Уларда сайланган фуқаролар йиғинлари раисларининг қарийб 92 фоизи олий маълумотга эга ва 97 фоиздан ортиғини 40 ёшдан 60 ёшгача бўлган, катта ҳаёт тажрибаси бор фуқаролар ташкил қилмоқда. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасига кўра, сайлов ўтказилган маҳаллаларнинг 67,5 фоизида йиғинлар раислари ва уларнинг маслаҳатчилари очиқ овоз бериш йўли билан аниқлаб олинди.
Ҳудудлардан олинган маълумотларга кўра, Деҳқонобод ва Миришкор туманларидаги мавжуд маҳаллаларда сайлов тўлиқ ўтказиб бўлинди.
- 36 та маҳаллада бўлиб ўтган сайловда йиғинлар раислари ва уларнинг 330 нафар маслаҳатчиси сайланди, - дейди Миришкор туман кўмаклашувчи комиссияси раиси Аъзам Тўхтаев. -Оқсоқол вазифасига сайланганларнинг 33 нафари олий маълумотли. Йиғинлар раисларининг маслаҳатчилари орасида биринчи маротаба сайланганлар 209 нафарни ташкил қилди.
Деҳқонободда мавжуд 37 та ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ва уларнинг маслаҳатчиларини сайлашда сайловчилар ҳар қачонгидан фаол бўлишди.
- Жорий йилги сайлов фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги анча ошганини кўрсатди, - дейди Деҳқонобод туман кўмаклашувчи комиссияси раиси Эшкелди Маҳсумов. - Маҳаллаларда сайлов қонунда белгиланган тартиб-тамойиллар, демократик руҳда ўтказилди. Бунда вакиллар бой ҳаётий тажрибага эга, маҳалла-кўйнинг иссиқ-совуғидан яхши хабардор бўлган, халқ манфаатларига хизмат қилишга интеллектуал салоҳияти етарли фидойи номзодларга ишонч билдиришди.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳудудда сайланган 37 нафар маҳалла раисининг 31 нафари олий маълумотга эга. 23 нафар раис ушбу лавозимга илк марта сайланган. Сайланган 367 нафар маслаҳатчи ҳам сайловчилар билдирган ишонч аслида катта масъулият эканлигини яхши англаб етган инсонлардир.
Вилоятимиз маҳаллаларида сайлов давом этмоқда.
Шоҳиста БОЗОРОВА