида профилактика инспекторлари тайинланди.

Албатта, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар энг аввало фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, юртимизнинг тинчлик ва осойишталигини сақлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Report typo