Фармонда белгилаб берилган асосий вазифаларни тўртта қисмга бўлиб талқин этиш мақсадга мувофиқдир.
Биринчиси – фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини оширишнинг устувор йўналишлари. Хусусан, фармонда маҳалла институтини янада такомиллаштиришнинг бешта устувор йўналиши белгилаб берилган. Ушбу устувор йўналишлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда маҳалла институтини аҳолига энг яқин кўмакдош тузилмага айлантириш борасида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда ён-атрофимизда диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” деган турли бало-қазоларнинг хавфи тобора кучайиб бораётганидан кўз юмиб бўлмайди. Аксинча, бундай кескин ва таҳликали шароитда маҳалла-кўй ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик билан биргаликда бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада ошириши лозим.
Бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёшларнинг оиладаги хулқ-атворидан тортиб, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларидаги таълим-тарбияни ҳам қамраб олган ҳолда изчил жамоатчилик назоратини амалга ошириши шарт. Шу мақсадда маҳалла фаолларининг ота-оналар билан, мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари, ўқитувчи ва мураббийлар билан узвий ҳамкорликда иш олиб бориш орқали баркамол авлод тарбиясида фаол иштирок этиши тақозо қилинади.
Бунинг учун, албатта, уюшган ёшлар, яъни ишлайдиган фарзандларимиз ва мактаб, коллеж ҳамда лицей ўқувчилари ўртасидаги маънавий-маърифий ишларни тубдан яхшилаш талаб этилади. Айниқса, маҳаллалардаги уюшмаган, яъни вақтинча ишсизлар ва якка тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчилик билан машғул ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Иккинчиси – фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришга қаратилган вазифалар. Яъни, фармонда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига юридик шахс мақомини берган ҳолда, уни фуқаролар йиғинларининг уюшмаси шаклида ташкил этиш назарда тутилган. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарларда тузилган кенгашлар эса Республика кенгашининг таркибий тузилмалари сифатида ташкил этилади.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари зиммасига мазкур Республика кенгаши ва унинг тегишли ҳудудий кенгашларига жамоатчилик асосида раислик қилиш вазифаси юклатилганига эътибор қаратиш зарур. Чунки бу амалий чора, бир томондан, ана шу янги уюшмалар, яъни Кенгашларнинг нуфузи ва мақомини оширишга хизмат қилса, иккинчи томондан, жойларда аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ижро ҳокимияти органларининг раҳбарлари эътиборига етказиш ва мазкур масалаларни ҳал этиш бўйича уларнинг бевосита иштирокини янада кенгайтириш имконини беради.
Учинчиси – фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга доир амалий чоралар. Бунда, авваламбор, мазкур фармон билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қўллаб-қувватлаш борасида 37 та аниқ тадбирни амалга оширишни назарда тутган Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқлангани катта ўрин тутади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болалар спорт майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Маҳаллалар кесимида, чуқур таҳлиллар асосида, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари, талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда тайёрланадиган ушбу дастурларнинг жойларда тўлақонли бажарилиши маҳаллаларнинг ҳар томонлама обод ва фаровон бўлишини таъминлайди.
Маълумки, кейинги беш йилда фуқаролар йиғинларининг 1600 га яқин хизмат бинолари жорий, 367 таси капитал таъмирланди ва 350 дан ортиғи реконструкция қилинди, намунавий лойиҳалар асосида 216 та бино янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, бугунги кунгача юртимизда 50 та маҳалла ўз биносига эга эмас. Фармонда кўрсатилганидек, 2018 йилнинг 1 декабрига қадар туманлар ва шаҳарлар марказларида “Маҳалла маркази” мажмуалари биноларининг намунавий лойиҳалар асосида барпо этилиши бу каби муаммоларнинг ечим топишига олиб келади.
Ҳозир битта маҳаллада 4 нафар ходим ва 8 нафар маслаҳатчи фаолият олиб бормоқда. Қишлоқ фуқаролар йиғинларининг энг йириклари ўзида 7 та маҳалла фуқаролар йиғинини мужассам этса, энг кичик қишлоқ фуқаролар йиғини таркибида 2 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Аммо ҳар икки ҳолатда иш ҳажмлари ўртасидаги фарқ катта эканига қарамасдан, уларда ойлик иш ҳақлари бир хил тўланмоқда. Жойларда маҳалла фаоллари, ҳатто маҳалла раиси ҳам жамоатчилик асосида, яъни ойлик маошсиз ишлаётган ҳоллар мавжуд.
Шу нуқтаи назардан, фармонда маҳалла фуқаролар йиғинларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш бўйича мустақиллигини таъминлаш, ўзини ўзи бошқариш тизимида ортиқча бўғинлардан воз кечиш мақсадида – таркибида маҳаллалар тузилган шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларини маҳалла фуқаролар йиғинларига бирлаштириш ва бўлиш йўли билан қайта ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши кўзда тутилган.
Тўртинчиси – фуқаролар йиғинларининг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар. Фармон ижроси доирасида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар ва бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, фармонда мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар фуқаролар йиғинларининг бандликка кўмаклашувчи туман (шаҳар) марказлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ҳамда молия ва соғлиқни сақлаш органлари билан ўзаро ҳамкорлигини назарда тутадиган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиши зарурлиги қайд этилган.
Яна бир янгилик – фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшган ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларига тақдим этиладиган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этиладиган бўлди. Бу қадам давлатимиз раҳбарининг “жойларда профилактик тадбирларни ташкил этишда маҳалла имкониятларидан самарали фойдаланиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтириш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда фаол қатнашаётган инсонларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши лозим”, деган даъватининг амалий тасдиғидир.
Маҳаллаларнинг жамиятимизда маънавий-ахлоқий қадриятларни, аввало, инсонпарварлик, бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва аҳиллик фазилатларини қарор топтириш, баркамол ёш авлодни тарбиялаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлида қўшаётган беқиёс ҳиссасини эътироф этган ҳолда, бу борадаги ишларни янги поғонага кўтариш давр талабига айланди.
Хулоса қилиб айтганда, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг бошидаёқ Президентимизнинг “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингани маҳаллалар зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Энг муҳими, фармонда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва юксак самарадорлик билан ҳаётга чуқур татбиқ этилиши, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “маҳаллаларнинг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, “адолат тарозиси”га айланиши”ни таъминлайди. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати